Жаҳон | 13:00 / 19.10.2025
13062
11 дақиқада ўқилади

Ароқдан воз кечаётган қозоқлар, кўчадиган пойтахт ва Афғон-Покистон можароси – Марказий Осиё ҳафта ичида

Қозоғистонда жами 21 та қишлоқ спиртли ичимликлардан тўлиқ воз кечди. Қирғизистонда пойтахт Бишкекдан Жалолободга кўчирилиши мумкин. Тожикистонда ўқитувчиларнинг обрўйи ошади, парламент қонун қабул қилди. Туркманистонда қурғоқчилик кучайиб бормоқда. “Толибон” вазири Ҳиндистонга боргач, Афғонистон Покистон билан тўқнашди, ҳаводан ҳужум оқибатида юзлаб киши яраланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қирғизистон пойтахтини Манасга кўчирилиши мумкин

Манаснинг эски номи эса сиз билган Жалолобод эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев буни истисно этмади. Бу ҳақда маҳаллий қирғиз нашри 24.kg хабар берди.

Ташиев 2026 йилда Манас Бишкек ва Ўшдан кейин республика аҳамиятидаги учинчи шаҳар мақомини олишини таъкидлади. У Жалолобод шаҳрининг Манас деб ўзгартирилиши стратегик жиҳатдан тўғри қарор бўлганини айтди. Ташиев буни ҳудуд “истиқболли ривожланиш салоҳиятига ва мамлакат учун тобора муҳим аҳамиятга эга”лиги билан изоҳлаган.

“Баъзи сиёсатчилар Манас пойтахтга айланиши мумкинлигини айтган. Агар бунга лойиқ бўлсак, нега бўлмасин? Буни вақт кўрсатади. Аммо бунинг учун шаҳарни, халқни тайёрлаш, руҳан ҳозир бўлиш керак. Пойтахт бўлиш осон эмас: шаҳарга катта маблағ ажратилади, уни ўзгартириш ва замонавий қилиш керак”, деди Қамчибек Ташиев.

Унинг қўшимча қилишича, шаҳарда ривожланишга қаратилган қурилиш ва инфратузилма ишлари фаол олиб борилмоқда.

“Манас Қирғизистоннинг энг замонавий ва ривожланган шаҳарларидан бирига айланиши керак”, дея хулоса қилди хавфсизлик тизими раҳбари, президентнинг яқини.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров шу йилнинг 17 сентябр куни Жалолобод шаҳри номини Манас деб қайта номлаш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Тегишли қонун Жогорку Кенеш томонидан 10 сентябрда қабул қилинган.

“Унинг мақсади миллий мафкурани мустаҳкамлаш, Жалолобод шаҳрига халқ қаҳрамони, қирғиз халқининг турли босқинлардан ҳимоячиси бўлган буюк Манас номини беришдан иборат”, дейилади изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, Жалолобод вилояти Ўзбекистоннинг 3 та вилояти билан чегарадош. Шаҳар майдони 64,6 квадрат километр. Унда 186 мингдан ортиқ одам яшайди, улар орасида ўзбекларнинг сони ҳам анчагина.

Қозоқ қишлоқлари спиртли ичимликлардан воз кечмоқда

Шимолий Қозоғистонда 21 та қишлоқ аҳолиси спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечди. Бу тенденция бир неча йил аввал бошланган, бугунга келиб бундай қишлоқлар сони 21 тага етди, дея хабар берди маҳаллий нашр Теngrinews.

Қозоғистондаги “Еттинчи телеканал” хабарига кўра, энг сўнгги бўлиб Қизилжар туманидаги Байсал қишлоғи аҳолиси ҳушёрлик ҳаракатига қўшилди. Бунда оқсоқоллар ташаббускор бўлди, қолганлар, жумладан, ёшлар ҳам бир овоздан спиртли ичимликларни бойкот қилишни қўллаб-қувватлади.

"Бирор жойга кетганда эшикларни очиқ қолдиришимиз мумкин, ҳеч ким ҳеч нарсага тегмайди. Спиртли ичимликлар ичмаймиз. Айниқса, қишлоқ бўлганимиз учун ҳозир унвонимиз бор. Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!" - дейди яшовчилардан бири.

Қайд этилишича, бугунги кунда Байсалда 60 га яқин фермер хўжалиги, асосан, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланади.

