Ўзбекистон | 10:33 / 10.12.2025
3716
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Қоҳирада Ал-Азҳар бош имоми билан учрашди

Саида Мирзиёева Қоҳирага ташрифи доирасида Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофоти ҳайъати йиғилишида иштирок этди ва шу муносабат билан дунёдаги энг нуфузли ислом масканларидан бири бўлган «Ал-Азҳар» мажмуасининг бош имоми, шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб билан учрашди.

Фото: Telegram / Саида Мирзиёева

Кеча Қоҳира шаҳрида Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофоти ҳайъати йиғилиши доирасида Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва «Ал-Азҳар» мажмуаси бош имоми, Миср бош имоми шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда тинчлик, ўзаро англашув ва инсон қадр-қимматини юксалтириш орқали «Инсоний биродарлик» мукофоти миссиясини амалда рўёбга чиқаришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Инсоний биродарлик декларациясида белгиланган тамойилларни сақлаб қолиш ва янада ривожлантириш, турли дин ва маданият вакиллари ўртасида глобал ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Учрашув доирасида Ал-Азҳар билан таълим, илм-фан, талабалар ва уламолар алмашинуви, қўшма илмий дастурлар ҳамда қўлёзма манбаларни ўрганиш йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари ҳам муҳокама этилди.

Шунингдек, Саида Мирзиёева дунёдаги энг қадимий масжидлардан бири ҳисобланган «Ал-Азҳар» масжидини зиёрат қилиш шарафига муяссар бўлганини маълум қилди. Зиёрат чоғида бу масканнинг ислом цивилизацияси ва ислом маърифатини тараққий эттиришда тутган ўрни юксак баҳоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид