Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўқон давлат технологиялар университети ташкил этилади
Президентнинг “Қўқон давлат технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали негизида Қўқон давлат технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Қуйидагилар университет фаолияти асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланади:
- техника ва технология соҳаси эҳтиёжларидан келиб чиқиб, меҳнат бозоридаги рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, шунингдек, замонавий технологиялар бўйича чуқур билимга эга касб мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш бўйича узлуксиз тизим яратиш;
- ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни, шу жумладан замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш;
- ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларининг замонавий моддий-техника базасини шакллантириш;
- талабаларнинг ўқув жараёнида олган назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида замонавий технологиялар асосида фаолият юритувчи ишлаб чиқариш корхоналарида малакавий амалиётларни ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- университетнинг республика ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибаларни татбиқ этиш;
- қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалиётда қўллаш, университет профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш, битирувчиларни республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларида магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш мақсадида республика ва хориждаги юқори малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда малакали мутахассисларни кенг жалб этиш;
- техника ва технология соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион изланиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш, улар натижаларини, шу жумладан рақамли ва бошқа замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- замонавий технологиялар бўйича истиқболли, инновацион, амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш;
- республика саноат ва иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчилар инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш.
Белгилаб қўйилишича, университетда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони ҳар йили белгиланадиган Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат буюртмаси параметрлари доираси ва тўлов-контракт асосида аниқланади.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиалида таҳсил олаётган талабалар 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб университетда ўқишни давом эттиради.
Фарғона вилояти ҳокимлиги 2021 йил июнь ойига қадар университет янги кампусини қуриш мақсадида Қўқон шаҳар ҳудудидан 10 гектар ер ажратиш чораларини кўради.
Фарғона вилояти ҳокимлиги университет фаолиятини самарали ташкил этиш учун жалб этиладиган малакали профессор-ўқитувчиларни хизмат уйлари билан таъминлаш мақсадида Қўқон шаҳар, Янги Чорсу кўчаси, 219-уйда жойлашган бинодаги 7та хонадонни университет балансига ўтказиш чораларини кўради.