АЭС дирекцияси раҳбари: Ишлатилган ядро ёқилғиси Россияга олиб кетилади
Ядро ёқилғисини ишлаб чиқаришда маҳаллий урандан фойдаланилади. Бунда, ўзбек урани Россияда бойитилади, АЭСда ишлатилганидан кейин яна Россияга олиб кетилади. Хорижий ва маҳаллий банкларга лойиҳани молиялаштириш таклиф этилмоқда. Айни пайтда, республиканинг бошқа қатор ҳудудларида кичик АЭСлар қуриш масаласи кўриб чиқиляпти.
Ўзбекистон ҳукумати кам қувватли атом электр станцияси қурилишини молиялаштириш бўйича хорижий ва маҳаллий банклар билан музокаралар олиб боряпти. Бу ҳақда АЭС қуриш дирекцияси директори Отабек Омоновга таяниб, Gazeta.uz хабар берди.
“Европа, Россия банклари ҳам, маҳаллий банклар ҳам бор. Чунки инфратузилманинг айрим қисмлари маҳаллий пудратчилар томонидан қурилади… Банкларнинг таклифлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан келишилади”, – деган у.
АЭС дирекцияси бошлиғининг маълум қилишича, Ўзбекистон “Росатом” билан шартнома стратегияси доирасида бир нечта шартномалар тузган: атом электр станциясини қуриш, кадрлар тайёрлаш, АЭС учун ёқилғи олиб кириш, станцияни эксплуатация қилиш ва ядровий чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича шартномалар.
“Охирги келишувга, яъни ишлатилган ядро ёқилғисини олиб чиқишга кўплаб хорижий компаниялар рози эмас. Биз “Росатом” билан ишлатилган ядро ёқилғиси Россияга олиб чиқилиши, у ерда қайта ишланиши ва баъзи зарур компонентлар Ўзбекистонга қайтарилиши ҳақида келишиб олдик”, – деган у.
Ядро ёқилғиси учун Россияда бойитиладиган маҳаллий урандан фойдаланиш режалаштирилган.
“19 фоиз ёки 20 фоизгача бойитилган уран-235 оксиди ишлатилади. Мана бу ёқилғи импорт қилинади, лекин бир жиҳати бор. У маҳаллий ўзбек уранининг қайта ишланган хомашёси асосида ишлаб чиқарилади. Яъни ўзбек урани четга чиқарилади, тайёрланади, ёқилғи ишлаб чиқарилади ва қайтариб олиб келинади. Маҳаллий уран борлиги сабабли ёқилғи нархи анча арзон бўлади, деб умид қиламиз”, – деган Отабек Омонов.
Унинг сўзларига кўра, станция давлатга тегишли бўлади.
“Ушбу станция тўлиқ Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлади. Станция оператор – маҳаллий компания томонидан бошқарилади, яъни ҳозирда дирекцияга оператор ваколатлари берилган. Яъни, тегишли фойдаланиш лицензиясига эга бўлган давлат оператор компанияси томонидан бошқарилади”, – деган АЭС қурилиши раҳбари.
“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаевнинг маълум қилишича, республиканинг қатор ҳудудларида кичик қувватли атом электр станцияларини қуриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу станцияларни қуриш учун 14 та потенциал майдонча олдиндан баҳолаб чиқилган.
“Республиканинг турли ҳудудларида кичик реакторларни янада ривожлантириш учун ушбу майдонларни батафсил ўрганиш режалаштирилган. Баҳолаш, албатта, маҳаллий ва халқаро меъёрий ҳужжатлар, атом электр станциялари учун майдонларни танлаш бўйича ҳужжатлар асосида амалга оширилади”, – деди Аҳмадхўжаев 15 октябр кунги конференцияда сўзлаган нутқида.
Мавзуга оид
11:40 / 19.10.2024
Японияда биринчи марта 50 йилдан ортиқ ишлаётган АЭС реактори фаолиятига рухсат берилди
15:00 / 14.10.2024
Франция радиоактив чиқиндиларни қозон ва вилкаларга айлантиришни режалаштирмоқда
20:57 / 08.10.2024
Қозоғистонда АЭС қурилиши ўртача 10 йил давом этади
22:33 / 07.10.2024