Ўзбекистон | 13:40 / 29.05.2020
25208
4 дақиқада ўқилади

Қийноққа солинган шахсларга етказилган зарар қопланади – Светлана Ортиқова

Бундан буён тезкор-қидирув, ушлаб туриш, ҳибсда сақлаш, тергов ва жазони ижро этиш жараёнида қийноққа солинган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш механизмлари такомиллашади. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова таъкидлаб ўтди.

«Тез орада умумхалқ муҳокамасига қўйиладиган «Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш механизмлари такомиллашади. Пировард натижада қийноқнинг олдини олиш тизимининг самарадорлиги анча ошади.

Лойиҳада Ўзбекистон қонунчилигидаги қийноқ учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни БМТнинг «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенция»си талабларига мувофиқлаштирилишини таъминлаш белгиланган.

Лойиҳада БМТнинг ушбу Конвенциясининг Факультатив протоколига (Нью-йорк, 2002 йил 18 декабрь) Ўзбекистон Республикаси қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги масаласини ўрганиш ва асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳамда илғор хорижий амалиётга асосланган ҳолда «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган», дея Светлана Ортиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокурор ўринбосари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг экспертлари тавсиялари асосида мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда тайёрлаган ушбу ҳужжат қабул қилинган тақдирда Ўзбекистоннинг қийноқлар масаласига доир халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланишига умид қилаётганини таъкидлади.

«Қарор лойиҳасидан нималар кутиляпти? Энг аввало, қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштирилади. БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси томонидан билдирилган тавсияларнинг аксарият қисмини бажарилишини таъминлайди. Бунинг оқибатида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланади.

Қарор лойиҳаси қийноқнинг барвақт олдини олишга самарали хизмат қилишини алоҳида қайд этиш жоиз. Қийноқнинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтилади. Бунда асосий эътибор қийноқ ҳолатларини келиб чиқишига имкон берган омилларни аниқлаш ва бартараф этишга, тегишли мансабдор шахсларни махсус дастур бўйича ўқитиш асосида уларда қийноқдан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш масаласида янгича дунёқарашни шакллантиришга қаратилади.

Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш устидан назорат такомиллашади. Қийноққа доир мурожаатлар тезкорлик билан холисона кўриб чиқилади. Айбдор шахслар учун жавобгарлик муқаррарлиги таъминланади. Қийноқ ҳолатлари латент бўлиб қолишининг олди олинади.

Қийноқнинг олдини олиш фаолияти борасида фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликда ишланади. Аҳолини ташвишга солаётган қийноққа доир масалалар тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотлар кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказилади», дейди Светлана Ортиқова 29 май куни бўлиб ўтган брифингда.

Мавзуга оид