Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда АЭС учун зилзилабардошлик меъёрлари тасдиқланади
Ўзбекистонда атом электр станцияларини лойиҳалашда сейсмик хавфни инобатга олиш бўйича алоҳида меъёрлар жорий этилади.
Президентнинг «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 24 декабрдаги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан зилзилабардош атом электр станцияларини лойиҳалаш меъёрлари тасдиқланади.
Янги меъёрлар сейсмик таъсирга учрайдиган барча турдаги реакторлар учун ерусти атом электр станцияларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Ҳужжат лойиҳасида АЭС элементларининг зилзилабардошлик тоифаларини аниқлаш, лойиҳавий ва максимал ҳисобланган зилзилалар параметрларини белгилаш, қурилиш конструкциялари, иншоотлар, пойдеворлар, технологик ва электр ускуналар, автоматлаштириш ва алоқа воситаларига қўйиладиган сейсмик талаблар қамраб олинган.
Меъёрларга кўра, атом электр станцияси жойлашадиган ҳудуд ва майдончанинг сейсмиклиги махсус сейсмологик тадқиқотлар, сейсмик районлаштириш ва микрорайонлаштириш асосида аниқланади. Лойиҳада АЭСнинг лойиҳавий ва максимал ҳисобланган зилзилалар даражасигача ҳам электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришни, ҳам хавфсизликни таъминлаш қобилияти назарда тутилади.
Ҳужжатда АЭС бинолари ва иншоотларини компоновка қилишда содда ва симметрик конструктив ечимлар, антисейсмик чоклардан фойдаланиш, пойдевор-грунт ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблашлар ўтказиш талаб этилади. Технологик ускуналар, қувур тармоқлари, электр жиҳозлари ва автоматика воситалари зилзилабардошлиги алоҳида ҳисоблаш ва зарурат бўлганда стенд синовлари орқали асосланади.
Шунингдек, лойиҳаларда муайян жадалликдаги зилзила содир бўлганда реакторни автоматик равишда авариявий тўхтатишни таъминлайдиган сейсмометрик назорат ва сигнализация тизимини жорий этиш, АЭС ходимларини огоҳлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича техник ва ташкилий чоралар назарда тутилади.
Мазкур меъёрлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар академияси ва Атом энергияси агентлиги билан келишилгани айтилади.
Мавзуга оид
09:10 / 07.06.2026
АЭС нархи очиқланди, йирик пудрат схемаси фош бўлди — ҳафта дайжести
16:12 / 05.06.2026
АЭСда ишлаб чиқарилган 1 kWh электр нархи 1000 сўмдан паст бўлади — Азим Аҳмадхўжаев
10:59 / 05.06.2026
Ўзбекистонда қуриладиган АЭС қиймати 9,5 миллиард доллардан ошмайди — "Ўзатом" директори
08:19 / 05.06.2026