Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ–Эрон уруши

АҚШ Форс кўрфазида қолиб кетган кемаларни чиқариб юборишга ёрдам бермоқчи. Президент Доналд Трамп душанбадан бошлаб Ҳўрмузда «қамалиб қолган» ва захиралари камаяётган кемалар ва уларнинг экипажларига ёрдам кўрсатиш бошланишини айтди.

«Биз ушбу мамлакатларга уларнинг кемаларини чекланган сув йўлларидан хавфсиз олиб чиқишимизни айтдик. Шунда улар ўз ишларини эркин ва бемалол давом эттиришлари мумкин бўлади», деб ёзди Трамп.

АҚШ Марказий қўмондонлиги ушбу саъй-ҳаракатларни 15 000 нафар ҳарбий хизматчи, 100 дан ортиқ самолётлар, шунингдек, ҳарбий кемалар ва дронлар билан қўллаб-қувватлашини билдирди. Операциянинг мақсади бўғоз орқали «тижорат юк ташувчи кемалар учун навигация эркинлигини тиклашдир», дейилади CENTCOM баёнотида.

Халқаро денгиз ташкилоти маълумотларига кўра, можаро давомида юзлаб кема ва 20 мингга яқин денгизчи бўғоздан ўтолмай қолган.

Трампнинг изоҳларидан кўп ўтмай, Буюк Британия денгиз савдоси операциялари агентлиги бўғозда бир танкер номаълум снарядлар билан урилганини маълум қилди. Фужайра шаҳридан шимолда содир бўлган ушбу ҳодисада барча экипаж аъзолари хавфсиз экани айтилмоқда.

Эрон АҚШ ва Исроил ҳужум бошлаганидан кейин Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйган. Ўтган ойда АҚШ ҳам Эрон портларидан чиқувчи кемаларга ўз блокадасини жорий қилганди.

Трампнинг таҳдидлари билан бирга АҚШ–Эрон музокаралари ҳам давом этмоқда.

Аввалроқ Теҳрон 14 банддан иборат таклифини АҚШга юборгани маълум бўлганди. Унда АҚШ кучларини яқин атрофдаги ҳудудлардан олиб чиқиш, блокадани бекор қилиш, музлатилган активларни қайтариш, товон тўлаш, санкцияларни бекор қилиш ва Ливанда ҳам урушни тўхтатиш назарда тутилади.

Трамп эса Эрон тинчлик таклифининг аниқ матнини ҳали кўриб чиқмаганини, лекин уни рад этиши эҳтимоли юқори эканини айтганди. Эрон ОАВлари Вашингтон ўз жавобини Покистон орқали етказганини ва ҳозирда Теҳрон уни кўриб чиқаётганини хабар қилган.

Ҳантавирус тарқалмоқда: 3 киши ҳалок бўлди