Жамият | 22:32 / 11.04.2020
21332
4 дақиқада ўқилади

Йўл транспорт ҳодисаси йўлнинг носозлиги сабабли юз берса, буни экспертиза орқали исботлаш мумкин – эксперт

Эндиликда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаси йўлнинг носозлиги сабабли юз берганини экспертиза орқали исботлаш мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси маркази бош эксперти Муроджон Маҳкамов Kun.uz’га берган интервьюсида маълум қилди.

“Ўзбекистон президентининг 4125-сонли қарорига асосан, Республика суд экспертизаси марказида бир қатор янги турдаги экспертизалар жорий этилиши назарда тутилган. Улар орасида марказнинг Суд-автотехника экспертизаси лабораториясига тегишли суд автомобиль йўллари экспертизаси йўлга қўйилиши белгиланган эди. Ушбу янги турдаги экспертизани амалиётга татбиқ қилиш ва экспертлар учун методик қўлланмани ишлаб чиқиш мақсадида республикадаги автомобиль йўлларига тегишли барча меъёрий ҳужжатлар ва стандартлар ўрганиб чиқилди, мазкур йўналишда илмий ишлар олиб борилди.

Муроджон Маҳкамов

Бундан ташқари, илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида марказимизнинг бир қатор ходимлари Беларусь Республикаси суд экспертиза қўмитасида малака ошириб қайтишди. Улар сафида мен ҳам олти ой давомида ушбу йўналиш бўйича билим олдим, малакамни оширдим. Ҳозирги кунда суд автомобиль йўллари экспертизаси бўйича экспертлар учун методик қўлланма ишлаб чиқилди, махсус ускуналарни сотиб олишга буюртма берилди. Ускуналар етиб келишига янги экспертиза билан шуғуллана бошлаймиз”, дейди Муроджон Маҳкамов.

Унинг айтишича, суд автомобиль йўллари экспертизаси дунёдаги энг илғор, талаб юқори бўлган экспертиза турларидан ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбекистондаги йўлларнинг ҳолати, йўл-транспорт ҳодисаларининг маълум бир қисми йўллардаги носозлик боис юзага келиши инобатга олиниб, Ўзбекистонда ҳам ушбу эспертиза жорий этилмоқда.

“Ўзбекистон йўлларида ҳам экспертизага тегишли масалалар бор. Шу сабабли президент қарори билан янги турдаги экспертиза амалиётга татбиқ этилмоқда. Суд автомобиль йўллари экспертизаси ЙТҲ бўлган шароитни ўрганиб чиқади, воқеа жойидаги йўл носозликларини, йўлнинг стандартларга мослигини ва йўлдаги носозлик ҳодисанинг содир бўлишида қанчалик роль ўйнаганини аниқлашга қаратилган экспертиза ҳисобланади.

Автомобиль йўлларининг қурилиш ва фойдаланиш хусусиятлари, унинг элементлари, атроф-муҳит билан ўзаро таъсири, шунингдек, ЙТҲ билан боғлиқ бўлган хусусиятлари суд автомобиль йўллари экспертизасининг предмети ҳисобланади. Экспертиза давомида, юқоридагилардан ташқари, йўл чизиқлари ва белгилари ҳам ўрганилиб, уларнинг белгиланган меъёр талабларига қанчалик мослиги аниқланади. Шунингдек, йўл белгилари ва йўл чизиқларининг бир-бирига қай даражада мувофиқлиги, яъни тескари эмаслиги ва бу ҳолатнинг йўл-транспорт ҳодисасига таъсири ҳам албатта ўрганилади”, дейди Республика суд экспертизаси маркази бош эксперти.

Қайд этилишича, суд автомобиль йўллари экспертизаси қуйидаги вазифаларни ҳал этади:

  • йўлларнинг квалификацион тавсифини аниқлаш;
  •  йўлнинг ва йўл шароитининг таркибий элементлари техник ҳолатини аниқлаш;
  •  ЙТҲ содир бўлган йўл участкасининг техник ҳолатини, унинг элементлари ва йўл шароитларининг норматив-техник ҳужжатларга мос келиши;
  •  ҳаракат хавфсизлигига таъсир этувчи йўл нуқсонларининг вужудга келиш вақти ва сабабларини аниқлаш;
  •  ҳодиса механизмига йўл ва унинг таркибий элементлари эксплуатацион хусусиятларининг пасайиб кетишининг таъсирини аниқлаш;
  •  тадқиқ этилаётган йўл бўлагида ҳайдовчининг йўл шароитлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш даражасини аниқлаш ва ҳ.к.;
  •  ЙТҲ жойида йўл чизиқларининг ҳолати, йўл белгиларини ва бошқа йўл иншоотлари ҳолати, уларнинг стандартларга мос келиши;
  •  ушбу йўлдаги носозликлар, йўл чизиқлари нотўғри чизилганлиги, йўл белгилари нотўғри ўрнатилганлиги айнан йўл транспорт ҳодисаси келиб чиқиш сабабчиси бўлганлигини аниқлаш.

Муроджон Маҳкамовнинг маълум қилишича, суд автомобиль йўллари экспертизаси суд-тергов ёки прокуратура органи қарори ёхуд суднинг ажримига асосан ўтказилади. Мутахассиснинг таъкидлашича, йўл-транспорт ҳодисасига учраган ва бу ҳолат йўлдаги носозлик сабабли юзага келганига амин бўлган фуқаролар ҳам Республика суд экспертизаси марказига мурожаат қилиши мумкин, ушбу ҳолатда суд экспертиза хулосаси эмас, балки мутахассис фикри берилади. Фуқароларга кўрсатиладиган мазкур хизмат тўлов асосида амалга оширилади.

Мавзуга оид