Жаҳон | 15:39 / 07.05.2026
3346
8 дақиқада ўқилади

АҚШ–Эрон келишувга яқинлашди, Европада Кремлга қарши трибунал тузиляпти – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ–Эрон келишувга яқин

Чоршанба куни Эрон АҚШнинг тинчлик таклифини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Манбаларга кўра, ушбу таклиф урушни расман тугатишни назарда тутади. Бироқ АҚШнинг асосий талаблари — Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш масалаларини очиқ қолдиради.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг билдиришича, Теҳрон ўз жавобини тез орада етказади. АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон келишувга эришишни истаётганига ишонишини айтди.

«Улар келишув тузмоқчи. Охирги 24 соат ичида жуда яхши музокаралар олиб бордик ва келишувга эришишимиз эҳтимоли жуда юқори», деди Трамп Овал кабинетда журналистларга.

Трамп 28 февралда бошланган урушни тугатадиган келишув истиқболини бир неча бор юқори баҳолаган, бироқ ҳозирча муваффақиятга эришмаган.

Покистонлик манбалар ҳам можарога расман чек қўядиган бир саҳифалик меморандум бўйича келишувга яқин эканини айтди.

Эрон парламентининг ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик қўмитаси вакили, депутат Иброҳим Ризоий ҳужжат матнини «ҳақиқатдан кўра кўпроқ Американинг орзулар рўйхати» деб таърифлади.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф сўзларига кўра, бундай хабарлар АҚШ Ҳўрмуз бўғозини очолмаганидан кейинги навбатдаги «тарғибот ўйини»дир.

Хитой–Эрон музокаралари

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи чоршанба куни Пекинда Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ин билан учрашди.

Учрашувдан сўнг Ароқчи Хитой бош дипломатига АҚШ билан олиб борилаётган музокаралар ҳақида маълумот берганини билдирди. Ароқчи Эрон музокараларда ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бор кучини ишга солишини айтган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги музокаралардан сўнг «тинчликка ўтишнинг ҳал қилувчи палласида» эканини таъкидлади:

«Хитой ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш шарт деб ҳисоблайди. Можароларнинг қайта бошланиши қабул қилиниши мумкин эмас ва музокараларни давом эттириш айниқса муҳимдир».

Шунингдек, Хитой ядро масаласи бўйича ҳам баёнот берди. «Хитой Эроннинг ядро қуролини ишлаб чиқармаслик мажбуриятини юқори баҳолайди. Шу билан бирга Эроннинг ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишга бўлган қонуний ҳуқуқини тан олади», дейилади баёнотда.

Трамп ва Си Жинпинг 14-15 май кунлари Пекиндаги учрашувда Эрон масаласида фикр алмашиши кутилмоқда.

Европада Кремл раҳбариятига қарши трибунал

Европа Иттифоқи кенгаши Россиянинг Украинага қарши босқини бўйича ўз қошида ташкил этилган Махсус трибунал тўғрисидаги келишувни имзолашни маъқуллади. Ушбу трибунал Россиянинг биринчи рақамли шахсларига, жумладан, президент Владимир Путинга дахлдор бўлади.

Россия Рим статутининг иштирокчиси эмаслиги ва Халқаро жиноий суд унинг раҳбариятини таъқиб қилиш бўйича ҳуқуқий ваколатга эга эмаслиги сабабли, ҳозирда бошқа ҳеч бир амалдаги суд ушбу жиноятни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга эмас. Ҳужжатда қайд этилишича, Махсус трибунал эндиликда агрессив урушни бошлагани учун Россияни жиноий жавобгарликка тортиш мандатига эга бўлади.

Нидерландия судни ўз ҳудудида қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Европа Иттифоқи Махсус трибунал фаолиятини молиялаштириш учун дастлабки 10 миллион еврони ўтказган.

Махсус трибунал иш бошлаганидан сўнг, Путиндан ташқари Россиянинг бошқа юқори мартабали ҳарбий ҳамда сиёсий раҳбарларига айблов эълон қилиниши мумкин. Бундан ташқари, суд юрисдикцияси урушда Москвани қўллаётган давлатлар — Беларус ва Шимолий Кореяга ҳам тааллуқли бўлади.

Ушбу тергов доирасида нафақат 2022 йилда бошланган кенг кўламли уруш, балки 2014 йил февралидан бошлаб содир бўлган воқеалар ҳам ўрганилади.

Франция авиаташувчи Қизил денгизга келди

Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмида бўлган Франциянинг «Шарл де Голл» авиаташувчи кемаси Сувайш канали орқали Қизил денгизга ўтди. Ҳозирда у Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлаш миссиясида иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда.

«Бу бизнинг нафақат тайёр эканимизни, балки Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлашга қодир эканимизни ҳам кўрсатиши керак», дея баёнот берди расмий Париж 6 май куни.

Эндиликда «Шарл де Голл» Қизил денгизнинг жанубий қисмига йўл олмоқда. Бу «вазиятга қараб» бошланадиган операцияга тайёргарлик вақтини қисқартиришга хизмат қилади. Авиаташувчи бортида 20 га яқин Rafale типидаги қирувчи самолётларни олиб юрибди ва унга бир нечта фрегат ҳамроҳлик қилмоқда.

Германия қуролли кучлари ҳам ушбу миссияда иштирок этишни режалаштирган: улар миналарни тозалаш кемасини тақдим этади.

Елисей саройи хабарига кўра, Франция Эрон ва АҚШга Ҳўрмуз фаолиятини тиклаш масаласини — давом этаётган ҳарбий можародан алоҳида кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Европаликларнинг миссияси фақат Эрондаги ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ якунлангач бошланади.

КХДР конституциясида ўзгариш

Шимолий Корея ўз конституциясидан Жанубий Корея билан бирлашиш ҳақидаги барча эслатмаларни олиб ташлади. Чоршанба куни тарқалган ҳужжатга кўра, бу – Пхенян 1948 йилдан бери юритаётган ўн йиллик сиёсатнинг кескин тўхтатилганини англатади.

Ушбу ўзгариш ҳақида Жанубий Корея бирлашиш вазирлиги ОАВларга тақдим этган ҳужжатдан сўнг маълум бўлди.

Хусусан, март ойида қабул қилинган янгиланган конституцияда Шимолий Корея ҳудудини белгиловчи янги банд пайдо бўлди. Унда мамлакат ҳудуди — шимолда Хитой ва Россия билан, «жанубда эса Корея Республикаси» билан чегарадош ҳудудларни ўз ичига олиши айтилган.

Шунингдек, тузатишга кўра, Ким Чен Иннинг давлат ишлари комиссияси раиси сифатида КХДРнинг ядровий кучларига қўмондонлик қилиш ваколати мустаҳкамлаб қўйилди.

Таҳлилчиларга кўра, янги сиёсат Корея яриморолидаги икки давлат ўртасида «тинч-тотув яшаш» учун асос бўлиши мумкин.

Аммо Пхенян сўнгги йилларда Сеулга нисбатан борган сари «кескинроқ сиёсат» юритмоқда.

Исроил Байрутга зарба берди

Исроил Ливан билан ўт очишни тўхтатишга келишганидан буён биринчи марта Байрутга ҳужум уюштирди. Бу можарони тўхтата олмаган келишувга нисбатан босимни янада оширди.

Ҳаво ҳужуми шаҳарнинг жанубий чеккасидаги, «Ҳизбуллоҳ» қароргоҳи жойлашган Даҳия туманига берилган. Интернетда тарқалган суратларда улкан аланга ва камида битта бино жиддий шикастланганини кўриш мумкин.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу гуруҳнинг элита «Радвон» кучлари қўмондони нишонга олингани ва ушбу зарбани шахсан ўзи маъқуллаганини билдирди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, ҳужум бўлинма аъзолари учрашув ўтказаётган вақтда содир бўлган. «Ҳизбуллоҳ» томонидан ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирилмади.

Бу 16 апрел куни Исроил ва Ливан ҳукуматлари ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувини эълон қилганидан бери Даҳия туманига қилинган биринчи ҳужумдир. Ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда бевосита иштирок этмаган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи агар Исроил келишувга амал қилса, ўзлари ҳам унга риоя қилишларини билдиришган эди.

Келишувга қарамай, Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» бир-бирини шартларни бузишда айблаб, ҳужумларни давом эттирмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид