Қозоғистонда одамларни уларнинг рухсатисиз расм ва видеога олиш тақиқланмоқда. Қирғизистонда мактаб ўқитувчилари фаррошлардан ҳам кам маош олаётганидан норози бўлди. Туркманистон армиясида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган йигитлар армиядаги ош-овқатнинг сифатсизлигидан нолиди. Тожикистонда 25 йиллик жиноят очилмоқда, 2000 йил курсдошини отиб ташлаган жиноятчи қўлга олинди. Охирги 1 ойда «Толибон» муваққат ҳукуматидан иккинчи вазир Ҳиндистонга борди, Покистон эса чегарада операция ўтказди. 

Қозоғистонда одамларни рухсатсиз расмга олиш тақиқланади 

Энди Қозоғистонда ҳам кўча-кўйда хоҳлаган одамини расм ва видеога олганлар жазога тортилиши мумкин. Чунки Республика буни қонунчилик билан чекламоқчи. Биласиз, кўплаб ривожланган давлатларда одамларни уларнинг рухсатисиз расм ва видеоларга олиш мумкин эмас. Бизнинг кўчаларда эса буни ҳеч ким тақиқламайди. Қўшни давлат Қозоғистон ҳам бу амалиётни жорий қилмоқда. Маданият вазирлиги қозоқ медиасига тушунтираркан, буни тақиқ деб эмас, балки шахс дахлсизлиги билан боғлади. 

Сенатда Қозоғистон Маданият вазири Аида Балаева билан кўришган журналистлар ундан нега айнан бу норма жорий қилинаётганини сўрашди. Чунки янгилик ОАВ қонунига ўзгартириш киритиш билан амалга оширилади. Бунга жавоб берган вазир Балаевага кўра, жараён якунланмаган, лекин ортга қайтилмайди. Унинг айтишича, бу чекловга турли блогер ва кўчада пранкчилар сабаб бўлган. Яъни қўпол ҳазиллар қилиб, бундай видеоларни бемалол тармоққа жойлайдиганлар ортидан норозилик кўпайган. 

"Биз ҳеч нарсани тақиқламоқчи эмасмиз. Биз одамларни деярли ҳамма жойда рухсатсиз суратга олиш амалиётини чекламоқчимиз. Албатта, амалдорлар, давлат хизматчилари ўз вазифаларини бажараётганлар бор - биз бунга аллақачон кўникиб қолганмиз. Лекин ҳазил-мутойиба ҳам бор, айрим шахсларнинг рухсатисиз олиб бориладиган алоҳида суратга олишлар бор. Шунинг учун, табиийки, регламентни кўриб чиқамиз. Унда чегаралар аниқ белгиланади, тушунишимиз учун - кимни суратга олиш мумкин, кимни ва қандай қилиб суратга олиш мумкин эмас, шулар аниқ кўрсатилади, дейди вазир Аида Балаева. 

Расмлар ва видеоларни одамларнинг розилигисиз эълон қилиш тақиқланади.

Мақсад фақат кадрга олиш бўлса, одамларнинг рухсати билан олаверишса бўлади. Чунки охирги пайтда Қозоғистон фуқаролари ўзларининг расмлари рухсатсиз ҳамма ёқда эълон қилинаётганидан норози бўлиб, шикоят қилиш ҳоллари кўпайган, дея қўшимча қилади ҳукумат аъзоси. У давлат амалдорлари ҳар ерда расмга олишларига кўниккани, лекин оддий аҳолининг бунга тоқати йўқлигини ҳам айтган.