Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ ва Исроил Эрон билан зарбалар алмашди

АҚШ ва Исроил Эроннинг энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга бўлган иккита йирик пўлат ишлаб чиқариш заводини нишонга олди. Эроннинг ярим расмий Fars агентлиги хабар беришича, воқеа жойига фавқулодда вазиятлар бўлинмалари етиб келган. Ҳодиса тафсилотлари бўйича қўшимча маълумотлар кейинроқ очиқланади.

Исфаҳон вилояти ҳокими Меҳди Жамалинежад ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва 15 киши жароҳатланганини билдирди.

Шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилоти Бушер атом электр станциясига номаълум снаряд келиб тушганини билдирди. Ташкилотга кўра, бу иншоотга қилинган учинчи ҳужум, бироқ қурбонлар ёки жиддий зарар ҳақида хабар берилмади.

28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши қўшма ҳужум бошлаганидан бери минтақавий кескинлик тинмаяпти. Ўшанда бошланган амалиётлар натижасида Эроннинг ўзида 1300 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди.

Теҳрон бунга жавобан Исроил, Иордания, Ироқ ва АҚШ ҳарбий объектлари жойлашган Форс кўрфази давлатларига қарши кетма-кет дрон ва ракета зарбаларини йўлламоқда.

Хусусан, 27 март куни Эроннинг Саудия Арабистонидаги Prince Sultan авиабазасига берган ракета зарбаси натижасида 10 нафар америкалик ҳарбий яраланган, улардан икки нафари оғир аҳволда. Шунингдек, АҚШнинг бир нечта ёнилғи қуйиш самолётларига зарар етган. Ушбу ҳужумда Эроннинг дронлари ҳам қатнашган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, Эрон билан тўрт ҳафталик уруш давомида 300 нафардан ортиқ АҚШ ҳарбийлари жароҳатланган.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио уруш яна «икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача» давом этиши мумкинлигини ва урушдан кейинги асосий муаммо — Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган кемаларга бож (тўлов) жорий этишига йўл қўймаслик бўлишини айтди. У бундай ҳаракатни «ноқонуний» ва «дунё учун хавфли» деб тавсифлади.

Путиндан бизнес учун «уруш солиғи»

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг йирик тадбиркорлари билан ўтказилган ёпиқ учрашувда бюджетга ихтиёрий бадаллар киритишни таклиф қилмаган, бироқ ушбу ғояни қўллаб-қувватлаган. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.