Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрондаги уруш давом этмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни Оқ уйдаги йиғилишда агар Эрон келишувга рози бўлмаса, босимни ошириш билан таҳдид қилди. Бироқ кейинчалик ижтимоий тармоқларда Эроннинг энергетика объектларига ҳужумларни 6 апрелгача — яна 10 кунга тўхтатиб туришини эълон қилди.

«Музокаралар давом этмоқда, «Fake News» ОАВлари ва бошқаларнинг зид баёнотларига қарамай, улар жуда яхши кетмоқда», деб қўшимча қилди Трамп.

Шунингдек, Трамп агар Эрон Ҳўрмуз бўғозини очиш ва ядровий дастурини якунлашга рози бўлмаса, АҚШ Эроннинг «энг даҳшатли тушига» айланишини айтди. У Эрон нефти устидан назоратни қўлга олиш ҳам вариантлардан бири эканини айтди, бироқ тафсилотларни келтирмади.

Пентагонга кўра, АҚШ Эронга қарши операциялар доирасида патруллик қилиш учун учувчисиз дрон-катерларни сафарбар қилган. Бу Вашингтоннинг фаол можарода бундай кемалардан фойдаланаётганини биринчи марта тасдиқлашидир.

Шу билан бирга, Трамп Эронга музокараларда хайрихоҳлик белгиси сифатида 10 та нефт танкерини, жумладан, Покистон байроғи остидаги баъзи кемаларни Ҳўрмуз орқали ўтказиб юборишни таклиф қилди.

Эрон эса Вашингтон билан музокаралар олиб бормаётганини айтган. Хусусан, эронлик мулозимнинг Reutersʼга маълум қилишича, Покистон орқали Теҳронга етказилган АҚШнинг таклифи Эроннинг юқори мартабали мулозимлари ва Олий раҳбар вакили томонидан батафсил кўриб чиқилган. Улар бу таклиф – фақат АҚШ ва Исроил манфаатларига хизмат қилади, деган хулосага келган.

Бироқ дипломатия ҳали якунланмади. Покистон ташқи ишлар вазири АҚШ ва Эрон ўртасида «билвосита музокаралар» кетаётганини, Туркия ва Миср каби бошқа давлатлар ҳам воситачилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганини айтди.

Эрон манбаларига кўра, уруш бошланганидан бери Эрон ўз позициясини қатъийлаштирди ва келажакдаги ҳарбий ҳаракатларга қарши кафолатлар, йўқотишлар учун товон пули ва бўғоз устидан расмий назоратни талаб қилмоқда.

Исроил Эроннинг денгиз флоти қўмондонини ўлдирди

26 март куни Исроил Ҳўрмуз бўғози блокадасига раҳбарлик қилган Эрон ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони ўлдирилганини билдирди. Мудофаа вазири Исраэл Кацнинг сўзларига кўра, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари раҳбари Алиризо Тангсири «Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш учун бевосита жавобгар» бўлган ва у «портлатиб юборилган».