Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонадаги боғчаларда ўнлаб болалар заҳарланиши юзасидан жиноят иши очилди
Фарғона вилояти ИИБ учта боғчанинг 62 нафар тарбияланувчиси заҳарлангани бўйича жиноят иши очилганини маълум қилди. Ҳозирда вазият прокуратура ва бошқа идоралар билан биргаликда ўрганилмоқда.
Фото: Kun.uz
Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси.
21 феврал куни шаҳардаги 2, 58 ва 61-сонли давлат боғчаларининг 62 нафар тарбияланувчиси ўткир диарея ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Уларда беморларда қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши, ҳароратни кўтарилиши, кўнгил айниши каби соғлиғида салбий ҳолатлар кузатилган.
ИИБга кўра, бу борада навбатчилик қисмига ҳам хабар келиб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Хозирда вазият Фарғона вилояти прокуратураси, ИИБ ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг маъсуллари томонидан ўрганилмоқда. Барча тегишли турдаги экспертизалар тайинланган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова ушбу вазият назоратга олинганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, омбудсманнинг минтақавий вакили воқеа жойига етиб борган, ҳозирда терговга қадар текширув доирасида ҳужжатлар таҳлили ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани бундай ҳолатлар тизимли характерга эга экани, болалар овқатланишида қатъий сифат назоратини ўрнатиш ва етказиб берувчиларнинг жавобгарлигини кучайтириш зарурлиги ҳақида гапирди.
«Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ушбу масала юзасидан позицияси шундан иборатки, болаларнинг оммавий овқатланиш тизимида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун овқатланиш хавфсизлиги стандартларига риоя этилиши устидан қатъий ва алоҳида сифат назоратини ўрнатиш зарур. Гап болаларимиз саломатлиги ва моҳият эътибори билан миллат генофондининг соғломлиги ҳақида кетмоқда», – деб таъкидлаган Сурайё Раҳмонова.
Болалар омбудсмани болаларнинг оммавий овқатланиш тизимида таомлар сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда сифатсиз маҳсулот етказиб берувчиларнинг жавобгарлигини ошириш, ҳаттоки уларнинг кейинги фаолиятига чекловлар қўйиш зарурлигини қайд этган. Таҳлил материаллари тегишли идораларга юборилган бўлиб, текширув якунлари бўйича ишлар давом эттирилиши маълум қилинган.
Мавзуга оид
19:54 / 25.02.2026
Фарғона боғчаларида оммавий заҳарланиш: овқат етказиб берувчи фирма тендерсиз танланган, ким айбдор?
11:53 / 25.02.2026
Фарғона боғчаларидаги заҳарланиш: таъминотчи корхона ҳокимлик имтиёзидан фойдаланган
10:01 / 24.02.2026
“Жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмаяпти” – Фарғона боғчаларида заҳарланган 70 дан ортиқ бола шифохонада қолмоқда
12:15 / 23.02.2026