Ўзбекистон | 14:00 / 15.11.2024
3825
4 дақиқада ўқилади

2025 йилдан Ўзбекистонга айрим қуёш панеллари импорти чекланади

Кейинги йилдан бошлаб Ўзбекистонда BNEF Tier-1 халқаро рўйхатига кирмайдиган ишлаб чиқарувчилардан қуёш панеллари, инверторлар ва аккумуляторларни олиб киришга тақиқ жорий этилади.

Фото: Kun.uz

2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда BNEF Tier-1 халқаро рўйхатига кирмайдиган компаниялардан қуёш панеллари, инверторлар ва электр энергиясини сақлаш тизимларини импорт қилиш тақиқланади. Бу президентнинг 11 сентябрдаги фармонида (жамоатчилик учун очиқ эълон қилинмаган) кўзда тутилган, дея хабар берди Gazeta.uz.

BNEF Tier-1 рўйхати Энергетика вазирлиги ва Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтларида мунтазам эълон қилиб борилиши ва ҳар ойда янгилаб борилиши керак.

Ушбу рўйхат Bloomberg New Energy Finance Corp (BNEF) томонидан яратилган рейтинг бўлиб, компанияларнинг кредит қобилияти ва кредит олиш учун банк талабларига мувофиқлигини баҳолайди. BNEF ўз рўйхатини ҳар чоракда янгилайди, шунинг учун компаниялар доимий равишда рўйхатга киритилади ва ундан чиқарилади. Tier-1 мақоми қуёш панеллари етказиб берувчисининг молиявий барқарорлигини кўрсатса-да, у ишлаб чиқариш сифати ёки панелларнинг чидамлилиги рейтингини бермайди.

Охирги Bloomberg Tier-1 рейтинги билан ҳавола орқали танишиш мумкин.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тўғрисида

Ўзбекистонда қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган қатор корхоналар мавжуд. Great Start Bild компанияси 2021 йилдан буён A.R.T. SOLAR бренди остида қуёш модулларини Тошкентда ишлаб чиқаради ва ўзини мамлакатдаги биринчи йирик қуёш панели ишлаб чиқарувчиси сифатида кўрсатади. Корхонанинг қуввати 100 МВтни ташкил этади. Компания таъсисчилари Алберт ва Куман Авсепиан (27,9 фоиз ва 72,1 фоиз) ҳисобланади.

Октябр ойида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги «Тинчлик» кичик саноат зонасида жойлашган қуёш панеллари ва қуёш энергияси учун зарур бўлган турли кабеллар ишлаб чиқариладиган Enter Green Solar корхонасига ташриф буюрди. Умумий қиймати 7 миллион доллар ва қуввати 200 МВт бўлган корхонада Италиянинг Ecoprogetti ускуналари ўрнатилди. Унинг негизида йилига 377 мингта қуёш панели ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Enter Steel (60 фоиз), Саид Амир Бахтиёрович Фозилов (20 фоиз), Enter Engineering, Eriell, Enera ҳолдинги ва бошқа кўплаб компаниялар билан боғлиқ тадбиркор Бахтиёр Фозилов, Жасур Худойқулович Жумаев (10 фоиз) ва Eriellʼда ишлайдиган Александр Василевич Болшаков (10 фоиз) корхона таъсисчилари ҳисобланади.

Июн ойида Қорақалпоғистондаги Nukus Eleсtroapparat қўшма корхонаси қиймати 10 миллион доллардан ортиқ бўлган қуёш панеллари ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширди. Ускуналар Корея Республикасидан келтирилган ва ўрнатилган. Лойиҳанинг йиллик қуввати 273 минг донани ташкил этади. Давлат раҳбари август ойида ҳам заводга ташриф буюрди. Қўшма корхонанинг таъсисчилари сифатида Швейцариянинг Tanotrade Ag (80 фоиз) ва маҳаллий Toshelectroapparat (20 фоиз) кўрсатилган бўлиб, улар 0,4−220 кВ кучланишли электр ускуналари, фотоэлектр станциялари, ёруғлик диодли ёритиш, куч трансформаторлари, узгичлар ҳамда 220 кВ гача бўлган газ ва вакуумли ўчиргичлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Охирги компания, шунингдек, Чирчиқ трансформатор заводи ва Sport Line компаниясининг улушига эгалик қилади. Toshelectroapparatʼнинг ўзи Tanotrade Ag (75 фоиз) ва Швейцариянинг яна бир Comagra Commerz & Agrar-Handel AG (25 фоиз) компаниясига тегишли.

Ишлаб чиқарувчилардан ташқари, Ўзбекистонда дунё ишлаб чиқарувчиларидан кўплаб қуёш панеллари етказиб берувчилар мавжуд.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний шахслар Энергетика вазирлигининг бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармасининг (energymarket.uz) онлайн платформаси орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қуёш панеллари ва сув иситкичларини 3 йил муддатга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олишлари мумкин.

Мавзуга оид