Ўзбекистон | 22:39 / 26.11.2025
4858
5 дақиқада ўқилади

2026 йилда бюджетдан пул оладиган ташкилотлар ва Жиззахда АЭС бўйича жамоатчилик эшитувлари – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Самарқанд шаҳридаги ташкилотлар кўчирилади, 700 дан ортиқ кўп қаватли уй қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида шаҳар қиёфасини ўзгартириш ва Ургут тумани марказига алоқадор бир қатор йирик лойиҳаларни эълон қилди.

Қайд қилинишича, Самарқанд шаҳрида замонавий уй-жойларга бўлган талабни таъминлаш учун 3 та йирик массив танлаб олинди. Жумладан, «Ширин» массивида 180 минг, «Темирйўл орти» ҳудудида 100 минг, «Қорасув-2» массивида 30 минг аҳоли учун 700 дан ортиқ замонавий кўп қаватли уй барпо этилади. Самарқанд шаҳридаги 49 та вилоят ташкилоти келаси йил «Ширин» массивига кўчади.

Ургутда «Қуйи Камангарон» маҳалласидаги «Янги Ўзбекистон» массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий эко-шаҳар барпо этилади.

2026 йилда давлат бюджетидан ташкилотларга ажратиладиган пул миқдори маълум бўлди

«2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қонун лойиҳасига кўра, консолидациялашган бюджет даромадлари 515,3 трлн сўм, харажатлари эса 566,9 трлн сўм миқдорида белгиланган. Тақчиллик чегараси – 51,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3 фоиз.

Лойиҳага кўра, энг кўп маблағ Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ажратилади — 105,9 трлн сўм. Кейинги ўринларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги — 63,69 трлн сўм ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги — 22,42 трлн сўм.

Жиззахда АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилади

2025 йил 23 декабр куни Жиззах вилояти Фориш туманида Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳаси юзасидан жамоатчилик эшитувлари бўлиб ўтади. Лойиҳа доирасида қуввати 2110 МВт бўлган замонавий АЭС барпо этиш, энергетика тизимидаги улушини 12–15 фоизга етказиш кўзда тутилган.

«Ўзатом» агентлиги маълум қилишича, тадбир Жиззах вилояти, Фориш тумани, Боғдон аҳоли пунктида жойлашган 30-сон Маданият марказида бўлади.

Жамоатчилик эшитувлари АЭС қурилиши лойиҳаси, унинг техник кўрсаткичлари, хавфсизлик тизими, иқтисодий ва ижтимоий аҳамияти юзасидан аҳолини хабардор қилиш, фикр ва таклифларни ўрганишга қаратилган.

Шахсий эҳтиёж учун хориждан товар олиб киришдаги лимитлар қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистонда шахсий эҳтиёж учун хориждан олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Бу 25 ноябр куни имзоланган «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги президент фармонида белгиланган.

Фармон Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, божсиз лимитларга оид топшириқ ушбу фармон билан тасдиқланган «йўл харитаси»да кўрсатилган.

Шу тариқа, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги қарори билан кучайтирилган чекловлар ўзгариши мумкин. Бу қарорга кўра, шу йил 1 майдан эътиборан, фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун божсиз товар олиб кириш нормалари ҳаво транспортида – 1000 доллар, темирйўл ва дарё транспортида – 500 доллар, автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали – 300 доллар, халқаро курьерлик жўнатмалари орқали – бир ойда 200 доллар, халқаро почта жўнатмалари орқали – 100 доллар эди.

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 қуръасида учинчи саватдан жой олди

ФИФА 2026 йилги Жаҳон чемпионати қуръаси саватлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси 3-саватдан ўрин олди.

Миллий жамоалар саватларга қуйидагича тақсимланди:

1-сават: Канада, Мексика, АҚШ (мезбонлар), Испания, Аргентина, Франция, Англия, Бразилия, Португалия, Нидерландия, Белгия, Германия

2-сават: Хорватия, Марокаш, Колумбия, Уругвай, Швейцария, Япония, Сенегал, Эрон, Жанубий Корея, Эквадор, Австрия, Австралия

3-сават: Норвегия, Панама, Миср, Жазоир, Шотландия, Парагвай, Тунис, Кот-д’Ивуар, Ўзбекистон, Қатар, Саудия Арабистони, Жанубий Африка

4-сават: Иордания, Кабо-Верде, Гана, Кюрасао, Ҳаити, Янги Зеландия, Европа плей-офф жамоалари (A, B, C, D гуруҳи ғолиблари), ФИФА қитъалараро плей-офф босқич 1 ва 2-ғолиблари.

Гуруҳларни шакллантиришда ҳар бир саватдан биттадан жамоа олинади. Шу тариқа, 4 та жамоадан иборат 12 та гуруҳ юзага келади. Демак, 3-саватдан жой олган Норвегия, Панама, Миср, Жазоир, Шотландия, Парагвай, Тунис, Кот-д’Ивуар, Қатар, Саудия Арабистони ва ЖАР гуруҳ босқичида Ўзбекистонга рақиб бўлмайди. Шунингдек, битта конфедерациядаги жамоалар гуруҳ босқичида бир-бирига дуч келмайди. Фақат УЕФА бундан мустасно, чунки иштирокчилар сони 12 тадан кўп.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид