Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саудия Арабистони ва ядровий қуролга эга Покистон мудофаа пактини имзолади
Муҳаммад бин Салмон ва Шаҳбоз Шариф имзолаган келишувга кўра, Саудия Арабистони ёки Покистонга қилинган ҳар қандай ҳужум иккисига ҳам қилинган ҳужум сифатида қаралади. Янги мудофаа алоқалари араб давлатларининг – АҚШ хавфсизлик кафолатларига шубҳа кучайган пайтда пайдо бўлмоқда.
Саудия Арабистони ва ядровий қуролга эга Покистон расмий равишда ўзаро мудофаа пактини имзолади. Бу ҳақда хабар берган ОАВларга кўра, бу қадам – ўнлаб йиллардан бери давом этиб келаётган хавфсизлик шериклигини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.
Ҳужжат 17 сентябр куни Ар-Риёддаги учрашувда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланди.
Келишув Исроилнинг Қатардаги Ҳамас сиёсий етакчиларига ҳужумидан сўнг чақирилган Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда қўшма йиғилишидан икки кун ўтиб имзоланди.
«Бу келишув икки давлатнинг хавфсизликни кучайтириш, минтақада ҳамда жаҳонда хавфсизлик ва тинчликка эришиш йўлидаги муштарак интилишларини акс эттиради. У мудофаа соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва ҳар қандай тажовузга қарши қўшма тўсиқни мустаҳкамлашни мақсад қилади. Келишувда айтилишича, икки давлатдан қайси бирига тажовуз қилинса, бу ҳар иккаласига ҳам қилинган тажовуз ҳисобланади», дейилган чоршанба куни эълон қилинган қўшма баёнотда.
Баёнотга кўра, мудофаа пакти икки давлат ўртасидаги «тарихий шериклик» ҳамда «умумий стратегик манфаатлар ва яқин мудофаа ҳамкорлиги»га асосланган.
Покистон давлат телевидениеси Шаҳбоз Шариф ва Саудиянинг де-факто раҳбари Муҳаммад бин Салмон келишувни имзолагандан кейин бир-бирини қучоқлагани, маросимда Покистон армияси бошлиғи, мамлакатнинг энг нуфузли шахси ҳисобланадиган фелдмаршал Асим Мунир ҳам қатнашганини намойиш этди.
АҚШдан бошқа дўстлар қидириб…
Кучайтирилган мудофаа алоқалари араб кўрфази давлатлари АҚШни узоқ йиллик хавфсизлик кафолатчиси эканига шубҳаланишлари кучайган бир шароитда пайдо бўлди. Ўтган ҳафта Исроилнинг Қатарга ҳужуми бу хавотирларни янада кучайтирди, деб ёзмоқда Reuters.
«Бу келишув кўп йиллик музокараларнинг якунланиши. У муайян мамлакатлар ёки воқеаларга жавоб эмас, балки икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли ва чуқур ҳамкорликни институционаллаштиришдир», дея саудиялик юқори мартабали расмийнинг сўзларини келтирмоқда нашр.
Лекин ушбу пакт минтақадаги стратегик мувозанатни ўзгартириши мумкин. Вашингтон иттифоқчилари бўлган Кўрфаз монархиялари узоқ йиллик хавфсизлик хавотирларини ҳал қилиш учун ҳам Эрон, ҳам Исроил билан муносабатларни барқарорлаштиришга интилиб келаётган эди.
Бироқ Ғазо уруши бутун минтақани издан чиқарди ва Қатар бир йил ичида икки марта – аввал Эрон, кейин эса Исроил ҳужумига дучор бўлди.
Бундан ташқари, исми ошкор этилмаган Саудия расмийси Покистоннинг рақиби, ядровий қудратга эга Ҳиндистон билан муносабатларда мувозанат сақлаш зарурлигини тан олган.

Нашрнинг ёзишича, журналистлар «пакт доирасида Покистон Саудия Арабистонига ядровий «қалқон» тақдим этиши шартми?» дея сўраган. Расмий эса «бу барча ҳарбий воситаларни қамраб олувчи кенг қамровли мудофаа келишуви», деб жавоб берди.
Покистон бош вазири девони баёнотига кўра, келишувда «бир давлатга қарши қилинган ҳар қандай тажовуз иккисига қарши қилинган тажовуз ҳисобланиши» қайд этилган.
Покистон ва Саудия Арабистони ўтган ўн йиллар давомида яқиндан савдо ва ҳарбий алоқаларга эга. 1967 йилдан бери Покистон 8200 дан ортиқ саудиялик ҳарбий хизматчиларни тайёрлаган ва икки томон бир нечта қўшма ҳарбий машқлар ҳам ўтказган.
Мавзуга оид
22:28 / 22.12.2025
Саудия Арабистони бир йил ичида рекорд даражада кўп одамни қатл қилди
01:00 / 21.12.2025
Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон ва унинг рафиқаси яна 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:16 / 18.12.2025
Саудия Арабистони ЖЧ-2034 бюджетини қисқартиради
10:43 / 17.12.2025