15:00 / 09.10.2018
56906

Ўзбекистондаги биринчи АЭС Тўдакўл яқинида қурилади

Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидаги атом электр станцияси (АЭС) Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тўдакўл сув омбори яқинида қурилади. Бу ҳақда «Kun.uz» мухбири Ўзбекистон Фанлар академияси Ядровий физика институти директори ўринбосари Илҳом Содиқовга асосланиб хабар берди.

Фото: Илҳом Содиқов

Унинг айтишича, аввалига АЭС учун Ўзбекистон бўйлаб 70та майдон, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ташқари Фарғона водийси ҳамда Сурхондарё вилоятидаги нуқталар ўрганилган, шу йилнинг мартида 10та ҳудуд танлаб олинган. Якунда сараланган вариантлар орасидан Тўдакўл кўли вариантида тўхталинган.

Илҳом Содиқов Тўдакўлни АЭС қурилиши учун зарур ресурслар етказиб берилишига энг қулай, хавфсизлик жиҳатидан энг маъқул жой сифатида таърифлаган.

 Навоий вилояти ҳудудидаги Тўдакўл сув омбори Бухоро шаҳридан 26 км шарқдаги табиий сойликда, Қуйимозор сув омборининг жануби-ғарбида барпо этилган, 1968 йилда ишга туширилган

Сув омбори 1977 йилда реконструкция қилинган. Тўлиқ ҳажми 800 млн. м³. Сув юзасининг майдони 17,5 км², ўртача чуқурлиги - 4,8 м. Тўғони баландлиги 4 м, максимал сув чиқариш имконияти 46,0 м³/сек. Ўртачўл канали орқали Зарафшон дарёсининг ортиқча сувларини жамғаради, Аму-Бухоро машина канали орқали Амударёдан тўлдирилади. Каналнинг этак қисмидаги ерларни қўшимча сув билан таъминлайди. Туташтирувчи канал орқали Қуйимозор сув омборига сув беради. Тўдакўл сув омбори суви қисман минераллашган, сув омборида балиқчилик хўжалиги бор.

Тўдакўл кўли ва Қуйимозор сув омбори ҳудудида ҳозирда 34 хил ўсимлик ўсади ва улардан 8 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, 12 тури эса Марказий Осиё эндемикаси саналади.

Ўзбекистон ва Россия атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни 2017 йил декабрида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганидан кейин бошлаган эди.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати, «Росатом» корпорацияси ва Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) атом электростанциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича келишув устида иш олиб бормоқда.

«Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв май ойи охирида Тошкентга келганида Ўзбекистондаги биринчи АЭС Навоий вилоятида қурилиши мумкинлигини айтганди. Ўшанда бу АЭС катта эҳтимол билан асосий қисми Навоийда жойлашган Айдаркўл кўли яқинида қурилиши айтилганди.

«Росатом» Ўзбекистонда «3+» ВВЭР-1200  замонавий авлод станцияларини қуришни таклиф қилган. Мазкур комплекс 2та энергоблокдан иборат, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлади. Атом электр станцияси учун дунёдаги энг хавфсиз ва замонавий эгергоблок танлаб олинган. Уни 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган. Россияликларнинг Бангладешдаги худди шундай станцияни қуриш лойиҳаси тахминан 13 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган. Ўзбекистондаги лойиҳа қиймати 10 миллиард доллар атрофида бўлиши кўзда тутилган.

Сентябрь ойида Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи давомида ушбу мамлакат Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишида ёрдам кўрсатишини маълум қилганди.

Жорий йилнинг июлида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаганди. Фармонга кўра «Ўзатом» агентлиги ташкил этилган.

Мавзу
Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши
Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда биринчи Атом элект станцияси қурилиши бўйича ҳаракатлар бошланди
Барчаси
Top