Ўзбекистон | 21:33 / 02.01.2019
67639
6 дақиқада ўқилади

Хорижга чиқиш учун янги биометрик паспорт ва ID карта: эскиси яна қанча амалда бўлади?

“Ўзбекистон24” телеканалининг “Қарама-қарши” ток-шоусининг навбатдаги сони 2019 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган Хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи янги паспорт ва ОВВИР стикерларига бағишланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари Низомхон Хўжаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш имконини берувчи биометрик паспорт 48 саҳифадан иборат бўлади, муқовасининг ранги эса тўқ қизил бўлиб, у 10 йил муддатга берилади. ОВВИР стикерларидан фарқли ўлароқ, янги паспорт билан 2 йил эмас, 10 йил муддатга хорижий давлатларга чиқиш имкони берилади.

Н.Хўжаев паспорт муқовасининг тўқ қизил рангда бўлишига сабаб қилиб, жаҳоннинг аксарият етакчи давлатларда паспортларнинг ранги тўқ қизил тусда экани ва паспортни ажратиб олиш осонроқ эканлигини таъкидлаб ўтди.

Таҳририят маълумоти: Қайд этиб ўтиш жоизки, жаҳон давлатлари паспортлари муқовалари бор-йўғи 4 хил рангда бўлади: тўқ кўк (зангори), тўқ қизил, яшил ва қора. Қуйидаги харитадан жаҳон давлатлар паспортлари муқоваси қайси рангда эканини билиш мумкин.

Ток шоуда янги хорижга чиқиш паспорти саҳифаларининг одатдагидан кўпроқ бўлиши ҳам фуқароларнинг хорижга чиқиб келишларида чегарадан ўтилаётгандаги муҳрлар билан тезда тўлиб қолмаслигига имконият яратиш мақсадида қилингани таъкидланди.

Мазкур паспортдан мамлакат ичида ҳам шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида фойдаланиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Чет элга чиқиш паспортини олиш учун фуқароларга қўйиладиган талабларга тўхталар экан, Низомхон Хўжаев шундай деди:

“Фуқаро ўзи тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ тақдим этиши, ариза ва анкеталарни тўлиқ тўлдириши керак”.

Ариза топширилгач, янги паспорт 10 иш кунида тайёрлаб берилади.

Н.Хўжаевнинг таъкидлашича, янги хорижга чиқиш биометрик паспортидаги чипга ҳам бармоқ излари ва паспорт эгасининг фотосурати жойлаштирилади. Фуқарога тегишли бошқа маълумотлар, масалан, ДНК таҳлили натижалари киритилмайди.

Янги биометрик паспорт хорижга чиқувчи вояга етмаган болаларга ҳам берилади. Унинг олиш тартиби катталарники билан бир хил. Фақатгина вояга етгунга қадар 5 йил муддатга берилиши таъкидлаб ўтилди.

Гарчи ток-шоу хорижга чиқиш учун жорий этилаётган янги биометрик паспорт масалаларига бағишланган бўлса-да, кўрсатувга эксперт ва томошабин сифатида таклиф қилинган Тошкент шаҳридаги маҳалла оқсоқоллари мавзуни ўзгартириб, ўзларини қийнаётган муаммо — бузилаётган ҳудудларда янги барпо этилаётган оилаларнинг пропискаси ҳақида саволлар бера бошлашди.

Жумладан, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Анорзор” МФЙ раиси Зайниддин Сирожиддинов “қизил чизиқ”қа тушиб қолган оила ўз фарзандини уйлантириб, келин туширса ёш оила қаерда пропискада туради, деб савол берди. Афтидан, пойтахтда бузилаётган маҳаллаларда ёш оилани пропискага қўйиш муаммоси пайдо бўлган.

Саволга жавоб берар экан, Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Жасур Мамадалиев бу масала долзарб бўлиб турганини қайд этди.

“Бизнинг вазифамиз — ҳужжатлар тўлиқ бўлса доимий рўйхатга қўйиш. Ҳокимликнинг вазифаси эса сизнинг ҳолатингиз ва шароитингиздан келиб чиқиб, бузилиш ҳудудини ўрганиб чиқиб, комиссия хулосасини бериб, маълумотнома тақдим этишдир. Комиссия ёрдамида ўрганиб, ҳокимлик маълумотномани тақдим этилса, М ва ФРБ ҳеч қандай муаммосиз доимий рўйхатга қўйиб беради”, деди Жасур Мамадалиев.

“Илгари ОВВИР стикерлари олиш учун ҳужжат топширилганида анкета маҳалла томонидан тўлдирилиб, имзолаб, муҳрлаб бериларди. Янги хорижга чиқиш биометрик паспортини беришда мазкур амалиётдан воз кечиладими?” деб савол берди маҳалла раисларидан бири.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг чет элга чиқишларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Алишер Аҳмедов мазкур саволга жавоб берар экан, шундай деди:

— Илгари ҳақиқатдан ҳам анкетани маҳалла тўлдириб тасдиқлаб берар эди. Энди хорижга чиқиш паспортини олмоқчи бўлган фуқаро келиб, аризани ўзи тўлдиради.

“Янги йилдан хорижга чиқувчиларнинг барчаси янги биометрик паспорт олишлари шартми?” деган саволга Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари Низомхон Хўжаев “ОВВИР стикери амал қилиш муддати тугагунча эски биометрик паспорт билан (2 йилгача) хорижга чиқиш мумкин бўлади”, деб жавоб берди.

Алишер Аҳмедов жавобни тўлдирар экан, яна 2 йил мобайнида эски биометрик паспортлар билан ОВВИР стикерисиз МДҲ давлатларига ҳам чиқиб келиш мумкинлигини айтиб ўтди.

ID карталарнинг жорий этилиши ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Жасур Мамадалиев шундай деди:

— ID карталар 2021 йил 1 январдан фуқароларга берила бошланиши белгиланган. Айни пайтда бу борада ишлар секин аста режалаштирилиб, ID картага ўтиш базалари яратилмоқда. ID картанинг афзаллиги шунда бўладики, фуқаронинг электрон маълумотлари битта базага жамланган бўлади. Бу мамлакат ичкарисида паспортнинг ўрнини босадиган, шахсни тасдиқловчи ва фуқаролик муомаласи лаёқатига эга бўлган ҳужжат ҳисобланади.

Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими инспектори Музифа Султонованинг айтишича, ID карта орқали ҳар бир фуқаро рақамлаштирилади. Фуқароларнинг ягона автоматлаштирилган маълумотлар базасига фуқарога тегишли маълумотлар киритилади. Фуқарога бериладиган рақам бўйича нафақат биографик маълумотлар, яшаш жойи, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, қариндошлари, қонининг резус фактори каби барча керакли маълумотларни олиш мумкин бўлади. Давлат ташкилотлари ва бошқа идораларга керакли маълумотларни тақдим этиш учун ҳужжат кўтариб юрилмайди. Барчаси ID картада мужассам бўлади.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид