Жаҳон | 15:49
730
8 дақиқада ўқилади

Ҳўрмуздаги операцияни тўхтатган Трамп ва Туркиянинг илк баллистик ракетаси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп яна сўзидан қайтди

5 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларни кузатиб бориш операциясини вақтинча тўхтатди. У буни Эрон билан ҳар томонлама келишувга эришиш йўлидаги «катта прогресс» билан изоҳлади.

«Блокада тўлиқ кучида қолаётган бир пайтда, ‘Озодликʼ лойиҳаси — келишув якунланиши ва имзоланиши мумкинлигини текшириш учун қисқа муддатга тўхтатилади», деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқларда.

Трамп журналистларга берган интервюсида Эроннинг ҳарбий кучи «ўйинчоқ милтиқлар» даражасига тушиб қолганини ва Теҳрон оммавий пўписа қилишига қарамай, аслида тинчликни хоҳлаётганини айтди.

Давлат котиби Марко Рубио эса Оқ уйда 28 феврал куни Исроил билан биргаликда бошланган ҳарбий кампанияда АҚШ ўз мақсадларига эришганини айтди. «'Эпик ғазабʼ операцияси якунланди. Биз қўшимча вазият юзага келишини кутаётганимиз йўқ», деди АҚШ бош дипломати.

Ушбу можаро ноябр ойидаги муҳим оралиқ сайловлар олдидан Трамп маъмуриятига босим ўтказмоқда, чунки бензин нархининг ошиши сайловчилар ҳамёнига зарба бермоқда.

Чоршанба тонгига келиб, расмий Теҳрондан ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи тинчлик музокаралари Покистон воситачилигида ҳали ҳам давом этаётганини айтди. Эрон ОАВларининг хабар беришича, у чоршанба куни эрталаб хитойлик ҳамкасби билан минтақавий ва халқаро ўзгаришларни муҳокама қилиш учун Пекинга етиб келган. Трамп ҳам шу ойда Хитойга ташриф буюриши кутилмоқда.

Туркиянинг баллистик ракетаси

Туркия ўзининг биринчи қитъалараро баллистик ракетаси — «Yildirimhan»ни тақдим этди.

Гиперсоник тезликка эга ракета – Туркия мудофаа вазирлиги қошидаги Тадқиқот ва ишланмалар маркази томонидан ишлаб чиқилган. Тўртта суюқ ёнилғи двигателига эга ракета 3 тонна жанговар каллак билан 6 000 километр масофага уча олади. Унинг нишонларни уриш тезлиги — 9 дан 25 max'гача боради. Бу — ракета товуш тезлигидан 25 баробар тез уча олишини англатади.

Мазкур тизим илк бор «SAHA 2026» кўргазмасида оммага кўрсатилди. Тақдимот вақтида ракетанинг операцион қўлланиши бўйича бошқа тафсилотлар очиқланмади.

Шунингдек, кўргазмада Туркия Мудофаа саноати гиганти — Aselsan яна 2 та замонавий қуролни намойиш қилди.

«Qilich» камикадзе автоном сувости дрони – у жорий йилда Туркия денгиз флотига киришга тайёр. Янги авлод «Tufan» оғир вазнли торпедаси эса сунъий йўлдош орқали назорат қилинади ва 2027 йилда арсеналга киритилади.

Туркия Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони адмирал Эржумент Татлиўғлу янги техникаларнинг топширилишини денгиз кучлари учун муҳим қадам деб атади.

«Туркиянинг уч томони денгиз билан ўралгани биздан жуда кучли ҳарбий-денгиз кучларига эга бўлишни талаб қилади. Биз ҳар куни ўз кучимизга куч қўшяпмиз. Ҳозирда бир вақтнинг ўзида 41 та ҳарбий кема қурмоқдамиз», деди у.

Россия–Украина ҳужумларни кучайтирди

Сешанба оқшомида Украина шарқи бўйлаб амалга оширилган Россия ҳужумлари оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлди ва яна ўнлаб инсонлар жароҳатланди. Бу воқеалар Киевнинг «сукунат режими» кучга киришидан бир неча соат олдин содир бўлди.

Хусусан, Запорижжя шаҳрида Россиянинг бошқариладиган авиабомбалар ва дронлар билан амалга оширган ҳужуми оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, 20 киши яраланди. Бошқа қурбонлар эса Краматорск, Днепр ва Полтава областларида кузатилди.

Президент Володимир Зеленский Полтавадаги ҳужумни «пасткашлик» деб атади. Чунки Россия томони воқеа жойида қутқарувчилар ишлаётган вақтда айнан ўша нишонга иккинчи ракетани учирган.

Украина ҳам ўзи эълон қилган оташкесим бошланишидан олдин Россия ҳудудидаги нишонларга, хусусан, нефт иншоотларига ҳужум қилишда давом этди.

Хусусан, Украина кучлари фронтдан 900 километр ичкарига — Чебоксари шаҳридаги ҳарбий-саноат мажмуаси объектларига ўзининг «F-5 Flamingo» қанотли ракеталарини учирди. Маҳаллий пабликлар 2 киши ҳалок бўлгани ва ўнлаб инсонлар жароҳатланганини ёзди. Расмийлар қурбонлар ва зарар ҳақида гапиришдан тийилмоқда.

Ленинград вилояти Кириши шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводида ҳам дронлар ҳужуми натижасида ёнғин келиб чиқди. Россия оккупация қилган Қримда Украина дронлари ҳужуми оқибатида 5 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Россия Мудофаа вазирлиги мамлакатнинг 18 та ҳудуди бўйлаб Украинанинг жами 289 та дрони йўқ қилинганини маълум қилди.

Ушбу ҳужумлар – томонлар Ғалаба куни муносабати билан ўт очишни тўхтатиш ҳақида баёнот берганидан кейин содир бўлмоқда.

Испания ҳантавирус тарқалган кемани қабул қилади

Испания ҳантавирус тарқалган «MV Hondius» кемаси йўловчиларини «уч-тўрт кунда» қабул қилишини эълон қилди. Круиз кемаси ҳантавирус аниқланганидан сўнг, икки кундан бери Кабо-Верде қирғоқлари яқинида лангар ташлаб турибди. Уч нафар йўловчи вафот этган, яна бир неча киши вирусни юқтириб олганликда гумон қилинмоқда.

Эндиликда кемага Канар оролларига тўхташга рухсат берилади, бироқ Испания ҳукумати айнан қайси порт эканини очиқламади.

«Кема у ерга етиб келгач, экипаж ва йўловчилар тегишли тартибда кўрикдан ўтказилади, уларга тиббий ёрдам кўрсатилади ва ўз мамлакатларига юборилади», деди Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба оқшомида.

Испания томонига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Кабо-Верде ушбу операцияни амалга ошириш имкониятига эга эмаслигини тушунтирган. «Канар ороллари зарур имкониятларга эга бўлган энг яқин ҳудуддир. Испания бу одамларга ёрдам бериш бўйича маънавий ва ҳуқуқий мажбуриятга эга, йўловчилар орасида бир неча Испания фуқаролари ҳам бор», дейилади баёнотда.

ЖССТ тиббий эвакуация режалари ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Ташкилот вакилининг айтишича, эвакуация жараёнларидан сўнг кема Нидерландия томон «ўз йўналишини давом эттириши» мумкин.

Судан БАА ва Эфиопияни айблади

Судан ўзининг асосий аэропортига дронлар орқали уюштирилган ҳужумларда қўшни Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликларини айблади.

Душанба куни пойтахт Хартумда жойлашган халқаро аэропорт ва ҳарбий объектлар дрон зарбаларига учраганди. Ҳужумдан ҳеч ким жароҳат олмаган бўлса-да, бу 3 йил деганда фаолияти тикланган аэропорт ишини яна тўхтатди.

Судан армияси дронлар — Эфиопиядаги Баҳир-Дар аэропортидан учирилганига оид «қатъий далилларга» эга эканини даъво қилмоқда. Дрон эса БАА томонидан жангариларга юборилган бўлиши мумкин.

Ушбу ҳужумлар ўтган йили Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (RSF) Судан армияси томонидан сиқиб чиқарилганидан кейин ҳукм сураётган нисбий тинчлик даврини бузди. Судан аввал ҳам БАА ва Эфиопияни жангариларни қўллашда айблаганди.

Судан ташқи ишлар вазири Эфиопия «биродар давлат» бўлишига қарамай, бундай ишга қўл урганини қоралаб, БАА ва Эфиопия «нотўғри йўлни» танлаганини айтди.

Эфиопия эса аэропортга қилинган ҳужумда иштирок этгани ҳақидаги айбловларни «асоссиз» деб атади. БАА ҳозирча изоҳ бермади, бироқ аввалроқ Судан можаросига аралашаётганини бир неча бор рад этганди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид