Иқтисодиёт | 19:02 / 09.04.2020
12801
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 1,6 фоизга тушишини прогноз қилди

2020 йил Ўзбекистон иқтисодиётида сўнгги 25 йилликдаги энг паст ўсиш суръати қайд этилиши мумкин.

Фото: Жаҳон банки

Жаҳон банки «COVID-19га қарши кураш» номи остида Европа ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига оид янги ҳисоботини тақдим этди.

Унга кўра, пандемия шароитида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ўсиши кескин қисқариб, 2020 йилда 1,6 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

Таъкидланишича, мамлакатда иқтисодий ҳолати энг ёмон аҳоли қатлами даромадлари 50 фоиздан ортиқроққа камайиб кетиши мумкин.

Солиқ тушумларининг камайиши ва инқирозни юмшатиш харажатлари туфайли бюджет дефицити 2020 йилда ЯИМнинг 5,6 фоизига, 2021 йилда 4,7 фоизига етиши тахмин қилинмоқда.

Инфляция 2020 йилда 15,8 фоиз, кейинги йилларда 14,8 ва 12,0 фоизга тенг бўлиши мумкин.

«Ижобий томондан эса, олтин ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти барқарорлигича қолиши кутиляпти, аммо нархлар ўзгарувчанлиги сезиларли равишда юқори бўлиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиёти йил сўнгига бориб ўнглана бошлайди ва 2021 йилда 6,5 фоиз, 2022 йилда 5,5 фоизлик ўсишга эришади, дея хулоса қилинган.

Қайд этиш керак, ЯИМ ўсишининг 1,6 фоизлик прогнози реалликка кўчган тақдирда, бу – Ўзбекистон иқтисодиёти учун 1995 йилдан кейинги энг паст ўсиш кўрсаткичи бўлади. Ўша йили мамлакат ЯИМ -0,9 фоизни ташкил этган. 2002 йилдан кейинги даврда ўсиш суръатлари 4 фоиздан кам бўлмай келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Осиё тараққиёт банки эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиёти секинлашиб, ялпи ички маҳсулот ўсиши 2020 йилда 4,7 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган эди.

Мавзуга оид