Наманганда ФЭС қуриш бўйича Хитой компанияси томонидан берилган таклиф қайта кўриб чиқилади
Наманганда қуввати 150 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича Хитойнинг GD Power – Powerchina компанияси ғолиб деб топилганди. Мазкур компания ҳар бир киловатт-соат электрни 4,828 центдан етказиб бериш бўйича таклиф билдирган. Энергетика вазирлиги таклифни жуда қиммат деб ҳисобламоқда. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, нархлар ошишига тендер шакли ва дизайнининг ўзгариши таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда учта қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендер ғолиблари эълон қилинганди. Хусусан, Хитойнинг GD Power – Powerchina консорциуми Наманган вилоятида 150 МВт қувватга эга лойиҳа бўйича ғолиб деб топилди. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ушбу қуёш фотоэлектр станцияси учун берилган таклиф қайта кўриб чиқилади.
«Ҳақиқатан ҳам, Наманган вилоятида 150 МВт қувватли лойиҳа учун GD Power – Powerchina консорциуми (Хитой) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергиясини 4,828 АҚШ центида етказиб бериш таклифи қиммат ҳисобланади.
Шу муносабат билан Энергетика вазирлиги ушбу лойиҳа бўйича тарифни оптималлаштириш юзасидан қўшимча музокаралар ўтказилишини маълум қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳани амалга оширишда электр энергияси тарифини камайтириш чоралари кўрилади ва станциянинг қурилишида хавфсизлик томонларига алоҳида эътибор берилади», - дейилади расмий муносабатда.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, 15 декабрь куни эълон қилинган тендер натижалари аввалгилари билан солиштирилганда, сезиларли даражада қимматлашган.
«Наманганда қуввати 150 МВт бўлган қуёш станцияси қуриш бўйича Хитойнинг GD Power – Powerchina компаниясининг ҳар бир киловатт-соат электрни 4,828 центдан (ёки бугунги нархларда 543 сўм) етказиб бериш бўйича таклифи ғолиб бўлган.
Афсуски, бошқа йирик талабгор Abu Dhabi Future Energy Company– Masdar ушбу лотда таклиф киритмаган. Туркиянинг Alarko Holding AS компанияси эса ютиш нияти бўлмаган шекилли, 6,08 центлик таклиф берган. Alarko Holding ASʼнинг бошқа, Хоразмдаги станцияни қуриш лоти бўйича ҳам таклифи (5,188 цент) иқтисодий мантиқдан узоқ.
Хоразмдаги 100 МВт бўлган қуёш станцияси қуриш бўйича Франциянинг Voltalia компанияси ҳар бир киловатт-соат электрни 2,888 центдан етказиш таклифи билан ғолиб бўлган.
Солиштириш учун, ўтган йилларда Abu Dhabi Future Energy Company– Masdar Хоразм, Самарқанд ва Жиззахдаги станциялар бўйича 2,68 центдан таклиф бериб ғолиб бўлган.
Худди шу консорциум Шерободдаги қуёш станциясини эгаллаш учун 1,80 центлик таклиф бериб ютиб чиққан.
Бухородаги 250 МВт бўлган қуёш станциясини қуриш бўйича Abu Dhabi Future Energy Company– Masdar компанияси ҳар бир киловатт-соат электрни 3,044 центдан етказиш таклифи билан ғолиб бўлган».
Иқтисодчининг қўшимча қилишича, нархлар қимматлашишига тендер шакли ва дизайнининг ўзгариши таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
«Янги лойиҳалар бўйича нархлар росмана қимматлаган. Бунга тендер шакли ва дизайни ҳам таъсир кўрсатган кўринади. Чунки биринчи марта 3та станция қуриш бўйича 3та лот тендери бир вақтда олиб борилди. Бу унча тўғри бўлмаган тактика, чунки қуёш станцияси қуриш бўйича бусиз ҳам Ўзбекистонда 3-4 компания ишлаяпти холос. Улар бир-бирига рақобат қилмаслиги учун биттадан лотни белгилаб олган бўлишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Намангандаги станция водийдаги биринчи қуёш станцияси бўлади, энергия таъминотидаги энг катта дисбалансга эга ҳудудда «почин»ни бундай бошламаслик керак», - дея ёзади Отабек Бакиров.
Мавзуга оид
16:53
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024