Ўзбекистон | 17:14 / 26.04.2019
11889
5 дақиқада ўқилади

Мактабгача ҳамда умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишлари тартибга солинади

Фото: ЎзА

Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача ҳамда умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишнинг мақсади мактабгача таълим бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишда мактабгача таълим муассасаларининг роли ва масъулиятини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ сифатли таълим-тарбия берилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мактабгача таълим муассасаларидаги ижро интизомини мустаҳкамлаш, педагоглар ва бошқа ходимларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувга чек қўйиш, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан таълим-тарбия сифатига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.

Қуйидагилар мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишнинг вазифалари ҳисобланади:

мактабгача таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнининг сифатини, педагогларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини оширишга кўмаклашиш;

қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни содир этиш шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ўз вақтида ва сифатли таъминланишини ташкил этиш;

мактабгача таълим муассасалари фаолиятида кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда тўлақонли текширишлар самарадорлигини ошириш;

мактабгача таълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, таълим-тарбия жараёни устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш;

мактабгача таълим муассасалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таьминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш ва тартибга солиш.

Мактабгача таълим муассасаларида:

тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари томонидан;

ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиш, ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни ўчиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва илмий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилинишини ўрганиш, санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш, педагог ходимлар ва тарбияланувчиларнинг санитария маданияти даражасини ошириш, давлат санитария назоратини амалга ошириш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази ва ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан;

меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан назорат ва текширувни амалга ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш марказлари томонидан;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва зарарини камайтириш юзасидан чораларни амалга ошириш, фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга тайёр бўлишни ташкил этиш, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан;

ер, ер ости бойликлари, сув, дарахтлар ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини ўрнатиш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш борасида ягона сиёсатни амалга ошириш, чиқиндилар билан боғлик ишларни амалга ошириш, педагоглар ва тарбияланувчиларнинг экологик маданиятини ошириш масалалари бўйича текшириш - Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид