Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроилда фаластинликларга ўлим жазосини белгиловчи қонун қабул қилинди

Исроил парламенти – ҳарбий судларда қонли ҳужумлар содир этишда айбдор деб топилган фаластинликларга ўлим жазосини белгиловчи қонунни қабул қилди.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, қонун фақат «Исроил мавжудлигига чек қўйишни» мақсад қилган ҳужумларни содир этганларга нисбатан қўлланади. Бу эса ўлим жазоси фаластинликларга нисбатан қўлланишини, лекин шунга ўхшаш жиноятларни содир этган исроилликларга нисбатан қўлланмаслигини англатади.

Ушбу чора ҳукм чиқарилганидан кейин 90 кун ичида осиш орқали қатл этишни талаб қилувчи қоидаларни ўз ичига олади. Баъзи кечиктиришларга рухсат берилади, бироқ афв этиш ҳуқуқи мавжуд эмас. Қонун ўлим жазоси ўрнига умрбод қамоқ жазосини тайинлаш имкониятини ҳам кўзда тутади, бироқ бу фақат ноаниқ «махсус ҳолатларда» қўлланиши мумкин.

Исроил 1954 йилда қотиллик учун ўлим жазосини бекор қилган эди. Ғарбий соҳилдаги ҳарбий судлар ҳозиргача ҳам фаластинлик айбдорларни ўлимга ҳукм қилиш ваколатига эга, бироқ улар амалда бундай қилмаётганди.

Ушбу қонун лойиҳаси ўта ўнг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир томонидан илгари сурилди. У овоз бериш арафасида сиртмоқ — дор шаклидаги нишон тақиб юрган.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ушбу қонунчиликни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ва фаластинликларни қўрқитишга қаратилган муваффақиятсиз уриниш деб қоралади.

Исроилдаги Фуқаролик ҳуқуқлари ассоциацияси ушбу қонун устидан Исроил Олий судига апелляция берганини маълум қилди. Исроилнинг B'Tselem ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳи Ғарбий соҳилдаги ҳарбий судларда айбдор деб топиш даражаси 96 фоизни ташкил этиши ва иқрорлик кўрсатмалари қийноқлар орқали олинишини айтиб келади.

Уруш давом этмоқда. Трамп араблардан пул олмоқчи

30 март куни Эрон Дубай қирғоқларида хом нефт билан тўла танкерга ҳужум қилди ва уни ёқиб юборди. Кувайт байроғи остидаги «Ал-Салми» кемасига қилинган ушбу ҳужум — Ҳўрмуз бўғозида савдо кемаларига қилинган навбатдаги зарба бўлди.