Ўзбекистон | 16:44 / 26.07.2023
9424
1 дақиқада ўқилади

Фарғонада мансабдорлар мингдан ортиқ дарахтларни кесиб ташлаган – Бош прокуратура

“Бағдодмахсуссувпудрат” МЧЖ мансабдорлари ва бошқалари Катта Андижон канали қирғоғидаги 1 минг 213 туп дарахтни кесиб ташлаган. Бош прокуратура ва Экология вазирлиги ўрганишларига кўра, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 4,6 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Фото: Wikimedia

Бош прокуратура ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида Фарғона вилоятида ўтказилган ўрганишда мораторий талабларини бузиш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, жорий йил январь-февраль ойида “Бағдодмахсуссувпудрат” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар Норин-Фарғона ирригация тизимидаги Катта Андижон канали қирғоғида ўсиб турган 1 минг 213 туп дарахтни қасддан кесиб ташлаган. Натижада ўсимлик дунёсига 4,6 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ички ишлар органи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бош прокуратура томонидан мазкур жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган.

Мавзуга оид