Ўзбекистон | 16:20 / 31.07.2018
88455
4 дақиқада ўқилади

Президентнинг янги давлат маслаҳатчиси тайинланди, Рустам Қосимов бошқа ишга ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳидов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди.

«Kun.uz» манбаси маълумотига кўра, у президент девонида Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича секторга бошчилик қилади.

У бу лавозимда 2017 йил ноябридан буён ишлаб келаётган Рустам Собирович Қосимов ўрнини эгаллади.

Абдужаббор Абдувоҳидов 2018 йилнинг февралида Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланганди.

Абдужаббор Абдувоҳидов
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Абдужаббор Абдувоҳидов 2002—2011 йилларда Тошкентдаги Вестминстер университетини бошқарган. Шундан сўнг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси ректори бўлган. Ташқи ишлар вазирлигига келишдан олдин Ўзбекистон президентининг «Истеъдод» фонди ижрочи директори бўлиб ишлаган.

Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари хизмати:
таълимнинг узлуксизлигини таъминлашга ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалда самарали ижро этилиши бўйича ишларни ташкил қилади;
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари, замонавий фан ютуқларини ҳисобга олган ҳолда илм-фанни ривожлантириш ва илмий-техник тараққиётнинг устувор йўналишларини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, илмий-тадқиқот ишлари натижаларини иқтисодиёт, ижтимоий, таълим ва бошқа амалий фаолият соҳаларига жорий қилишни кенгайтириш, илмий кадрларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилишини таъминлайди;
соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, Олимпия ўйинларида, жаҳон биринчиликларида, Осиё чемпионатларида, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоалари спортчиларининг натижадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади.

Ўз навбатида Рустам Қосимов Рустам Комилов ўрнига Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказилган, у шунингдек Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимини сақлаб қолган.

Фото: Рустам Қосимов

Рустам Қосимов 2004 йил майидан 2008 йилгача Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлган, 2004 йил октябридан бир вақтнинг ўзида бош вазир ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2009-2011 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ректорлик қилган Қосимов фаолиятида бир муддат танаффус юзага келган. У 2016 йилнинг сентябрида яна Ўзбекистон Республикаси бош вазирига ўринбосар бўлган, Алишер Ваҳобов ўрнига Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига тайинланганди.

У 2017 йил июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари – Ташкилий-кадр хизмати раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимига тайинланган, 2017 йил ноябрь ойи охирида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Мавзуга оид