Қозоғистон президентининг собиқ маслаҳатчиси муштлашиб, ҳалок бўлди. Энди итнинг ҳам машинаси бор, Туркманистонда президент итга машина совға қилди. Қирғизистон 2,5 йил ичида электр импортини бутунлай тўхтатмоқчи. Покистон армияси «Толибон» раҳбари ўринбосарини ўлдирди. Қирғизистонда 3 та ОАВ экстремистик деб топилди. Финландия президенти Қозоғистондан Ўзбекистонга йўловчи самолётида келиб, кенг муҳокама уйғотди. Тожикистонда ўқувчисини урган ўқитувчи масаласи халқаро даражада муҳокама қилинмоқда.

Собиқ президент маслаҳатчиси ҳалок бўлди

Қозоғистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Ержан Бабакумаров Остонада таниши билан муштлашув вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда полицияга таяниб маҳаллий нашрлар, жумладан, Orda.kz хабар берди.

Маълум қилинишича, 56 ёшли Бабакумаров ўзининг 36 ёшли эркак таниши билан жанжаллашиб қолган.

Низо муштлашувга айланиб кетган. Оқибатда 56 ёшли президент собиқ маслаҳатчиси яшаб қолиши учун мос келмайдиган тан жароҳатлари олган ва ҳалок бўлган. Қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатилди”, дейилади полиция хабарида.

Таъкидланишича, гумонланувчи қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Бабакумаров 1969 йил 2 мартда Талдиқўрғон, ҳозирги Олмаота вилояти таркибига кирувчи ҳудудда туғилган. 1991 йилда Ал-Форобий номидаги Қозоғистон давлат университетини сиёсий тарих ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У давлат тузилмаларида 1996 йилдан бери ишлаб келаётган эди. Дастлаб Олмаота маъмуриятида, кейин биринчи президент Нурсултон Назарбоев маъмуриятида, мамлакат Маданият вазирлигида, бош вазир девонида фаолият юритган. Тўқаев 2019 йил март ойида президент бўлганида, Бабакумаров апрел ойида унинг маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган, бироқ июл ойида лавозимини тарк этган эди.

Шундан сўнг 2022 йил февралигача Олмаота ҳокими ўринбосари бўлган, яъни ўша йилнинг январ ойида шаҳарни қамраб олган тартибсизликлардан сўнг бу лавозимидан ҳам кетган. Orda.kzʼнинг қайд этишича, шундан сўнг у омма эътиборидан узоқлашган. Бабакумаровнинг хотини, бир ўғли ва бир қизи бор.

Қирғизистонда учта ОАВ фаолияти тақиқланди