Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
Маданий мерос агентлиги Андижон шаҳрида жойлашган Бобур ҳайкалини шаҳарнинг бошқа қисмига кўчириш юзасидан мурожаат келиб тушганини тасдиқлади. Агентлик тегишли ташкилотларга бу каби масалалар бўйича илмий-эксперт кенгаши хулосасини олиш зарурлигини тушунтирган.
Маданий мерос агентлиги Андижон шаҳрида жойлашган Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилаётгани юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.
Аввалроқ Андижон шаҳрида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига турар жой қуриш режалаштирилгани ҳақидаги хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Маданий мерос агентлигига кўра, ҳолат юзасидан агентликнинг Андижон вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Қайд этилишича, Андижон шаҳри Бобур ҳамда Амир Темур кўчалари кесишмасидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур монументал санъат ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Моддий маданий меросининг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган.
Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан 2024 йилнинг 8 ноябрида Андижон вилояти Маданий мерос бошқармасига Андижон шаҳар Бобуршоҳ ҳамда Амир Темур кўчалари кесишмасидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур монументал санъат ёдгорлигининг шаҳардаги Абдурауф Фитрат кўчасида жойлашган «Жоме меъморий мажмуаси» архитектура ёдгорлиги ҳудудига кўчирилиши юзасидан мурожаат келиб тушган.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунда«Моддий маданий мерос объектини ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш – моддий маданий мерос объектининг тарихий-бадиий қийматини ва асралишини ўзгартирмасдан унинг тарихий-маданий қимматга эга бўлган унсурларини таъмирлаш асосида ундан ҳозирги замонда фойдаланишга шарт-шароит яратиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларини амалга ошириш» белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси қарорида «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларга Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан хулоса бериш белгиланган.
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, бошқарма томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур монументал санъат ёдгорлигини кўчириш масаласи юзасидан тегишли ташкилотларга Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашидан хулоса олиш учун тушунчалар берилган», — дейилади хабарда.
Агентлик президент қарорига мувофиқ соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари ташкилот билан келишилиши мажбурий ҳисобланишини эслатиб ўтди.
Шунингдек, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари агентлик билан мажбурий тартибда келишилиши белгилаб қўйилган.
Мавзуга оид
20:54 / 26.11.2024
Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси. Дефицит – 36 трлн сўм
15:56 / 25.11.2024
Андижон давлат техника институти ташкил этилади
07:40 / 25.11.2024
Икки туманда 966 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
22:05 / 23.11.2024