Аҳолига тарқатилган ёрдам пули, журналистлардан узр сўраган расмийлар — карантиндаги Қозоғистон ҳақида
Kun.uz мухбири пандемиянинг Марказий Осиё давлатларига таъсири ва кўрилаётган чоралар юзасидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон журналистлари билан суҳбатлашди.
Навбатдаги мақолада Қозоғистондаги вазият ҳақида сўз боради. Бу ҳақда қозоғистонлик журналист Алишер Сатвалдиев маълумот берди.
– Марказий Осиё давлатлари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати биринчи бўлиб Қозоғистонда аниқланди. Ўша пайтда мамлакатда жорий қилинган дастлабки чекловлар нималардан иборат бўлди? Ҳозир вазият қандай, карантин чекловлари юмшатилдими?
– Қозоғистон Хитой давлати билан чегарадош. Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа давлатларга ушбу давлат фильтр вазифасини ҳам бажариб беряпти, дейишимиз мумкин. Чунки бошқа давлатларнинг фуқаролари Қозоғистон орқали ўтиб, чегаралар ёки бошқа бир блокпостларда иситмаси бор, вируснинг белгилари бор фуқаролар ўша ернинг ўзида карантин муддатини ўтказяпти. Қозоғистон шаҳарларида Ўзбекистон фуқаролари ҳам даволанаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар бор.
Ҳукумат томонидан дастлабки чора-тадбирлар 16 мартдан эълон қилинди. Бунда биринчи бўлиб Нур-султон шаҳри, ундан сўнг Олмата шаҳри ва учинчи бўлиб Чимкент шаҳри карантинга олинди.
Кўпгина давлатлар қаторида Қозоғистон ҳам 1 майгача деб эълон қилган эди, бироқ кейин 11 майга қадар узайтирди. Ҳозирги кунда президентнинг баённомасидан кейин 4 майдан 11 майга қадар корхоналар босқичма-босқич ишга туширилиши иқтисодиётни қайтадан йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўзда тутилмоқда. Кечагина блок-постлар олинди (суҳбат 1 май куни ёзиб олинган), кўчаларда машина ва транспортлар қатнови, шунингдек, фуқароларнинг юриш-туриши сезиларли кўпайган.
4 майдан бошлаб айрим корхона ва ташкилотларнинг фаолияти тиклана бошлайди. 11 майдан бошлаб фавқулодда вазият бекор қилинади, деган умидимиз бор.
– Марказий Осиё давлатлари кўпчилиги аграр давлатлар ҳисобланади. Қозоғистонда ҳам худди Ўзбекистондагидек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ўз фаолиятлари билан шуғулланишга рухсат берилдими? Ёки улар ҳалигача карантин чекловлари таъсири доирасида қолишяптими?
– Бизда бу масала энди кўтарилмоқда. Чунки Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Қозоғистон минтақа шимолида жойлашган. Шу сабабли экинлар энди ҳосилга киришни бошламоқда.
Ҳозирги кунда муаммо бўлиб турган асосий ҳолатлардан бири – бу карам экспорти. Кеча давлат миқёсида шу муаммо кўтарилди. Деҳқонларимиз 300 минг тоннадан зиёд карамни экспортга чиқариши керак. Маҳсулотнинг нархи Қозоғистоннинг ўзида 10-15 тангага тушиб кетган. Шунингдек, кўп жойларда бу карамларни оладиган одамнинг ўзи йўқ.
Бугунги кунда Россия ва бошқа давлатлар билан логистика алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳукумат иш юритмоқда. Россия ҳам карантин ҳолатида эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бу қийинчилик тезда ҳал бўлиши мумкин эмас. Деҳқонларимизнинг ўзи 15 млрд. тенгедан зиёд маблағларини ушбу карам маҳсулотларини етиштиришга сарфлашган. Буларнинг барчаси ҳукумат томонидан тўланиш ёки бирор имтиёзлар бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Фуқароларимизга келадиган бўлсак, уларга ҳукуматимиз томонидан 42500 тенге миқдорида энг оз ойлик кўрсаткичида ёрдам пули тайинланган. Бугунги кунгача 4 млн. 250 минг киши бу имтиёзларни олгани ҳақида маълумот берилган. Буни Ўзбекистоннинг сўми билан солиштирадиган бўлсак, 1 миллион сўм атрофидаги пул бўлади.
Бундан ташқари, 15 минг тенге миқдорида коммунал тўловларга давлат томонидан ёрдам берилмоқда ва озиқ-овқат билан таминлаш бўйича ҳам миллиондан ортиқ ёрдам кўрсатилган.
– Мамлакат аҳолиси карантин чекловларига нисбатан қандай муносабатда бўлди? Одамлар буни тўғри тушуниб уйларида ўтиришдими ёки чекловларни назар-писанд қилмаган ҳолатлар кузатилдими?
– Бошида бундай ҳолатлар кузатилди. Ўзимиз журналист бўлганимиз сабабли халқнинг орасида юриб, тиним билмай ишладик. Aҳоли ўртасида ҳатто коронавирус ўзи борми, деган саволларни ҳам берадиганлар бор. 17-18 миллион халқнинг ўртасида бундайлар ҳам топилади. Идоралар ўз ишини, волонтёрлар ўз ишини қилди ва тартибга келтирилди, десак ҳам бўлади.
– Пандемия шароитида ахборотга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ошиб кетди. Шунинг баробарида аҳолини ваҳимадан асраш, ахборотни тўғри етказа билиш, ижтимоий тармоқлардаги турли хил ваҳимали чиқишларнинг олдини олишда Қозоғистондаги ОАВнинг роли қандай бўлди?
– Албатта, бундай вазиятда журналистларнинг ўрни жуда катта. Давлат томонидан, штаб томонидан бериб турилган ҳар қандай маълумотларни вақтида одамларга етказиб туриш масаласи ҳар қачонгидан кўпроқ аҳамият касб этди. Шунинг учун сайтлар, газета ва телевидение – барчаси ишлади.
Қозоғистонда турли комиссиялар ташкил этилди. Масалан, блокпостларда қандай жараёнлар бўлаяпти, штаб қандай фаолият юритмоқда, буларнинг барчасини назорат қилиш ҳамда мониторингини юритиш учун алоҳида-алоҳида гуруҳлар тузилди. Мазкур гуруҳларда ўзимизнинг журналистлар ҳам бўлди, жараённи ўз кўзлари билан кўришди, халққа кўрганларини етказиб туришди.
Бундан ташқари, қатор вилоятларда журналистлар билан давлат хизматчилари ўртасида, полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар бўлди. Бир шаҳарда икки журналистни қамаб қўйишди. Кейин ахборот вазири чиқиб полиция хизматчиларининг қилаётган ишлари дуруст эмаслигини айтди. Бу баёнот ортидан журналистлардан кечирим сўралди.
– Аҳоли эпидемиянинг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлаяптими ёки бу борадаги ҳаракатлар эртароқ жорий қилиб, чегараларни эртароқ ёпишимиз керак эди, дея танқид қилишаяптими?
– Aлбатта, бундай гаплар бўлди. Чегараларнинг ҳаммасини ёпиш керак, деган масалалар кўтарилди. Лекин чет элларда юрган Қозоғистон фуқароларини киритиш масаласи турди. Уларни олиб келиб, ҳар қайсисини Олмата, Нур-султон шаҳарларида карантинда ушлаб турилди. Шунинг учун ҳам ушбу шаҳарларда вирусни юқтирганлар сони кўп. Шу билан бирга, карантин зоналарида Қирғизистон, Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.
Авваламбор, аҳоли томонидан, маълум бир шахслар томонидан ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларига танқидий кўз билан қараб, давлат чегараларини ёпиб ташлаш керак ёки бўлмаса карантин зоналари, коронавирусга чалинганларни даволайдиган махсус марказларни ташкиллаштиришга қарши бўлганлар ҳам бўлди. Лекин ҳукумат томонидан уларга бундай зоналар шаҳарлардан чекка жойларда жойлаштирилгани тушунтирилди ва бу аҳолини сал бўлсаям тинчлантирди, деб ўйлайман.
Олмата, Чимкент ва Нур-султон шаҳарларида тез фурсатларда қурилган даволаш ўринлари, масканлари ташкил этилди. Бу ҳам баъзи қарши фикр тарафдорларини сал бўлса-да тинчлантирди.
Шу билан бирга, Қозоғистонда учинчи чорак таътилларидан сўнг ўқувчилар мактабга боргани йўқ. Университетлар, мактаблар ва болалар боғчаларининг ҳаммаси масофавий онлайн тартибда ишлашмоқда. Кўпчилик ота-оналар фарзандларининг онлайн дарслари билан овора бўлиб қолишди. Кўп ота-оналар қайтадан мактаблар очилишини сўраб чиқишди, ҳатто ўқувчиларнинг ўзи ҳам мактабга боришни илтимос қилган ҳолатлар бўлди. Кўпчилик ўқитувчиларнинг меҳнати нақадар қийинлигини ўз танасида ҳис қилиб кўрди.
– Чет элда қолиб кетган қозоғистонликларнинг ҳаммаси мамлакатга олиб келиндими ёки юртга қайтишни ҳалигача кутаётганлар борми?
– Хоридаги аксарият қозоғистонликлар мамлакатга олиб келинди. Бироқ ўз хоҳиши билан чет давлатларда қолган талабалар бор. Масалан, Хитойнинг Уҳан шаҳрида ўқиётган талабалар ҳам у ерда ўз хоҳиши билан қолишган.
Ватанга қайтмоқчи бўлган, бироқ қайтолмаётган қозоғистонликлар ҳақида маълумотларга эга эмасмиз.
– Aлишер ака, Марказий Осиёда давлатлари орасида коронавирус оқибатида қад этилган энг кўп ўлим ҳолати Қозоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
– Тўғри, бугунги кунда 25та ўлим ҳолати бор, афсуски. Лекин Европа давлатлари билан ҳисоблайдиган бўлсак, бу ҳисобга ҳам кирмайдиган кўрсаткич. Мен энди буни бошқа бир томонини ҳам ўйлаб кўрганман. Бу ерда энди иқлим шароитини ҳам ҳисобга олишимиз керак, деб ўйлайман, чунки Ўзбекистонга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг кўпчилиги деҳқончилик билан шуғулланишади ва тоза ҳаводан нафас олишади. Уларга эса ҳеч қандай карантиннинг кераги йўқ.
Қозоғистоннинг жанубидаги аҳоли, шахсан ўзимизнинг Чимкентда вафот этганлар нисбатан кам. Иқлими намгарчиликни ташкил этадиган Нур-султон, Олмата шаҳарларида кўп.
Ўлим ҳолатлари асосан 60-70 ёшдан ошган шахслар орасида кузатиляпти. Кечагина 97 ёшдаги беморда ўлим ҳолати қатд этилди. Шунинг бари ўз таъсирини кўрсатяпти, деб ўйлайман.
– Болалар, аёллар ўртасида ўлим ҳолати кузатилмадими?
– Ўрта ёшлилар орасида ўлим ҳолати кузатилди. Масалан, 40 ёш, 35 ёш атрофидаги кишиларда ҳам ўлим ҳолати қайд этилди. Фақатгина буларнинг қўшимча хасталиклари борлиги учун ўлимга олиб келгани таъкидланяпти.
Касаллик юқтирганларга эътибор қаратадиган бўлсак, энг кўп беморлар – 20-40 ёш орасида. Уларнинг даволаниш жараёни ҳам кўп бўлади.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:47 / 22.11.2024
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
12:33 / 21.11.2024
Қозоғистон ҳолдинги Ўзбекистондан 169 нафар мутахассисни иш билан таъминлайди
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
20:59 / 18.11.2024