Ўзбекистон | 17:53 / 16.09.2025
14155
18 дақиқада ўқилади

Аутсорсинг, тендер ва болалар ҳақи: давлат боғчаларида озиқ-овқат таъминоти қандай ташкил қилиняпти? 

Республиканинг деярли барча ҳудудларида давлат мактабгача таълим ташкилотларини озиқ-овқат билан таъминлаш аутсорсинг фирмаларга тақсимланмоқда. Хўш, тендерлар қандай ўтди, уни ютганлар ва ютолмаганлар нима дейишмоқда? Kun.uz суриштирувида шу ҳақда сўз боради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳукуматнинг шу йил январдаги 1-сон қарори асосида давлат боғчалари аутсорсинг асосида овқатлантирилиши тартиби белгиланди. Янги тартиб билан август ойида жойларда тендерлар ўтказилди.

Иштирокчилар иш тажрибаси, молиявий қарздорликлари, инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида бор ёки йўқлиги, техник топшириқ ва тендер ҳужжатлари талабларига мослигига қараб танланади.

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек, қонун асосида, шаффоф ва тўғри ўтгандек кўриниши мумкин. Аммо мана шу тендерда қатнашган тадбиркорлардан бири айрим вилоятларда яширин ишлар бўлаётганини иддао қилмоқда. Kun.uz ихтиёрига келиб тушган аудиода тендерлар коррупцион элементларнинг эҳтимолий аралашуви билан ўтганига ишора беради.

Тендер шартлари бузилганми?

Яқинда Самарқанднинг давлат боғчаларига музлатилган ва сифати бузилган гўшт маҳсулотлари тарқатилгани маълум бўлганди. Таҳририят мухбири вазиятни ўрганиш чоғида болаларга музлатилган гўшт бериш мумкин эмаслигини, бу амалдаги Санпин қоидаларига зид эканини аниқлаганди.

Қолаверса, таъминотчи корхона (аутсорсинг) вакили мудирага босим қилиб, “керак бўлса бошқа нарса ҳам берасиз”, дегани ҳам кузатилган.

2021 йилдан бери 20 та боғчага аутсорсинг хизматини кўрсатиб келган ва шахси сир қолиши шарти билан интервю берган фуқарога кўра, республиканинг деярли барча ҳудудларида аутсорсерларга шундай ишлаш топшириғи берилган.

Суҳбатдошимиз бу йил август ойида ўтган тендерда ғолиб чиқа олмаганини айтаркан, қоидалар танлов жараёнидаёқ бузилганини билдирди.

Тендер талаби бўйича биз 100 фоиз ҳамма ҳужжатни қилиб топширганмиз. “Залоговий” суммаси ва ичида сўрайдиган [ҳужжатлари бор]. Тендерга қатнашадиган иштирокчига қўйилган талабда аутсорсингда ишлаган бўлиши керак, деган жойлари бор. Чунки бизнинг фирмамиз ишлаб турган. Ишлаб турган жойимиздан биз киряпмиз. Лекин бизга нол балл бериб, чиқариб юборяпти. Нима асос? Биз бу бўйича мурожаат қилдик, ҳеч ким жавоб ҳам бергани йўқ.

Иккита фирма кирди: ғолиб, захира ғолиб. Иккаласи ҳам бир одамники. Асли тагини кўтариб келсангиз, иккаласи ҳам бир одам. Ҳозирги кунда ғолибни кимдир йиқитса, захира ғолиб ҳам ўзи”, - деди тадбиркор.

Унинг қўшимча қилишича, вилоятдаги (қайси вилоят экани таҳририятга маълум) барча туманлар тагидан эгаси битта бўлган ва тендерда фақат гувоҳнома билан қатнашган фирмаларга берилган.

Бу нариги ютиб олган фирманинг ҳужжатини кўрамиз деяпмиз. Мана, тендерни ҳозир шундай очиб кўрсак, E-tender’га кирсангиз, кўрасиз. Бизнинг фирмамиз ҳужжатини очиб кўрсангиз, ҳамма ҳужжатни кўра оласиз. У фирманикини очиб кўраман десангиз, битта гувоҳнома бор, бошқа ҳеч нима йўқ.

Мен бориб туриб ўша ютиб олган фирма билан гаплашганман. Чунки чақиртирган, келинг, бир сиз билан ҳам ишлашайлик, деган. Борганман. Борганимда менга айтганки, “сиз нима ҳужжатлар топширдингиз?” Мана, мисол, ҳар битта берадиган маҳсулотингиздан намуна сўраган. Вазирликнинг камерасини қайтариб кўрса, бизлар ҳақиқатан шунча намуналарни олиб борганмиз. Лекин ютган фирма бирор нарса олиб бормаган.

Чунки ўзининг оғзидан айтиб турибди: “биз ҳеч нима олиб бормаганмиз”, деяпти. Биз пулини бердик, бўлди, деяпти. Хоҳласангиз, мана олинг, ишланг, деяпти. “Қандай ишлаймиз?” десам, “ҳа, бизга мана шунақа 40 фоиз пулини берасиз”, деяпти. Унга 40 фоиз пул берса, у болага ҳеч нима бормайди-ку!” – дейди суҳбатдош.

Америкадан келган “кал бува” кўп нарсани ҳал қилиб кетади

Тадбиркор ғолиб компания вакили билан ёзиб олинган суҳбатни Kun.uzʼга тақдим этди. 57 дақиқалик аудиоёзувда суҳбатдош вилоятдаги барча боғчаларга аутсорсер эканига ишора қилиб, коррупцион схемани очиб берган. Қуйида диалогнинг айрим муҳим қисмлари келтирилади.

“– Ҳозир сиз … дан бошқа вилоятни ҳам олдингларми ёки фақат … ми?

– Йўқ, фақат …

– Бошқа вилоятларни олмадингизми?

– Йўқ. Жиззахга таклиф берди. У ерда ким бориб ишлайди, ака? Жиззахда битта … лик акамиз бор, … ака. Бутун Жиззах вилоятини [олган].

– У ҳам катта тадбиркор экан-да, “значит”, битта вилоятни олган бўлса.

– Ҳа, у одам Тошкентда ишлайди.

– Нима иш қилади?

– Шу, тадбиркор, аутсорсинг.

– Тошкент шаҳридами?

– Тошкент шаҳрида, туманида – ҳамма жойида. Энди ўзингиз ҳам бундай кўриб билсангиз, энди ҳаммамиз кўчанинг боласи. Билиб юрасиз-ку. Балога қолган пул-да…

– Мен ўзим олиб бориб ҳужжатлар топширдим, видеороликлар қилдик, маҳсулотлар олиб бориб топширдик, шунча “расход” қилиб, шунча ҳаракат қилиб…

– Пирхонада ўтирибмиз, ёлғон гап йўқ. Ҳеч нарса топширганимиз йўқ. Фирмаларинг аутсорсингда ишлаган экан-ку. Гаплашиб одамини топганда, минг фоиз ўтарди. “Тем более” ҳозир ишлаб турган экан.

– Шундай-да, ишлаб турган.

– Ану бўлимдан битта шундай хат олса, ишлаб турибди, дейилган.

– Олинган, бор хат.

– Энди у ер билан гаплашмаганингиздан кейин бу бўлимдан 50 та хат олмайсизми, ака, фойдаси йўқ-ку.

– Энди, шуни айтяпман-ку, Америкадан келган “кал бува” кўп нарсани ҳал қилиб кетади.

– Шундай-шундай, ака.

– Буларнинг орқасида … лар турибди, ака.

– Йўғэ?

– Ҳа.

– Ие, … лар ҳам? Бу боғчага ҳам?

– Бизларнинг устимизда ҳам битта ака бор, ўша ака ҳаммасини юргизиб туради.

– Ким у ака? … ликми?

– Йўқ, йўқ, у республикадан.

– Вазирликда ишлайдими?

– Йўқ, йўқ, бошқа жойда”, – дейилган суҳбатда.

… исмли кимса тендерда ютқазган тадбиркорга бирга ишлашни таклиф қиларкан, аутсорсингдан тушадиган пулнинг бир қисми Тошкентга олиб борилишини, “каттакон”ларга берилишини, шундай келишилганини айтган.

Энди 10 кг эмас, 6 кг гўшт соламиз-да”

“– У ер билан 22 га гаплашилган. Юқори билан.

– 22?

– Ҳа.

– 22 фоизми?

– Ҳа. Бу дегани, ҳозир мана, 15 фоиз сизга ташлаб берилади-ку, 15 фоиз, сиз киссангиздан харажат қилиб, яна 7 фоиз қўшиб туриб уларга бериладиган пул.

– Ие, ҳозир 22 фоиз ишлаб турибсиз-ку, сиз 22 фоиз даромад кўряпсизми? Мен 22 фоиз даромад кўрганим йўқ ҳозир.

– Қаранг-да, ҳозир сиз тендерда ютган бўлсангиз, хизмат фоизига 29,5 фоиз устама билан ўтгансиз. У дегани, ҳозир сиз неча пул оляпсиз аутсорсингда битта болага, бир кунлигига?

– 16 500 сўмдан 18 фоиз устамаси ичида.

– Ҳа, устамаси ичида. Ҳозир бунда 24 500 сўм бўлади, битта боланики.

– 24 500 сўм бўлар… бўлимда унақа пул йўқ-ку, бюджетда.

– Энди у пул беради-да. Республика берадими, бошқа жой берадими, уларга унинг қизиғи йўқ. 24 500, 23 000, ана шундайдан битта болага пул берилади.

– Бўпти, 23 500 сўмдан уринг. Бизнинг “район”да, айни вақт 4 700 та бола бор.

– Йўқ, сиз тўғри тушунинг, ака. Бу биз қўйган қоида, шарт ёки биз қўйган нарса эмас. Бу бутун республика миқёсида бўлган нарса. Масалан, мана, ўзингиз қайси вилоятда танишингиз бор, аутсорсингда ишлаган?

– Йўқ, ҳеч қайси вилоятда йўқ танишим.

– Масалан, Навоийга ўтди, масалан-да. Бухоро ҳам ўтгани йўқ. Тошкент бор, ўтиб кетди “полности”. Тошкентдан сўранг. Сирдарё ўтиб кетди, Сирдарёдан сўранг. Сурхондарё ўтиб кетди, водий ўтиб кетди, Жиззах ўтиб кетди. “Любой”идан сўранг-а, ака. Шундай борасиз, шундай кўриб, шундай кирасиз, шундай гапиради, мана шундай, мана шундай, мана шундай нарса. Эрта масалан, энди … да туғилганман деяпсиз, эрта масалан, бирорта муаммо бўлса, ўзингиз ҳал қилиб оласиз-да. Агар жаа бирор муаммо бўладиган жой бўладиган бўлса, уларнинг бўйнига ўша шарт қўйилган, сизнинг ўша муаммонгизни ечиб бериш. Мана, бўлимингиз томониданми, прокуратура томониданми, ўшанақа томонлардан нимаки муаммо бўлса, ечилиши бўйнига қўйиб берилган.

– Йўқ, мен энди битта савол-да, ака. Мана, текширувчи келади, мисол учун. Сизда ҳам, менда ҳам келади-ку, келади. Текширувчи келди. Текширувчи келиб қозонда биринчи гўштни ўлчайди.

– Ҳа, гўштни ўлчайди.

– 10 кг гўшт солишимиз керак. Ҳозир энди биз мана бунча нарсани бу ерга “расход” қилганимиздан кейин биз нима қиламиз? Энди 10 кг эмас, 6 кг гўшт соламиз-да.

– Шундай-шундай.

– 6 кг гўшт солсанг, бу ёққа кел, дейди. Бирдан шу гапни гапиради. Муттаҳамсан сен, дейди.

– У шу фоизини юқори қилган, битта шу нарсани ушлаб турибди. 29,5 фоизлик. Тўғри келса ол, тўғри келмаса олма, деб битта шу гапни ушлаб турибди.

– Ҳозир 12 миллиардга 15 фоизини тўлади. Мен “фактически” 8 миллиардлик нарса бераман. 4 миллиард йўқ пул. 4 миллиард учун ҳам мен 25 фоиз пул тўлаяпман деган гап.

– Шундай бўляпти. Лекин тўхтанг, тўхтанг. У мана, йилнинг охирида ҳисоб-китоб бўлади. Тушундингиз-а? Сиз ҳозир масалан, сиз билан 12 миллиардлик шартнома бўляпти.

– Хўп.

Шартномани 1 йилга чўзи бериш – $100 минг

– Сиз 12 миллиарднинг 22 фоизини беряпсиз, тўғрими? У ерга. 15 фоиз тушяпти, қолгани киссангиздан. У йилнинг охирида минус-плюс бўлади, кейинги йилга чўздириб бериш учун, масалан, 100 минг берадиган жойингизга ўша пулингиз ҳисоб-китоб бўлади. Сиз 100 минг бермайсиз, 10 минг берасиз ёки 10 минг бермай 30 минг берасиз. Ана шу, ўша билан ҳисоб-китоб бўлади.

– У келаси йил унинг тартиби қандай бўлади, ҳеч ким билмайди.

– Йўқ, энди тартиб қандай бўлади? У ваъда берилган у нарсага. У ерда битта-иккита одам билан гаплашилмаган. Бу ерда ҳозир майда пул бўлмаяпти. Ҳозир мана шу олинган 11 та туманимизда ана шу 22 фоиз пул, ака, биласизми неча пул бўлади? 36 миллиард бўляпти. У ерга кам пул берилмаяпти. Сизга ўхшаган одам камми? 11 та тумандан иккитадан тадбиркорни ҳисобласангиз, 22-25 та одам бўлиб кетяпти”, – дейилган диалогда.

Болалар энди музлатилган гўшт ейди

Шунингдек, аудиода боғчаларга етказилаётган маҳсулотлар орасида янги гўшт эмас, музлатилгани берилаётгани ҳақида ҳам гап боради.

“– Сиз, масалан, қанақа гўшт берасиз боғчаларга?

– Қанақа гўшт? Ўзимнинг молхонамдан…

– “Свежий” гўшт берасизми?

– Ҳа, э. Ака, бизнинг боғчалар бор-ку, “свежий” гўшт олмаса, ака, қабул қилмайди.

– Кўтариб бўлимга чопади, прокуратурага чопади.

– Булар, эҳҳе, прокуратурагача… бизда прокуратурада “зампрокурор” бор эди. Шунинг олдигача борди-да булар, э, қанақа тўполонлар бўлмади.

– Энди ҳамма нарсани ҳаракат қиласиз, биринчи қўлдан олишга-да.

– Йўқ, биринчи қўл мана, мен ўзимнинг молхонам бор. Мен ўзим мол боқаман, ўзим етиштираман, ўзим сўяман.

– Энди масалан, мана шу олиб кетган тадбиркорлар биронтаси “свежий” гўшт бермайди.

– Нима беради?

– “Замороженний” гўшт беради.

– А, “замороженний” мумкин эмас-ку.

– Мумкин бўлади-да. Ҳозир масалан “замороженний” гўшт 61 минг, 62 минг.

– Лаҳатда у, ака. Ўлик мол-да у. Ўлик молига кафолат йўқ-да.

– Мана, Самарқанд шаҳрида 60 та боғча билан тўрт йилдан бери ишласам, битта … шаҳар эмас, масалан, … билан ишлаймиз, … билан ишлаймиз, …, … — ҳамма жойга 100 фоиз “замороженний” гўшт берамиз. “Именно” мен ўзим 100 фоиз “замороженний” гўшт бераман. Биронтасига “свежий” гўшт бермаганман.

– Гапирмайдими?

– Ҳеч ким гапирмайди. Энди, ака, сиз ўйлашингиз мумкин, у бирон нима нотўғри деб. Энди кўзингиз билан бир “фактически” ўйлаб кўрсангиз, … да энди битта фирмага чиқиб кетяпти ҳамма нарса, битта нарсага бўляпти-да. Мана буни ҳеч ким овоза қилмайди, ўзингиз ҳам биласиз-ку.

– Йўқ, ака, мен тушуниб турибман. Мен шунинг учун боя келган пайтимда айтдим-ку: “Ака, омадингизни берсин”. Берибсиз, олибсиз. Бермаганман, олмадим мен.

– Хоҳласангиз, мана, мардга-мард ўйнаймиз. Хоҳласангиз агар-да, энди сиз ишлаган экансиз, савол-жавобни билар экансиз-да. Бирга борамиз. Берадиган жой бор-ку. Бирга борамиз. Ўзингиз кўриб келасиз. Хоҳласангиз.

– Мен барибир олдиндан ҳисобга пул олмайман.

– Нимага олмайди? Нимага олмайди? Ўзи олмайди. Келган одамлари қанақа машиналарда келади, ўзингиз учун бир кўриб хулоса қиласиз”, дейилган суҳбатда.

Бундан ташқари, ҳозирда аутсорсер бўлиб қолган фирмалар боғчалар учун яқинда тасдиқланган “Ягона умуммавсумий меню”ларда ҳам ўзгариш қилишларини, ўзаро коррупцион схема сабаб болаларга камроқ, сифатсизроқ маҳсулотлар берилишига ишора қилган.

Кейинги тендерлар эса юзаки ўтказилиб, ҳозирги тадбиркорлар билан шартномалар сақлаб қолиниши айтилган.

Бунга вазирликлар аралашган” – тадбиркор

Kun.uz билан гаплашган тадбиркор юқоридаги ишларда Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Молия вазирликларининг қўли борлигига гумон қилмоқда.

100 фоиз аралашгани аниқ. Бунга Молия вазирлигининг ҳам аралашадиган ҳолати, жойи бор. Аниқ тушунтириб бериб кетаётган бўлсам, мана, мисол, битта “район”да 10 000 та болага бизнинг қувватимиз етади, 10 000 та болани оламиз, деяпти. Факт бўйича ўша туманда, мисол, 7 000 та бола бор. Булар 10 000 та боланинг пулини ҳисоб-китоб қиляпти-да, олдиндан булар ўша шартнома бўйича пулнинг 15 фоизини кесиб олиб кетяпти. Сентябр, октябр, ноябр ойининг пулини ҳозир бу молия август ойига қўйиб берди. Булар пулни ечиб кетди ҳозир, пул йўқ. Ўзи сентябр, октябр, ноябрга молия пул беради, деяпти. Молия қачон беради? Қачон олади уни тадбиркор пулини? Бўлди, булар пулни ечиб кетди. Пул қани, десангиз, пул кетди, Тошкентга кетди, уларга бердик, деяпти.

Ҳаммасидаги одам ўша ўзлари, ўзларига тегишли бўлган одам. Ўзлари ҳисоб-китобини қилган, ўзлари пулини берган. Мана, мен гаплашганимда менга айтяпти, очиқчасига айтяпти: “Пулни берасиз, ака, мана бераман, олиб бориб ишланг”, деяпти. “Пулни бермаяпсиз, йўқ, ака, иш бера олмаймиз сизга”, деяпти”, – деди у.

Суҳбатдошимиз айни вазият юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилганини, аммо расмийлар бефарқ қолишётганини, ҳеч кимга ишончи қолмаганини таъкидлади.

Биз ўзимнинг жиянларим борадиган давлат боғчасидан ҳаммасини олдик. Чунки уларнинг берадиган “продуктаси”, уларнинг берадиган гўштида шубҳа бор, уни олиш керак деб ўйлайман. Шунинг учун биз боғчага аралашганимиз йўқ”, – деди у.

Kun.uz кейинги кўрсатувида аслида аутсорсинг ва кейтеринг хизматлари боғчаларда қандай ташкил этилиши кераклиги, бу болаларнинг саломатлигида қанчалик аҳамиятли экани ҳақида сўз боради.

Маълумот учун, aутсорсинг (инглизча: outsourcing) — бу бир компаниянинг ўз фаолиятидаги айрим иш, хизмат ёки жараёнларни ташқи ташкилотга (ёки шахсга) топшириши, яъни уларни “ташқаридан” бажаришга буюртма беришидир. Оддий қилиб айтганда, бунда маълум хизмат пул эвазига ташқи компания томонидан амалга оширилади.

2019 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан боғчаларда аутсорсинг асосида соғлом овқатлантириш тизими йўлга қўйилиши белгиланган. Шу йили жорий этилиши керак бўлган тизим Ўзбекистонда 2021 йилдан 6 800 та давлат боғчасидан 1 200 га яқинида ишлай бошлаган.

Қолган 5 600 га яқин муассасаларда анъанавий шаклда овқатлантириш давом этаверган, яъни боғчанинг ошпази ва хўжалик мудири ҳокимият ажратадиган пулга ўзлари маҳсулот сотиб олиб, ошхонасида таом тайёрлайди.

Эсингизда бўлса, 2021 йилда Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги давлат боғчасида ошпаз ва хўжалик ишлари мудирининг гўшт ўғирлагани кескин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Айни Пахтачидаги кейс аутсорсингга ўтиш жараёнининг тезроқ старт олишига туртки бўлган десак ҳам бўлади.

2021 йилда аутсорсерлар учун тендер ўтказилиб, шартнома тузилган. Бу шартномалар 2025 йил августигача амал қилиб келган.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид