Жаҳон | 00:11 / 09.11.2019
16751
1 дақиқада ўқилади

Туркия Суриядан АҚШ ва Россия кетмагунча кетмайди – Эрдўған 

Туркия ҳарбийлари Сурияда бошқа давлатларнинг қуролли кучлари қолар экан, Сурияни тарк этмайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдўған маълум қилди, деб хабар берди NTV телеканали.

Эрдўғаннинг айтишича, Анқара минтақада террорчилар қолар экан, у ердан кетмайди, Суриядаги операция эса икки давлат ўртасида 911 километрлик умумий чегара борлиги билан боғланган.  

“Биз бошқа давлатлар кетганидан кейингина кетамиз. Россияда ҳам, АҚШда ҳам, Эронда ҳам Сурия билан умумий чегара йўқ”, деб айтган Эрдўған.

У Анқара Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилган.

Туркия етакчиси, шунингдек, АҚШни курд отрядларини олиб чиқиш бўйича ваъдаларни бажармаётганликда айблади. Унинг таъкидлашича, АҚШ қўшинлари курд жангарилари билан бирга Рас-ал-Айн ва Қамишли шаҳарлари ўртасидаги ҳудудда патрул назоратини олиб бормоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид