Абдуқаҳҳор Муллажонов Тошкент вилояти прокурорига ўринбосар бўлди
Марказий банкнинг собиқ раҳбари Файзулла Муллажоновнинг иккинчи ўғли Тошкент вилояти прокурорига ўринбосар бўлди. У 2021 йилдан буён Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари эди.
Адлия катта маслаҳатчиси Абдуқаҳҳор Файзуллоевич Муллажонов Тошкент вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда бош прокурорнинг тегишли буйруғи чиқарилган.
Абдуқаҳҳор Муллажонов 1976 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирда юридик университет) тамомлаган.
Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2002 йилда Мирзо Улуғбек тумани прокуратурасида бошлаб, Тошкент шаҳар прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2004 йилдан Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим катта терговчиси, кейинроқ Сергели туман прокурори лавозимларида фаолият юритган.
2017–2018 йилларда Бектемир тумани прокурори лавозимида ишлаган.
У 2018 йил июлида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган, 2021 йил апрелидан буён Сирдарё вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.
- Маълумот учун, Абдуқаҳҳор Муллажонов Ўзбекистон Марказий банкига 1991 йилдан 2017 йил майига қадар (вафотигача) раҳбарлик қилган Файзулла Муллажоновнинг иккинчи ўғлидир.
- Эслатиб ўтамиз, 2023 йил июлида Тошкент вилоят прокурори Шавкатжон Раҳимов ишдан олинган, августда бунгача Андижон вилояти прокурори бўлган Сирожиддин Эшқувватов Тошкент вилояти прокурори лавозимини эгаллаганди.