Қишлоқда спиртли ичимликлардан воз кечиш нафақат соғлом одат сифатида, балки бутун бир авлод тақдирини ўзгартиришга қодир жиддий қадам сифатида қабул қилинади.

Полиция ходимлари ҳам бу ҳақиқатан ҳам самарали эканига амин. Улар жорий йилда қайд этилган жиноятлар 14 фоизга камайгани ҳақида хабар беришган.

Вилоятда спиртли ичимликлардан воз кечган қишлоқлар 13 тага етгани борасида аввал хабар берилган эди. Теngrinews’га кўра, ғарбий Қозоғистондаги 33 қишлоқда спиртли ичимликларга тақиқ жорий қилинган. 

Тожикистон ўқитувчиларнинг мавқейини мустаҳкамламоқчи

Парламент куни кеча “Ўқитувчилар мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. У юқори палата томонидан тасдиқланиб, президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Тожик маҳаллий нашри – Asia Plus Tajikistan’нинг ёзишича, парламент қуйи палатаси депутатлари “Педагог шаъни ва қадр-қимматини, касбий фаолияти ҳалоллигини ҳимоя қилувчи, педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва касбий кафолатларини тартибга солувчи қонунни қабул қилди.

Эндиликда бу қонун парламентнинг юқори палатаси томонидан тасдиқланиши ва Тожикистон президенти томонидан имзоланиши керак, шундан сўнг у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. У эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ўтгач кучга киради.

Жорий йил июл ойи охирида Тожикистон ҳукумати “Ўқитувчилар мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаб, мамлакат парламентига кўриб чиқиш учун тақдим этган эди.

Маълум бўлишича, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг шахсан илтимосига мувофиқ 1 йил аввал бу қонунни ишлаб чиқиш бошланган. Билимлар кунидаги нутқида президент таълим тизими муаммоларига тўхталиб, тожик жамиятида ўқитувчиларнинг обрў-эътибори ва мавқейи пасайиб бораётганидан хавотир билдирди ва тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни буюрди.

Қонун ўқитувчилар шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва уларнинг мактабларда тозалаш, пул йиғишда иштирок этишини тақиқлайди. Шунингдек, у ўқитувчиларни ҳақорат ва босимдан ҳимоя қилади. Бундан ташқари, қонун ўқитувчиларга кафолатлар, жумладан, ер участкалари ва уй-жойларни биринчи навбатда беришни таъминлаши кутилмоқда.

Парламент мажлисида “Ҳарбий бурч ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги, “2025 йилги Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, қабул қилинган. Бироқ ушбу тузатишлар тафсилотлари ошкор этилмади.

Покистон ва Афғонистон тўқнашди, Кобулга ҳаводан ҳужум бўлди

Покистон ва Афғонистоннинг чоршанба кунги ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги жанглари оқибатида 10 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ кишилар жароҳат олди. Собиқ иттифоқчиларнинг бу келишмовчилиги “Толибон” муваққат ҳукуматининг ташқи ишлар вазири ишини бажарувчиси Муттақийнинг Ҳиндистон сафари кунларида баттар аланга олди.

Айниқса, Кобулдагилар Покистондан Афғонистон билан ўйнашмасликни сўрагач, Исломободнинг жаҳли чиқиб, ҳужумлар кескинлашди.

“Толибон” эса Покистонни Афғонистон ҳақида нотўғри маълумот тарқатишда, чегарадаги тарангликни қўзғатишда ва мамлакат барқарорлиги, суверенитетига путур етказиш мақсадида ИШИДга алоқадор жангариларга бошпана беришда айблади. Покистон томони бу айбловларни бутунлай рад этади.

Чоршанба кунги кескинлашувдан кейин икки томон 48 соатлик сулҳ эълон қилган, Покистон ташқи ишлар вазирлиги буни Кобул илтимос қилганини билдирди. Бироқ “Толибон” ҳукумати сўзловчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид буни Покистон сўраганини билдирган. Чоршанба куни эрталаб Покистон Афғонистон билан чегарадош Қандаҳор вилоятига ҳаво ҳужуми уюштирди.

Покистон хавфсизлик расмийлари ҳаво ҳужуми чоғида афғон “Толибон” қўшинлари бригадаси нишонга олинганини маълум қилди. 

Афғонистон Мудофаа вазирлиги эса шаҳардаги турар жойларга зарар етганини эълон қилди. Покистон Кобулда навбатдаги ҳаво ҳужумини амалга оширди, деди расмийлар.

Кобулдаги тез ёрдам бўлимлари ҳаводан ҳужумдан кейин 40 дан ортиқ ярадорлар олиб келингани, 10 дан ортиқ киши вафот этганини маълум қилган. “Биз ярадорлар билан тўлдирилган тез ёрдам машиналарини қабул қила бошладик ва шифохонамиздан бир неча километр узоқда портлашлар содир бўлганини билдик”, дейди тез ёрдам бўлимидагилар.

Ҳар бир томон бир-бирини ҳужум уюштиришда айблади.

Икки қўшни давлат сўнгги ҳафтадаги жанглардан буён ўз чегараларидаги бир нечта ўтиш пунктларини ёпиб қўйди, бу эса савдони сусайтириб, юк ортилган кўплаб транспорт воситалари ҳаракатини чеклади.

Покистон денгизга чиқа олмаган, қашшоқ Афғонистон учун озиқ-овқат ва бошқа товарларнинг асосий манбаи ҳисобланади.

Ўтган ҳафтадаги тўқнашувлар халқаро хавотирга сабаб бўлди, Хитой ўз фуқаролари ва сармояларини ҳимоя қилишга чақирди, Россия вазминликка чақирди, АҚШ президенти Доналд Трамп эса можарони тугатишга ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

Reuters’нинг ҳам ёзишича, охирги тўқнашувлар Афғонистон “Толибон” ҳаракати ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақийнинг Покистоннинг азалий рақиби Ҳиндистонга биринчи ташрифи билан бир вақтга тўғри келди ва бу сафар Ню Деҳли Кобулдаги элчихонасини қайта очишини, Афғонистон “Толибон” ҳаракати эса ўз дипломатларини Ҳиндистонга юборишини маълум қилганди.

Туркманистонда қурғоқчилик кучайиши мумкин

Бу ҳақида Meteorological Journal хабар берди.

Масалан, шу йилнинг тўртинчи чорагида ёғингарчилик миқдори меъёрдан 60 фоиз кам бўлиши мумкин. Бу дегани давлатда қурғоқчилик кучайиб бормоқда. Лекин прогнозлар Марказий Осиё давлатлари, жанубий Қозоғистон, Эрон ва Афғонистонга ҳам тегишли.

2024 йил ноябр ойидан бошлаб Туркманистоннинг Ахал вилоятининг айрим ҳудудларида маҳаллий қурғоқчилик зонаси шакллана бошлади. 2025 йилнинг биринчи чорагига келиб, пойтахт Ашхободда ҳам ўта қурғоқчилик даражасига етди. Баҳорда қурғоқчилик зонаси қўшни ҳудудларга кенгайиб, Балкан ва Дашогуз вилаятларининг қўшни туманларида ҳам кузатилди.

Ашхободда жорий йилнинг 9 ойида йиллик ёғингарчиликнинг атиги 27 фоизи тўғри келган. Бу йил тарихдаги энг қуруқ йиллардан бири бўлмоқда. Лекин бир мартагина кучли ёмғир ёғса, ушбу сценарий бекор бўлиши ҳам мумкин.

Туркманистон ҳаётидан яна бир янгилик шуки – Аваза энергетиклар электр ишлаб чиқариш бўйича давлат режасини ошиғи билан бажарди. Асосий давлат канали – Олтин асрнинг хабар беришича, шу йил бошидан буён Туркманистоннинг “Аваза” давлат станциясида 870 миллион 506 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.

Бу кўрсаткичлар эса режалаштирилган ишлаб чиқаришдан 20 506 000 киловатт-соатга ошиқ, дея кўрсатди телеканал. Бундан ташқари, ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 110 фоизга етгани айтилади.

“Аваза”даги электр станцияси турли даражадаги кўплаб меҳмонхоналар, санаторийлар, мажмуа ва иншоотлар, кўнгилочар ва соғломлаштириш марказлари, ижтимоий-маданий иншоотларни узлуксиз энергия билан таъминлайди.

Бундан ташқари, корхона нафақат Балкан вилоятининг, балки бутун мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамиятга эга.

Мавзуга оид