Ўзбекистон | 19:20 / 02.05.2021
11491
8 дақиқада ўқилади

«Ўзбек тили муҳокама, мурожаат тилига айланмаса, тилимиз заифлиги давом этаверади» – Алишер Қодиров

Uzreport телеканали парламент қуйи палатасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишдан репортаж тайёрлади.

Ижтимоий тармоқларда оммалашиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган репортажда ҳужжат лойиҳасидаги давлат тилининг қўлланилиши билан боғлиқ 12-модда муҳокамаси баҳсли ўтганини кўриш мумкин.

Лойиҳанинг 12-моддасида нима дейилган?

Модданинг «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилган таҳририда:

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шартлиги;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилиниши назарда тутилган.

Модданинг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таклиф қилинаётган таҳририда эса:

  • Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилиниши назарда тутилган.

Бу модданинг «Миллий тикланиш» таклиф этган таҳририда давлат тили мавқейини кўтаришга қаратилган қоидалар белгиланган. Қўмита илгари сурган вариантда эса давлат тилини ривожлантириш эмас, унинг шу пайтгача бўлиб келган беқадрлигини янада мустаҳкамлайдиган қоидалар акс этган.

«Бизнинг таҳриримиз бўйича давлат ташкилотларига ҳамма ўз тилида мурожаат қилиши мумкин, яъни давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Лекин шу мурожаатга унинг давлат тилидаги матни ҳам илова қилиниши шарт.

 Шунингдек, давлат органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларига фақатгина давлат тилида жавоб қайтарилиши керак, «мумкин қадар» деган жумлалар – бу ҳеч нарсани белгилаб бераётгани йўқ. Биз бу билан фақатгина мавҳум хусусиятларни пайдо қилиб қўйяпмиз», – дейди Миллий тикланиш партияси лидери Алишер Қодиров партия томонидан киритилаётган таклифга изоҳ бериб.

 Муҳокамаларда ўзбек тилининг қадри ва нуфузини ошириш мақсадида берилаётган бу таклифга барча партия вакиллари ҳам бирдек мойиллик билдирмаганини кўриш мумкин.

 Хусусан, Либерал демократик партияси депутати Шуҳрат Бафоев бу норма «Мурожаатлар тўғрисида»ги қонунга зидлиги важи билан таклифга қарши фикр билдирган.

 «Тўғри, давлат идораларида бунинг учун алоҳида штат бирлиги жорий қилинса, бу масала ечилиши мумкин, лекин мурожаатлар фақат давлат органларига қилинмайди. Мурожаатлар нодавлат нотижорат ташкилотларга, хусусий корхоналарга ҳам қилинади.

 Ҳар бир корхонага битта штат ажратишни эса, иложи ҳам, кераги ҳам йўқ.

 Бизнинг таклифимиз қонунни амалдаги тартибда қолдиравериш керак. Чунки бу билан амалиётда бирор муаммо чиққани йўқ. Чунки ўзга миллатлар давлат ташкилотларига фақат рус тилида мурожаат қиляпти. Шунинг учун бу масалага тегмаганимиз яхши», – дейди у.

 Депутат Алишер Қодировга кўра, Шуҳрат Бафоев каби депутатлар айтаётганидек, фуқароларнинг давлат органларига хоҳлаган тилда мурожаат қилиш мумкин, деган норма қонунга киритилса, бу давлат идораларига ҳам катта қийинчиликлар туғдиради.

 «Буни ҳамма фақат рус тили деб тахмин қиляпти. Йўқ, бизда корейс диаспораси бор, тожик диаспораси бор, хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистонга жуда кўп келяпти. Тасаввур қилинг, агар улар ҳам фуқаролик олгач, ўз тилида давлат идорасига мурожаат қила бошласа-чи?

 Давлат идорасидагилардан ҳеч ким у тилни ўрганиш мажбуриятини олмаган. Ҳеч ким бу тилда жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Лекин бир одам ўз тилида мурожаат қилса-ю, у ўз мурожаатига давлат тилида илова берса, бу ҳеч кимга қийинчилик туғдирмайди. Бу билан биз давлат идораларидаги жуда катта харажатларнинг ҳам олдини олган бўламиз.

 Иккинчидан, фуқароларда давлат тилида мурожаат қилиш учун эҳтиёж пайдо қилган бўламиз. Тилни ўрганмаганларда ҳам ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж пайдо бўлади. Улар давлат тилини озгина бўлса ҳам ўрганади.

 Биз юз йиллар давомида давлат тилини ўрганишга эҳтиёж пайдо қилолмадик. Тилимиз айнан шунинг учун ҳам орқада қолиб кетяпти», – деди у.

 Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари ўзининг юқоридаги фикрларини хорижий амалиётлар мисолида ҳам қувватлантирган.

 «Биз ҳеч кимни камситаётганимиз йўқ. Бу қонунда ҳам, конституциямизда ҳам мулоқот тили сифатида ҳамма ўз тилини сақлаб қолиши мумкинлиги белгиланган. Лекин жаҳон ҳамжамиятида қўлланилаётган ва умумэътироф этилган норма сифатида давлат тилини ҳурмат қилиш амалиётидан қочмайлик.

 Давлат идораларига ва мансабдор шахсларга ҳамма хоҳлаган тилида мурожаат қилиши – эътибор беринглар, дунёда бундай ҳолат йўқ. Ҳатто кўп миллатли яқин қўшниларимиз ҳам давлат органларига давлат тилида мурожаат қилиш тартибини белгилаб қўйган.

 Германиядек ривожланган давлат. У ерда ҳам бошқа тилларни ривожлантиришга эътибор қаратилади, лекин давлат органларига давлат тилида мурожаат қилишни талаб қилишади. Чунки тилни сақлаб қолиш давлатнинг асосий мақсади. Давлат тили эса ҳар қандай давлатнинг энг асосий қадрияти ҳисобланади», – таъкидлади у.

 Алишер Қодиров йиғилиш давомида биз бу қонун орқали бошқа миллат вакилларини ўзбек тилида гапиришга мажбурлаб қўймаймизми, қабилидаги ҳавотирларга ҳам жавоб берган.

 «Биз ҳеч кимни ўзбек тилида гапиришга мажбур қилмаймиз. Қонунда ҳам, конституцияда ҳам мулоқот тили сифатида ҳамманинг ўзининг тили қоляпти.

 Биз улардан ўз она тили ёнида ўзбек тилини ҳам ўрганишни сўраяпмиз. Ўзбек тили рус тилининг ёнида ҳам озгина ривожлансин, деб илтимос қиляпмиз.

 Иккинчидан, ҳатто бизнинг ўзбек мутахассислари ўзбек тилини унутиб юборяпти. Ўзбек шифокорларимиз бугун ўзбек тилини унутиб юборяпти.

Бу ерда ҳеч кимни камситиш ҳақида гап бораётгани йўқ. Ҳеч қайси тилни камситиш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу ҳолатни бўрттирмаслик керак. Ёши катталарни ўйлаш, албатта, яхшидир, лекин биз келажак авлод ҳақида ўйлашимиз керак. Бугун ўзбек тили ўз мавқейини йўқотиб боряпти.

Ўзбек тили муҳокама, мурожаат тили қилинмаса, бу заифлигимиз давом этади. Ва биз буни қонунда акс эттиришимиз керак. Ҳурматли депутатлар, сизларни яна бир бор 12-моддага масъулият билан ёндашишга таклиф қилмоқчиман», деди у.

Шу каби чақириқ ва тушунтиришларга қарамай, «Миллий тикланиш» партияси томонидан билдирилган таклифга жами 123 нафардан 48 депутат қарши чиққан. 12 нафар халқ вакиллари эса ўзбек тили қадрини оширишдек катта масала ҳал бўлаётган йиғилишда овоз бермаган. 5 киши эса бетараф қолган (бу бетарафлик ижтимоий тармоқнинг кўплаб фойдаланувчиларини ғазаблантирди. «Улар қандай депутатки, миллат масаласи ҳал бўлаётганда овоз бермай ўтирадиган?», деб ёзди фойдаланувчилар – таҳр).

Муҳокамалар якунида «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2 ўқишда ҳам қайтарилди. Энди у келаётган ҳафтада ўтиши кутилаётган чақириқда қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид