Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўқонлик табиб 10 суткага қамалди
Халқ орасида табиблик билан шуғулланиб, «бионур» соҳиби сифатида танилган Иқбол Солиев 10 суткага қамалди. У халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топилди. Табиб январ ойида ҳам қонунчиликни бузгани учун 7,5 млн сўм жаримага тортилганди.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 17 декабрдаги қарори билан қўқонлик табиб Иқбол Солиевга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланди, дея хабар бермоқда Фарғона вилояти судлари матбуот хизмати.
54 ёшли табиб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59−5-моддаси (Халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди.
Биринчи инстанция судининг қарори устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.
16 декабр куни вилоят ИИБ беморларга қўлини теккизиб, уларни силаб даволаб келиши билан танилган Иқбол Солиев 2020 йилда рўйхатдан ўтган ва 2024 йил декабрда муддати тугаган гувоҳнома билан фаолият олиб боргани аниқлангани ва ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилганини маълум қилганди.
Маълумот учун, Иқбол Солиев 2025 йил 10 январ куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг қарорига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59−5-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга БҲМнинг 20 баравари (ўша вақтда 7,5 млн сўм) миқдорида маъмурий жарима солинган эди.