Ҳоким ўринбосари — фермер, молия бошлиғи — тадбиркор? Тошкент вилоятидаги эҳтимолий манфаатлар тўқнашувига мисоллар
Тошкент вилоятидаги ҳокимлик ва бошқа давлат бошқарув органлари мансабдорларининг исм-шарифлари пойтахт ва вилоят ҳудудида очилган фирмалар эгалари ва раҳбарларининг исм-шарифлари билан мос келмоқда. Бу тасодифми ёки улар айни бир шахсларми?
Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Барҳаёт Бахтиёржонович Мелиев ҳисобланади.
Шунингдек, очиқ маълумотларга кўра, «OSIYO OQSHOMI» МЧЖнинг 50 фоиз улушига Барҳаёт Бахтиёржонович Мелиев эгалик қилади.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг ишлар бошқармаси раҳбари сифатида Абролжон Ғофурович Сулайманов фаолият юритади.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган “EVOLUTION AGRONOMY” МЧЖ раҳбари ва 50 фоизлик улуши эгаси ҳам айнан Абролжон Ғофурович Сулайманов қилиб кўрсатилган.
Вилоят ҳокимлиги сайтида ҳокимликнинг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича гуруҳи раҳбари сифатида Рахматжон Махаматович Куралов кўрсатилган.
Шунингдек, автомобилларга техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатувчи “BIZNES START DONIYOR” МЧЖ раҳбари ва 100 фоизлик улуш эгаси ҳам Рахматжон Махаматович Куралов ҳисобланади.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири Фаррух Анварович Рахматуллаев ҳисобланади.
Тошкент вилоятининг маркази — Нурафшон шаҳрида рўйхатдан ўтган “RELAX TOUR” МЧЖнинг 100 фоиз улушига ҳам Фаррух Анварович Рахматуллаев эгалик қилади. Дарвоқе, ушбу МЧЖ туристик агентликлар фаолияти билан шуғулланади.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибияти мудири лавозимида Фурқат Қахрамонович Кадиров ишлаб келмоқда.
Очиқ маълумотларда “DARHON AGRO KLAST” фермер хўжалигининг раҳбари ва 100 фоизлик улуши эгаси сифатида Фуркат Кахраманович Кадиров кўрсатилган.
Айни пайтда Тошкент вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида Олимжон Ахмедович Халикулов фаолият юритмоқда.
“SADAF DIYOR SAVDO” МЧЖга раҳбарлик ва 100 фоиз улушига эгалик қилувчи шахснинг исм-шарифи ҳам бошқарма бошлиғиники билан айнан бир хил - Олимжон Ахмедович Халикулов.
Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ва вилоят маркази Нурафшон шаҳрида рўйхатдан ўтган “SMART KADASTR” МЧЖнинг 33,30 фоиз улуши эгасининг ҳам исм-шарифи Жасур Давлатбоевич ҳисобланади.
Тошкент вилоятининг туман ва шаҳар ҳокимликлари амалдорлари билан боғлиқ ўхшашликлар ҳам талайгина.
Музаффар Ғайратович Сулкаев – Ангрен шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида маълум.
“ANGREN OBODONLASHTIRISH VA KO‘KALAMZORLASHTIRISH JAMG‘ARMASI” МЧЖнинг 100 фоиз улушига ҳам Музаффар Ғайратович Сулкаев эгалик қилади.
Бўка тумани ҳокимининг ўринбосари – Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида Юнусали Умаралиевич Иноқов ишлаб келади.
Мазкур туманда фаолият юритувчи “BO‘KA AGRO PARK” фермер хўжалиги раҳбари ва 100 фоизлик эгаси ҳам Юнусали Умаралиевич Иноқов ҳисобланади.
Оҳангарон туман ҳокимининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Икром Жалолович Файзиев бўлгани ҳолда, худди шундай исм-шарифга эга шахс шу тумандаги “FAYZLI QORI-OTA” фермер хўжалиги раҳбари экани маълум бўлди.
Оҳангарон тумани ҳокимининг яна бир ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида Насиба Акмаловна Гафурова фаолият юритиб келади.
Очиқ маълумотларга кўра, Оҳангарон шаҳрида жойлашган “BEXISHT IFORI” хусусий корхонаси раҳбари ва эгаси ҳам Насиба Акмаловна Гафурова ҳисобланади.
Мақолада эсланган амалдорлар ва тадбиркорларнинг айнан бир шахс экани бўйича таҳририятда тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Бу масала суриштирувларнинг кейинги мавзуси бўлса ажаб эмас.
Аммо, башарти, улар бир шахс бўлиб чиқса, бир қатор қонун ҳужжатлари бузилган бўлиши мумкин.
Хусусан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига кўра, ҳоким, унинг ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа ходимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари мумкин эмас. Юқорида кўрилган бир қатор ҳолатларда эса мансабдорлар таъсисчи бўлиши билан бирга шу ташкилотнинг раҳбари бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Тадбиркорлик субъектига раҳбарлик эса бу алоҳида лавозим дегани. Қонунга бундай тақиқни киритишда амалдор асосий ишидан чалғиб кетмаслиги ҳам мақсад қилинган бўлса ажаб эмас.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга кўра, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмас.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган тоифалар рўйхати Ҳукумат қарорида аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида фермер хўжалиги – ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти экани айтилади.
Ушбу Қонуннинг 4-моддасида фермер хўжалигининг бошлиғи шу хўжаликнинг муассиси, яъни фермер ҳисобланиши, бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан ана шу хўжалик бошлиғи иш кўриши белгиланган.
Бундан келиб чиқадики, фермер хўжалигининг муассиси бир вақтнинг ўзида фермер ва тадбиркор ҳисобланади.
Ҳозирча Ўзбекистонда давлат ташкилотларининг мансабдор шахсларига масъулияти чекланган жамият таъсисчиси бўлишга қатъий тақиқ йўқ. Бироқ, ҳокимликнинг туризм бўйича ваколатли шахси бир вақтнинг ўзида туризм соҳасида фаолият юритувчи фирманинг эгаси бўлиб чиқиши, ҳокимликда қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ваколатли мансабдорнинг айни вақтда шу ҳудудда фермер бўлиши ёхуд кадастр соҳаси масъулининг кадастр бўйича хизмат кўрсатувчи хусусий тижоратчи ташкилот эгаси бўлиши, албатта, Ўзбекистон учун уятли ҳолат ҳисобланади. Негаки, бундай қонунчилик билан манфаатлар тўқнашуви рискини бартараф этишнинг умуман имкони йўқ.
Аввалроқ, адлия вазири Русланбек Давлетов ҳозирча ўзбек амалдорларига масъулияти чекланган жамият таъсисчиси бўлишга тақиқ мавжуд эмаслигини, бугунги кундаги қонунчилик бўйича, бу тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги, бироқ бу тартиб бизга тўғри келмаслиги, вазирлик буни қайта кўриб чиқиб, таклифлар бераётганини маълум қилганди.
Аббос Салайдинов
Мавзуга оид
08:14
Тошкент вилоятида “закладчиклар” қўлга олинди
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024