Жамият | 09:15 / 10.09.2020
239338
6 дақиқада ўқилади

Машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилмоқда. ИИБ жиноий иш очишни рад этди

Таниқли эстрада хонандаси лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилмоқда. ИИБ ҳолатда жиноят аломатлари йўқ, деб топган. Kun.uz ҳолат юзасидан қизнинг ўзи, отаси ва ишга алоқадор бошқа шахслар билан суҳбатлашди.

Ш.нинг айтишича, у Самарқанд шаҳридаги лицейлардан бирида таҳсил олади. У билан бирга ўқийдиган каттақўрғонлик дугонаси Д. таниқли эстрада хонандаси Ж.ни шахсан таниши, ўзларига яқин ҳудудда туғилгани ва оилавий базмларга келиб туришини айтиб юради. Д. дугонасига агар истаса, уни хонанда Ж. билан таништириб қўйиши мумкинлигини айтади. Аксарият ёшлар қатори Ш. ҳам хонанданинг қўшиқларини эшитиб юргани сабаб у билан шахсан танишишга қизиқиб қолади.

2020 йил 12 июнь куни Д. дугонаси Ш.ни конференцалоқа орқали хонанда Ж. билан телефонда суҳбатлаштиради. Хонанда: «Каттақўрғонга келинг, сизни ўзим кутиб оламан», дейди. Суҳбатнинг эртасига, 13 июнда қиз йўлга чиқишидан аввал Д. билан яна гаплашиб олади. Дугонаси уни туманда кутиб туришига, кейин опасиникига боришларига келишилади. Соат 18:30лар атрофида хонанда Ж. қизларни кўча бошида оқ «Ласетти» машинасига миндириб, бошқа бир ҳовлига олиб боради. Ш. у ерда уйнинг эгасидан ташқари яна икки киши бўлганини айтмоқда.

Ж. дастурхон устида Ш.га коньякка ўхшаш ичимлик қуйиб беради. У ичишни рад этгач, «ич, ичиб кўр» дея мажбурлайди. Қиз ўша ичимликни ичганидан бироз ўтиб, хонанда уни «сизда гапим бор» деб бошқа хонага олиб ўтган. Ўша хонада Ш.га: «Дугонанг сенинг қиз бола эмаслигингни айтяпти», деган. Қиз бу гапдан сўнг ўзининг бокира эканини билдириб, қаршилик кўрсатса-да, йигит куч ишлатиб, у билан жинсий алоқада бўлади.

Ш. бу ҳолатдан карахт аҳволга тушиб қолгани ва додлай бошлаганини айтмоқда. Қоронғида кўчага чиқиб кетганини кўрган Ж.нинг шериклари ташқарида уни машинага миндириб, пичоқ ўқталган, қабристон олдига олиб бориб қўрқитишган. Маълум муддатдан сўнг яна ўша ҳовлига қайтариб олиб келишган. Хонанда: «Сен қиз бола чиқмадинг», дея у билан яна бир марта жинсий алоқада бўлган.

Бирор соатлардан сўнг қизларни Д.нинг уйига ташлаб кетишган.

Икки кун давомида Ш. қўрқув ва тушкун ҳолатда Каттақўрғонда қолиб кетганини маълум қилди. Ўзининг ҳолатини холасига телефон орқали билдиргач, отаси билан бирга етиб боришган...

Бу воқеалардан хабар топган Ш.нинг яқинлари аввалига андиша қилишганини айтмоқда. Масалан, холаси хонанданинг уйига бориб, оила аъзоларига бу ҳақида хабар берган. Ими-жимида турмуш қуришларини таклиф қилган. Табиийки, Ж.нинг онаси, яқинлари совуқ муносабатда бўлишган. Қизнинг ўзини айблашган. «Бизни ўғлимизнинг тайини йўқ, қизларинг бахтли бўлолмайди. Тенги чиқса, бошқага бериб юборинглар», дейишган.

15 июнь куни ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБга мурожаат қилинган.

Хонанда қизнинг отаси ва холаси билан бир неча марта телефонда гаплашгани ёзиб олинган. Аудиоёзувлардан Ж. қизнинг яқинлари билан маълум жойларда учрашишга келишгани, муроса қилишга урингани ва оқибатда бу учрашув амалга ошмаганини англаш мумкин.

Kun.uz хонанда Ж. билан телефон орқали боғланди.

Ж. вазиятга изоҳ берар экан: «Мен ҳеч кимни мажбур қилмаганман. Ўша куни нима бўлган бўлса, қизнинг ўз хоҳиши билан бўлган. Қолаверса, Ш. билан биргина менинг ўзим алоқада бўлмаганман, улар менга ёпишиб олишди. Яна икки нафар «братишкам» ҳам бор эди. Мен унинг вояга етмаганини ҳам билмаганман. Қизнинг отаси «шантаж» қиляпти. Мендан уй талаб қилди. Бизнинг фаолиятимизда бунақа ҳолатлар тез-тез бўлиб туради», деди.

Ш.нинг отаси ҳолат юзасидан 18 июнь куни суд-тиббий экспертизаси ўтказилганини, унда қизининг танасида жароҳатлар мавжудлиги, қизининг иффати бузилгани, бузилиш санаси 13 июнь кунига тўғри келиши ҳақида ёзилганини айтмоқда.

Таҳририят йўллаган сўровга жавобан, Самарқанд вилоят ИИБ ҳолат юзасидан изоҳ берди. Бошқарма ахборот хизмати берган маълумотга кўра, мазкур ҳолатда Ж. ва бошқаларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли, ЖПКнинг 36-моддаси, 83-моддаси 2-бандини қўллаб, тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Ариза муаллифига оилавий ва фуқаролик низолар бўйича даъво билан тегишли фуқаролик судига ҳамда турмуш қуриш масаласида Каттақўрғон тумани ФҲДЁ органига мурожаат қилиши мумкинлиги ёзма равишда тушунтирилган.

Суриштирув органи нега бундай қарорга келганини чуқурроқ ўрганиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти билан боғландик. Аммо, маҳкамадан ўзимизни қизиқтирган саволларга аниқ жавоб ололмадик.

Хулоса қилгимиз йўқ. Ҳақиқатан ҳам инсон шаъни – нозик масала. Эндигина 16 ёшдан ўтган қиз: «Мени зўрлаб, номусимга тегишди», деб турибди. Суриштирув органи эса нима учундир бу ҳолатда жиноят юз бермаган, деб топган. Сабаблари хозирча ноаниқ.

Ички ишлар идораларининг суриштирув фаолияти устидан назоратни амалга оширувчи органлар мазкур ҳолатга муносиб баҳо беришда адолат ва қонунийлик принципларига амал қилинишини таъминлайди, Олий Мажлис Сенати ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам мазкур ҳолатга бефарқ қарамайди, деб умид қиламиз.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Исомиддин Пўлатов
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид