Ўзбекистон | 21:50 / 04.04.2025
5383
5 дақиқада ўқилади

4 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдаги янги босқич, минтақавий лойиҳаларга чорланаётган Афғонистон, Қўқонда ис газининг қурбонлари ва тасвирга олиш учун розилик масаласи — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

ЕИ билан ҳамкорликдаги янги босқич

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммитида Европа билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

У стратегик шериклик тўғрисида битим имзолашни, минтақавий саноат парклари ва «яшил» энергетика бўйича лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.

Мирзиёев, шунингдек, Тошкентда инвестиция форуми ва туризм сессияси ўтказиш, Афғонистонда тинч тараққиётга кўмаклашиш ва хавфсизлик бўйича мулоқотни кучайтиришни муҳим деб ҳисоблади.

Мирзиёев халқаро ва минтақавий кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича умумий позицияларни ишлаб чиқиш учун ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари учрашувларини доимий ўтказиб бориш; парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ва «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» парламентлараро ҳамкорлик форумини таъсис этиш ҳамда унинг илк тадбирини шу йил кузда Ўзбекистонда ўтказиш; етакчи таҳлил марказлари ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф этди.

Саммит якунида стратегик шериклик ва муҳим минераллар бўйича декларациялар қабул қилинди.

Мирзиёев: «Афғонистон таҳдиди етарлича баҳоланмаяпти»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммитида халқаро ҳамжамият Афғонистондан келаётган хавф-хатарларга етарлича баҳо бермаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра терроризм, радикализм ва наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашда Европа ҳамкорлиги муҳим.

Мирзиёев Афғонистонни минтақавий лойиҳаларга, хусусан, инвестиция ва инфратузилма соҳаларига фаол жалб этиш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари халқаро ҳамжамиятни амалдаги афғон ҳукумати билан конструктив мулоқотга чақирди.

Шунингдек, «Марказий Осиё – ЕИ» форматида Шериклик қўмитасини таъсис этиш ва саммитда илгари сурилган ташаббуслар бўйича «Йўл харитаси»ни бир ой ичида тайёрлаш таклиф қилинди. Мирзиёев Европа раҳбарларини Марказий Осиёнинг масъулиятли шерик эканига ишонтиришга муваффақ бўлганини қайд этди.

«Музокаралар Украинада тинчликнинг ягона йўли»

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтказилган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммитида Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича бошланган музокараларни олқишлади. У халқаро ҳуқуққа содиқликни таъкидлаб, дипломатик ҳаракатлардан бошқа йўлни кўрмаётганини билдирди.

«Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи анъанавий шериклар бўлиб, ўзаро яқин ҳамкорлик учун талаб фақат ўсиб бормоқда. Биз ҳам Европа томони каби халқаро ҳуқуқнинг тамойил ва меъёрларига содиқлигимизни билдирамиз», — деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари учрашув глобал беқарорлик, геосиёсий зиддиятлар ва иқтисодий таҳдидлар даврида ўтаётганини қайд этди. У Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини, ҳеч бир минтақа бу каби мураккаб муаммоларни ёлғиз ҳал қила олмаслигини билдирди.

Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари Европа билан анъанавий шерик эканини эслатиб, ўзаро яқин алоқаларни янада чуқурлаштиришга чақирди.

Қўқонда 4 киши ис газидан вафот этди

Қўқон шаҳридаги хонадонда ис газидан заҳарланиш оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси вафот этди. Ҳодиса 2 апрел куни тонгда Қаймоқли гузар маҳалласида содир бўлди. Эр-хотин ва уч нафар вояга етмаган фарзанд бир хонада ухлаётган бўлган.

Уй эгаси – 1991 йилда туғилган эркак шифохонага ётқизилган. Унинг турмуш ўртоғи ҳамда 7 ва 1 ёшли ўғиллари, шунингдек, 6 ёшли қизи вафот этган.

Бош прокуратура матбуот котиби ҳодисани тасдиқлади. Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. Аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат Қарши шаҳрида ҳам қайд этилган эди.

Тасвирга олиш учун розилик масаласи

Адлия вазирлиги инсон тасвирига бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш мақсадида тасвирга олиш ва ундан фойдаланишга розилик олишни мажбурий қилиш таклифини билдирмоқда.

Лойиҳага кўра, шахсни тасвирга олиш ёки тарқатиш фақат унинг розилиги билан амалга оширилиши керак. Бироқ жамоат жойларида, оммавий тадбирларда, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ёритишда, давлат хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ тасвирларда розилик талаб этилмайди.

Лойиҳанинг қабул қилиниши сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларини кучайтиради. Хусусан, ОАВ вакиллари қонуний фаолиятини тўсқинликсиз амалга ошириши учун зарур бўлган барча ҳоллар ва жойларда ҳеч қандай розиликсиз кишиларни тасвирга олиши мумкинлиги қатъий белгиланмоқда.

Бу қадам сўз эркинлигига эмас, балки шахсий дахлсизликни кафолатлашга қаратилган. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан ўтди ва Олий Мажлисга киритилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид