Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрондаги уруш давом этмоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба кунги баёнотида Эроннинг янги раҳбарлари «жуда оқилона» эканини айтди. «Ўйлайманки, биз улар билан келишувга эришамиз, бунга жуда аминман, лекин эриша олмаслигимиз ҳам мумкин», деди Трамп «Air Force One» бортида.
Трампнинг айтишича, олдинги ўлдирилган раҳбарлардан кейин у Теҳронда режим ўзгаришига аллақачон эришилган деб ҳисоблайди. Бироқ уларнинг ўрнини босганлар «оқилона» кўринаётганини икки марта таъкидлади.
Покистон ташқи ишлар вазири Исъҳоқ Дар Исломободда АҚШ–Эрон ўртасидаги эҳтимолий музокаралар бўлишини айтди. «Покистон яқин кунларда икки томон ўртасида давом этаётган можарони ҳар томонлама ва барқарор ҳал қилиш учун мазмунли музокараларга мезбонлик қилиш ва уларга кўмаклашишдан шарафланади», деди у. Аммо АҚШ ва Эрон унда иштирок этишга рози бўлгани аниқ эмас.
Аввалроқ АҚШ минтақага USS Триполи ҳарбий кемасида 3,5 мингга яқин ҳарбий етиб келганини маълум қилганди. ОАВлар Пентагон Эронда бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган қуруқликдаги операцияларга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзган. Шу билан бирга, Доналд Трамп ушбу операцияни маъқуллаш-маъқулламаслиги ҳозирча аниқ эмас.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф эса, агар АҚШ аскарлари жойлаштирилса, Теҳрон жавоб қайтаришга тайёрлигини айтди.
«Эрон қўшини Америка аскарлари тупроғимизга қадам қўйишини ва уларнинг устига олов ёғдиришни кутиб турибди», деган Ғолибоф.
У Эрон таслим бўлишни истисно этди ва Теҳроннинг позицияси «аниқ»лиги ҳамда мамлакат «камситишлар»ни қабул қилмаслигини билдирди.
Исроил эса Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ҳар қандай эҳтимолий музокаралар олдидан Эронга қарши ҳужумларни камайтириш нияти йўқлигини ва зарбалар беришда давом этишини айтди.
Хусусан, Исроил ҳарбийлари якшанба оқшомигача бўлган 24 соат ичида Эроннинг марказий ва ғарбий қисмларига, жумладан, Теҳронга 140 дан ортиқ ҳаво зарбалари берган. Ҳужумларда баллистик ракеталарни учириш майдончалари ва сақлаш омборлари нишонга олинган.
Эрон давлат ОАВ зарбалар Меҳробод аэропорти ва шимолий Табриз шаҳридаги нефт-кимё заводига текканини хабар қилди.
















