Жамият | 15:32 / 08.06.2022
41213
6 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Душанбенинг икки машҳур “ГАИ”си: улар нега намуна қилиб кўрсатилади?

Тошкент шаҳар милициясида фаолият юритган Содиқ Қосимов – соҳанинг анча машҳур инсони. “ГАИ” деб аталган тизимда узоқ вақт хизмат қилган мўйловдор офицер ҳайкали ҳатто ИИББ музейига қўйилган. Қизиғи, яна бир мўйловдор “ГАИ” ходими Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида довруқ таратган. Бироқ ҳар иккисининг ҳам машҳурликка эришишига сабаб фақат мўйлови эмасди.

Фото: KUN.UZ

СССР даврида ГАИ деб аталган бўлим номи аввалига ДАН, сўнг ЙҲХХ деб ўзгартирилди. Лекин одамлар, ҳатто ички ишлар ходимларининг ўзи ҳам бу соҳани ҳануз эскича аташда давом этишмоқда. Биз ҳам мақоламиз совет даврига оид бўлгани учун ўша вақтдаги атамани ишлатамиз.

Унга учраганлар пора таклиф қилишни хаёлига ҳам келтирмаган

Содиқ Қосимов Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилади. У Иккинчи жаҳон урушида муносиб қатнашиб, “Германия устидан қозонилган ғалаба” медалига сазовор бўлади. Тинчлик даврларида бутун умрини ички ишларда хизматга бағишлайди ва милиция старшинаси унвонида 25 йилдан ортиқ фаолият юритади.

У ГАИга ишга ўтгунга қадар, милициядаги фаолиятига бир йил бўлмасдан 4 нафар жиноятчини қўлга олишда кўрсатган жасорати учун рағбатлантириш сифатида велосипед билан тақдирланади. Умуман, ўз фаолияти давомида Содиқ Қосимов “Қизил байроқ”, “Қизил юлдуз” орденлари, “Шарафли меҳнати учун” медали ва “5 йиллик зарбдори” мукофотлари қаторида жами 83 марта рағбатлантирилган ҳамда тантаналар билан пенсияга кузатилган.

Лекин Содиқ Қосимовга ҳақиқий шуҳрат ГАИдаги фаолияти ортидан келади. Унинг жуда узун ва гажакдор мўйлови, таёғини моҳирлик ва санъаткорона ўйнатиши, ҳаракатни назорат қилишда ҳуштагини усталик билан чалишини одамлар мароқ билан томоша қилиб туришган. Бу ҳаракатлари учун Содиқ Қосимовни “артист” деб атаганлар.

У вақтлари ҳали светофорлар кўп жойда бўлмаган, ходимлар махсус форма ва иссиқ бўлишига қарамай этик ва фуражкада йўллардаги ҳаракатни чорраҳалар ўрталарига туриб олиб назорат қилишган.

Содиқ Қосимов ҳар бир қоидабузарликни эринмай тушунтирган, жаримани адолатли қўллаган ва ҳеч қачон пора олмаган. Унинг бу борадаги қатъиятини билган ва яхши таниган ҳайдовчилар пора таклиф қилишни хаёлларига ҳам келтиришмаган.

Хушчақчақ бу инсоннинг фотосурати 1966 йилда иттифоқнинг машҳур “Огонёк” журнали муқовасида босилган. Сураткаш Лев Шерстенников Содиқ Қосимовнинг кайфиятини, одамларга ва ўз касбига бўлган муносабатини сурат орқали акс эттира олган.

Фото: KUN.UZ

“Содиқ Қосимов каби инсонлар ички ишлар тизимининг фахри ҳисобланади ва уларнинг фаолияти ходимларимизга ўрнак қилиб кўрсатилади. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ташкил қилинган “Шон-шараф” музейида ҳам Содиқ Қосимовга алоҳида бўлим ажратилгани бежиз эмас. Бу ходим ҳалигача тизимга садоқат ва ҳалоллик рамзи бўлиб келмоқда. Музейимизга ташриф буюрганлар унинг ҳаёт йўли билан кенгроқ танишсалар мақсадга мувофиқ бўлади”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ катта инспектори Жамолиддин Насимов.

Душанбедаги мўйловдор ГАИ

Тожикистоннинг ҳам айнан шундай ГАИ ходими борлиги ва ҳар иккиси деярли бир даврда ҳамда бир хил услубда ишлаб ўтганлари қизиқ.

1936 йилда оддий қишлоқ оиласида туғилган болага Ёрмаҳмад деб исм қўйишади. Ёшлигидан Қуръонни яхши ўрганган болакайнинг исми ёши ўсмирликка етганида Мулла деб ўзгартирилади.

Мактабни тугатган Мулла Нуров ҳайдовчи бўлиб ишлайди, ҳарбий хизматни Бойқўнғир космодромида ўтайди. Шахсан Сергей Королёвнинг ҳайдовчиси бўлгани, Валентина Терешкова ва бошқа кўплаб космонавтларни кўрганини фахрланиб эслайди.

Хизматдан қайтиб ҳайдовчилик қилаётганида уни ГАИ ходими тўхтатади ва бирор қоидабузарлик қилмаган бўлса-да жаримага тортади. Шундан кейин Мулла автоинспектор бўлишга аҳд қилади ва кўп синовлардан ўтиб ГАИга ишга киради.

Нуровнинг 33 йиллик фаолиятига оид жуда қизиқарли маълумотлар сақланиб қолган. У спиртли ичимликлар ичган ҳайдовчиларни узоқдан пайқаши билан шуҳрат қозонган. Бир куни у ҳамкасблари билан баҳс бойлашиб, учта ҳайдовчини тўхтатади ва уларнинг учови ҳам ичган бўлиб чиқади.

Умуман, фаолияти давомида Мулла Нуров 14 мингдан ортиқ маст ҳайдовчиларни тутиб, чора кўргани билан тарихда қолган.

Мўйловдор ГАИ умуман пора олмаслиги, таниш-билишчиликка йўл қўймаслиги билан ҳам тилга тушган. Унинг ҳатто ўз хотинига нисбатан ҳам жарима қўллаганига оид гап-сўзлар юради ва унинг ҳалоллигини яхши биладиган кўпчилик бунга ишонади ҳам. Унинг ўғли Анвар бу маълумотни тасдиқлаган. Онаси белгиланмаган жойдан ўтаётгани учун отаси келиб ўзини таништирган ва ўз хотинига жарима ёзиб берган. Хотини бир неча кун аразлаб юрса-да, барибир эрининг феълини билган ҳолда кечирган.

1990-йилларда Тожикистонда фуқаролик уруши бошланиб кетади. Нуров аланга ичида қолган Душанбеда ҳам хизматини давом эттираверади. Аммо унга ҳам қасд қилганлар бор эди – 1992 йилнинг 2 декабрида у хизмат машинасида отиб кетилади. Шаҳар бедарвоза ҳолга келиб тургани учун айтарли тергов ҳам олиб борилмайди, Мулла Нуровнинг 7 фарзанди чирқираб қолаверади.

1994 йилдан бошлаб Тожикистон ИИВ Мулла Нуров номидаги мукофотни таъсис этган.

Аброр Зоҳидов

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид