Жамият | 18:25 / 11.08.2022
22649
7 дақиқада ўқилади

Саудиядаги ўзбеклар, Мадина Ислом университетида ўқиш, фиқҳ ва жамият — Маҳмуд Усмон билан интервю

Кўплаб ватандошларимиз турли вақтларда ва турли сабаблар билан Саудия Арабистонига бориб қолишган. Бундан ташқари, айни вақтда қиролликдаги таълим муассасаларида ҳам кўплаб юртдошларимиз таълим олади. Мусулмонлар учун муқаддас икки Ҳарам – Маккайи мукаррама ва Мадинайи мунаввара жойлашган бу бой давлатга доим халқимизда қизиқиш юқори бўлиб келган.

Kun.uz мухбири Саудия Арабистонидаги ўзбеклар, ишлаш ва таълим олиш, шунингдек бошқа масалаларда узоқ йиллардан буён ушбу давлатда истиқомат қилиб келаётган юртдошимиз, Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон билан суҳбатлашди.

— Дастлаб узоқ йиллардан бери Саудия Арабистонида яшаётган ёки маълум сабаблар туфайли у ерга бориб, ишлаётган юртдошларимиз ҳақида сўзлашсак. Уларнинг яшаш тарзи, ҳаёти тўғрисида қисқача гапириб берсангиз.

— Саудия Арабистонидаги ўзбекларни 3 тоифага ажратса бўлади. Биринчиси – ота-боболари шўролар даврида Саудия Арабистонига ҳижрат қилиб, ўша ернинг фуқаролигини олиб қолиб кетган ўзбеклар. Уларнинг орасида сиёсий шахслар, вазирлар, давлат вакиллари, олимлар ҳам бор.

Иккинчи тоифа ўзбеклар Афғонистон фуқароси бўлган ўзбеклар ҳисобланади. Улар ўша шўролар даврида Афғонистонга ҳижрат қилиб бориб, кейин Саудия Арабистонига келган ўзбеклардир. Уларнинг баъзилари олдин кўчиб бориб, фуқаролик олмаган бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг ижтимоий ҳолати биринчи тоифа билан тенг бўлмагани учун улар кўпчиликка таниш эмас. Лекин улар ҳам Саудияда кўпчиликни ташкил этади.

Учинчи тоифага эса Ўзбекистон фуқаролари киради. Мана шу тоифани ҳам 4 га бўлиш мумкин, аслида. Биринчи гуруҳга Саудия Арабистонида ўқийдиган талабалар киради. Улар ҳозирда у ердаги нуфузли олийгоҳларда таҳсил олишмоқда.

Кейинги гуруҳ вакиллари – олий маълумотли, ўзининг соҳаси бўйича ишлаш учун кетган ватандошларимиз. Улар ҳозирда Саудия Арабистонининг меҳнат қонунчилиги асосида, ҳуқуқлари тўлақонли ҳимоя қилинган тарзда 2-3 минг доллар эвазига шартнома билан ишлашмоқда. Бунда шартномаларни яхшилаб ўрганиб, унга кейин қўл қўйишни тавсия қилган бўлардим.

Учинчи гуруҳ эса мутахассис сифатида кетган, аммо олий маълумотли бўлмаган ватандошлар саналади. Улар ошпаз, махсус ресторанларда ишловчи ходимлар бўлиши мумкин. Яъни қандайдир мутахассисликка эга, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган қатлам. Бу гуруҳдагилар ўртача 1-2 минг долларгача ойлик олишади. Уларнинг муаммолари нисбатан кўпроқ бўлиши мумкин.

Тўртинчи гуруҳга эса Саудия Арабистонига бориб, уй ишчиси бўлиб ишлайдиганларни киритамиз. Бошқа гуруҳларга солиштирганда, уларнинг яшаш шароити ва иши оғирроқ бўлади, дам олиш кунлари бўлмайди. Саудия меҳнат қонунчилиги бўйича уларни ҳимоя қилиш қийин.

Бундан ташқари, яна бир тоифага кирувчилар ҳам бор, улар Саудияга талаба бўлиб кетган, ўқишни битириб ўша ерда қолиб кетган ўзбеклар ҳисобланади.

