Жаҳон | 14:46 / 08.11.2025
4300
8 дақиқада ўқилади

Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берган Туркия, G20 саммитини бойкот қилган Трамп ва Индонезиядаги масжидда портлаш – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Туркия суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди

Туркия Бош прокуратураси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг ҳукуматидаги юқори лавозимли амалдорларга нисбатан «геноцид» айблови бўйича халқаро қидирув эълон қилди.

Истанбул прокуратураси баёнотида айтилишича, жами 37 нафар шахсга қарши айблов қўйилган. Улар орасида Исроил мудофаа вазири Исроил Кац, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳамда армия бошлиғи генерал Эйол Замир ҳам бор. Тўлиқ рўйхат эълон қилинмади.

Туркия расмийлари уларни Ғазо секторида «тизимли равишда амалга оширилган геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар»да айблади.

Баёнотда, шунингдек, Туркия томонидан Ғазода қурилган ва март ойида Исроил томонидан бомбардимон қилинган «Туркия–Фаластин дўстлик касалхонаси» ҳам тилга олинган.

Исроил бу қарорни «PR шоуси» деб атаб, кескин рад этди.

Ўтган йили Туркия Жанубий Африканинг Халқаро судда Исроилга қарши геноцид бўйича даъвосига қўшилган эди.

Ғазо секторида 10 октябрдан буён Доналд Трамп сулҳ режасининг бир қисми сифатида нозик сулҳ кучда қолмоқда.

Лавров ва Путин муносабатлари ёмонлашдими?

Кремл ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президент Владимир Путин ўртасидаги алоқалар ёмонлашгани ҳақидаги тахминларни рад этди. Бундай миш-мишлар ўтган ой Путин ва Доналд Трамп ўртасидаги саммитни ташкил этиш режалари бекор қилингач пайдо бўлганди.

75 ёшли Лавров — совет давридан бери фаолият юритаётган, қаттиққўл музокарачи сифатида танилган дипломат. У бу ҳафта одатда қатнашадиган йирик Кремлдаги йиғилишда иштирок этмади. Бундан ташқари, Путин келаси ой Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган G20 саммитига уни эмас, бошқа кишини юборишга қарор қилди. Одатда бу рол Лавров зиммасида бўлган.

Икки ҳафтадан бери Ташқи ишлар вазирлиги Лавровнинг сафар режалари ёки келгуси ҳафтадаги чиқишлари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Бу ҳолат Лавров Путиннинг ишончини йўқотгани ҳақидаги тахминларни кучайтирди.

Жума куни журналистлар Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковдан Лавров Путиннинг ғазабига учраганми, деб сўрашганда, у бу фикрларни қатъиян рад этди. «Қисқа жавоб бераман: бу хабарларда ҳеч қандай ҳақиқат йўқ», — деди Песков.

«Албатта. Лавров табиийки, ташқи ишлар вазири сифатида фаолиятини давом эттирмоқда», дея қўшимча қилди у.

Reuters ва бошқа ОАВларнинг ёзишича, янги саммит — Лавров бошчилигидаги вазирлик Украинага оид кескин талабларидан воз кечмаслигини билдирган хабарни АҚШга юборгач, бекор қилинган. Financial Times эса ўз манбасига таяниб, Лавровнинг Рубио билан суҳбати Вашингтонда салбий таассурот қолдирганини билдирди.

Индонезиядаги масжидда портлаш

7 ноябр куни Индонезия пойтахти Жакартадаги масжидда жума намози вақтида содир бўлган портлашлар ўнлаб одамларнинг жароҳатланишига сабаб бўлди. Расмийлар бу ҳодиса ҳужум бўлиши мумкинлигини билдирди, гумондор сифатида эса 17 ёшли ўқувчи аниқланган.

Полиция маълумотига кўра, Келапа Гадинг туманидаги мактаб мажмуасида жойлашган масжидда юз берган портлашдан сўнг 55 киши турли даражада, жумладан, куйиш жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилган. Ҳеч ким вафот этмаган.

Жабрланганларнинг аксарияти ўқувчилар бўлиб, уларнинг айримлари оғир куйиш жароҳатлари олган. Индонезия полиция бошлиғи Листё Прабовонинг айтишича, гумонланувчининг ўзи ҳам жароҳат олган.

Унинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда, жумладан, «гумондор портловчи мосламани қандай тайёрлагани ва ҳужумни қандай амалга оширгани» ўрганилмоқда.

Мактаб ўқувчиларидан бирининг айтишича, портловчи мослама қўпол муомалага учраб юрган ўқувчи томонидан мактабга олиб келинган. Бошқа ўқувчилар уни «ёлғиз юрадиган» шахс деб тасвирлаган.

Жакарта полицияси юқори лавозимли расмийси воқеа жойида қуролга ўхшаш икки ўйинчоқ буюм топилганини тасдиқлади. Антара эълон қилган суратларда уларнинг бири автомат қуролга, бошқаси пистолетга ўхшаб кўринган. Автомат қуролга ўхшаш буюмда Брентон Таррантнинг исми ёзилган.

Брентон Таррант — 2019 йилда Янги Зеландиядаги масжидга ҳужум қилиб, 51 кишини ўлдирган террорчидир.

Расмийлар тергов ҳали давом этаётганини таъкидлаб, жамоатчиликни портлашни «терроризм ҳаракати» деб тахмин қилмасликка чақирди.

Хитойнинг янги авиаташувчиси

Хитойнинг энг янги ва энг илғор авиаташувчиси — «Fujian» кемаси расман хизматга қабул қилинди. Бу Пекиннинг денгиздаги устунлик борасида АҚШ билан рақобатлашиш йўлидаги муҳим босқич сифатида кўрилмоқда.

Хайнан оролидаги ҳарбий портида ўтказилган маросимда Хитой раҳбари Си Жинпинг шахсан қатнашди.

«Fujian» — Хитойнинг учинчи ва ҳозирча энг замонавий авиация кемаси бўлиб, унда электромагнит катапулталар мавжуд. Бу тизим самолётларга оғирроқ қурол ва ёқилғи юкламалари билан учишга имкон беради, натижада улар узоқроқ масофадаги нишонларни уриш имкониятига эга бўлади. Бундай тизимга эга дунёдаги ягона бошқа кема — АҚШ денгиз флотининг «USS Gerald R.Ford» авиация кемаси.

Хитой ОАВларига кўра, «Fujian»да ушбу технологияни қўллаш қарорини шахсан Сининг ўзи қабул қилган.

Парвоз майдонида учта катапулта учириш жойи, шунингдек, Хитойнинг кемадан учириладиган самолётлари намойиш этилган. Шу пайтда Хитойнинг иккинчи авиация кемаси — «Shandong» ҳам яқин атрофда жойлаштирилди.

Айни вақтда Хитой дунёдаги энг катта ҳарбий флотни яратган. Бироқ АҚШ технологик жиҳатдан сезиларли устунликни сақлаб қолган — хусусан, авиаташувчилар сони ва имкониятлари жиҳатидан.

АҚШ кемалари ядровий реактор билан ишлайди, бу уларга портга қайтмасдан денгизда узоқ муддат қолиш имконини беради. «Fujian» эса анъанавий ёқилғида ишлайди, демак у вақти-вақти билан портда тўхташи ёки денгизда танкер орқали ёнилғи олиши керак.

АҚШ G20 саммитини бойкот қилмоқда

7 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп «бу ой охирида Жанубий Африкада ўтказиладиган «Катта йигирмалик» (G20) саммитида ҳеч бир америкалик расмий иштирок этмаслиги»ни эълон қилди. Бунга у мамлакатда «инсон ҳуқуқлари бузилаётгани»ни сабаб қилиб кўрсатди.

«G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши мутлақ шармандаликдир. Африканерлар — голланд, француз ва немис муҳожирларининг авлодлари ўлдирилмоқда, сўйилмоқда, уларнинг ер ва фермалари ноқонуний тарзда тортиб олинмоқда. Инсон ҳуқуқлари бузилиши давом этар экан, ҳеч бир АҚШ ҳукумати расмийси саммитда иштирок этмайди», — деди Трамп Truth Social платформасидаги постида.

Трампнинг таъкидлашича, қора танлилар кўпчиликни ташкил этувчи Жанубий Африкада улар ирқий таъқибга учрамоқда. Бироқ Жанубий Африка ҳукумати бу даъволарни рад этган.

Ўтган ой президент АҚШга қабул қилинадиган қочқинлар сони учун тарихдаги энг паст квотани белгилаган ва бу квотанинг асосан оқ танли африкаликларга қаратилишини айтган эди.

Жорий йил бошида АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам Жанубий Африкада ўтган G20 ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашишдан бош тортганди.

Трамп аввал ҳам Жанубий Африканинг ички ва ташқи сиёсатларини танқид қилиб келган. Хусусан, ЖАРнинг ер ислоҳоти сиёсати ҳамда Ғазо урушида АҚШнинг иттифоқчиси бўлган Исроилга қарши геноцид даъвоси қўзғатгани учун танқид қилиб келади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид