Иқтисодиёт | 12:38 / 01.01.2026
3316
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ Асакабанкнинг 15 фоиз акциясини сотиб олади

Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Асакабанкнинг 15 фоизини хусусийлаштириш бўйича асосий шартларни келишиб олди. Транзакцион ва бошқа талаблар бажарилгач, ЕТТБ 2026 йилда акциядорга айланади. Келишув қиймати ҳозирча очиқланмади.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида “Асакабанк” АЖни хусусийлаштиришнинг асосий тижорат шартларини белгилаб берувчи “Term Sheet” имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, ЕТТБ Асакабанк акцияларининг 15 фоизини сотиб олиши кўзда тутилган. Келишилган шартлар, шу жумладан, транзакцион, тартибга солувчи ва корпоратив-ҳуқуқий талаблар белгиланган тартибда тўлиқ бажарилганидан сўнг 2026 йилда ЕТТБнинг Асакабанк акциядорлари таркибига кириши белгиланган.

Вазирлик хабарига кўра, Асакабанкни хусусийлаштириш доирасида ЙТТБ билан ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олади:

  • корпоратив бошқарув сифатини ошириш ва банк фаолиятининг шаффофлигини кучайтириш;
  • хатарларни бошқариш ва ички назорат тизимларига халқаро стандартларни жорий этиш;
  • банкнинг капитал базаси ва оператсион барқарорлигини мустаҳкамлаш;
  • барқарор, бозор тамойилларига асосланган ва тижорат мақсадларига мос ривожланиш моделини шакллантириш;
  • хусусийлаштиришнинг кейинги босқичлари олдидан банкнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш.

Асакабанк – Ўзбекистонда тизимли аҳамиятга эга 7 та банкдан бири. Уни хусусийлаштириш бўйича ЕТТБ билан келишувга эришилгани ҳақида илк бор 2024 йил май ойида, Тошкент халқаро инвестиция форумидаги чиқишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилган эди.

2025 йил июн ойи ҳолатига, ЕТТБнинг Ўзбекистонга инвестициялари 5,5 миллиард евродан ошган.

Куни кеча жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон-2030 стратегиясининг янгиланган лойиҳасига кўра, ҳозирда давлатга қарашли 9 та банкдан 5 таси келгуси 5 йил ичида хусусийлаштирилиши кўзда тутилган.

2030 йил охирига бориб, давлат банклари активларининг жами банк тизими активларидаги улушини 55 фоизгача камайтириш мақсад қилинмоқда.

Қайд этиш лозим, давлат банкларини хусусийлаштириш бўйича бир неча йил олдинги режаларнинг катта қисми амалга ошмади. Хусусан, 2022 йилда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров “5 йилдан кейин Ўзбекистонда давлатга қарашли фақат битта банк бўлиши”ни айтган эди.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид