Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент қарори: Боғча ходимлари маоши оширилади, айрим ҳудудларда боғча тўловлари пасайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3571-сонли «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.
Ушбу қарор узлуксиз таълим ягона тизимининг муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш, юқори малакали кадрларни, шу жумладан, ёш битирувчиларни жалб этиш, жамиятда давлат мактабгача таълим муассасалари педагогларининг нуфузини ошириш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари айрим тоифаларининг 2018 йил 1 мартдан бошлаб – мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 30 фоизга, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда – 30 фоизга, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 20 фоизга, мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 10 фоизга табақалаштириб оширилади.
Бунинг натижасида давлат мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қилаётган жами 93555 нафар ходим, шундан 4908 нафар мудир, 3924 нафар олий маълумотли тарбиячи, 39523 нафар ўрта махсус маълумотли тарбиячи, 673 нафар методист, 3765 нафар дефектолог, 1450 нафар психолог, 33259 нафар тарбиячи ёрдамчиси ва 7503 нафар мусиқа раҳбарининг иш ҳақлари сезиларли даражада оширилади.
Ушбу қарорда 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб олий маълумотга эга бўлган тайёрлов гуруҳи (5 ёшдан 6-7 ёшгача) тарбиячиси меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари миқдори умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштирилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, қарор билан мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида ҳамда қишлоқ жойлардаги аҳоли турмуш даражасини инобатга олиб, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида 2023 йилнинг 1 январигача ота-оналар бадал тўлови миқдорини 50 фоизга камайтириш назарда тутилган.
2018 йил 1 мартдан бошлаб давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбиячининг ёрдамчиси меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилда ушбу қарорга мувофиқ давлат таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини ошириш бўйича қўшимча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига молиялаштирилишини таъминлаб, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу харажатларни назарда тутади, давлат мактабгача таълим муассасаларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармасини шакллантиришга қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг қатъий равишда 15 фоизи миқдорида қўшимча маблағлар ажратилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси маблағларидан мақсадли ва манзилли фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатади, давлат мактабгача таълим муассасалари харажатлари сметаларида улар алоҳида сатрда ажратилишини назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорининг 32-иловасига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Мавзуга оид
16:51 / 30.09.2025
Тошкент вилоятида шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси уйга қайтди
13:53 / 29.09.2025
Тошкент вилоятида шифохоналарда даволанаётган болалар сони 38 нафарни ташкил этмоқда
22:40 / 27.09.2025
Заҳарланган мингта мурғак ва дунёда йўқ АЭС — ҳафта дайжести
15:15 / 27.09.2025