Умуман олганда, ватандошларга олий маълумотли бўлиб, мутахассис сифатида бормоқчи бўлишса, тавсия бераман шу мамлакатга боришни. Аммо бошқа ҳолатларда бормагани яхши.

— Саудия Арабистонига олий маълумотли мутахассис сифатида боришни тавсия қилдингиз. Шунда кадрларимиз қайси тилни яхши ўрганиб боргани маъқул, инглиз тилими ёки араб тили?

— Албатта, биринчи навбатда инглиз тилини билгани муҳимроқ. Сабаби кўпинча уларни ишга ёллаш вақтида, айниқса олий маълумотли инсонлар чақирилаётганида уларнинг инглиз тилисига эътибор берилади. Қолаверса, араб тилини билгани ҳам фойдадан холи эмас, бу улар учун ижобий натижа олишида кўмак беради.

— Юқорида Саудия Арабистонидаги олийгоҳлар, у ердаги ўзбек талабалари ҳақида ҳам сўз очдингиз. Демак, араб университетларига қизиқишлар юқори. Хўш, Саудия Арабистонида талабалар учун қандай шароитлар яратилади? Умуман у ернинг ўқиш тизими ҳақида гапириб берсангиз.

— Ижтимоий тармоқларда ҳам бу савол кўп сўралади, айниқса ота-оналар томонидан. Киши ҳар бир қарорини қабул қилишдан аввал ўша қарорини тарозига солиб кўради.

Саудия Арабистонида ўқишнинг салбий кўринган бир жиҳати бор. Биламиз, у ердагилар ҳанбалия мазҳабига амал қилади. Саудия Арабистонига борганлар бу мазҳабни янаям чуқурроқ ва яхшироқ ўрганишади, юртига қайтганда эса шундан келиб чиқиб, бошқаларга ўргатишни, фатво беришни бошлайди. Аслида эса ҳанбалия мазҳаби уламолари наздида бу нотўғри ҳисобланади.

Ёки у ердаги ақидавий қарашлар бизнинг юртимиздагидан фарқ қилиши ҳам мумкин. Бу ҳам муаммоли нуқта сифатида кўрилиши мумкин.

Ижобий нуқталарни кўрадиган бўлсак, у ерга ўқиш учун борганлар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган шаҳарда бўлиш имкониятига эга бўлади. Масжиди Набавийда намоз ўқийди, истаган вақтида Умра зиёратини ҳам ўтайди, яхши ибодатлар қилади, кўплаб олимлар билан танишади.

Қолаверса, Саудия Арабистони университетларида, айниқса, Мадина Ислом университетида ҳанафийлик мазҳаби ўргатилади. Яъни университетнинг асосий курси сифатида эмас, қўшимча тўгаракларда ўргатилади.

Толиби илм аҳли учун барча шароитлар яратилган, бунинг учун катта-катта олимлар ҳам жалб қилинган. Яъни ўқиш вақтида ҳанбалийлик, ўқишдан ташқарида ҳанафийлик мазҳабларини ўрганишлари мумкин. Бу эса уларнинг ҳам илми янада кенгайишига хизмат қилади.

У ерда таҳсил олишнинг яна бир ижобий томони – Саудия Арабистонининг дипломлари Ўзбекистонга ҳам ўтади. Ўқишни тамомлагач, ватандошлар яна юртига қайтиб, магистратура ёки докторантурани ҳам давом эттиришлари мумкин.

Агар мендан сўрашса, албатта, Саудия Арабистонида ўқишни тавсия қиламан. Ўқиганда ҳам фойдали илм олиб, кучли мутахассис бўлиб, Ўзбекистонга қайтиб, қандайдир ижобий ўзгариш қилишга ҳаракат қилиш керак.

Саудияда талабалар расман ишлаши мумкин эмас, улар келганда шунақа шарт қўйилади. Лекин университет рози бўлса бошқа гап. Бундан ташқари, Саудия университетлари бой: ётоқхона, овқат ва китоблар учун пул беради. Бундан ташқари, иқтидорли талаблар учун махсус стипендиялар берилади.

Тўлиқ интервю билан юқоридаги видеода танишиш мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов.
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосалари асосида тайёрланган.

Мавзуга оид