Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Собиқ президентнинг қамоқдаги ўғли, қуриб кетган сув омборлари ва Қозоғистонда яна референдум – МО ҳафта ичида
Қирғизистонда собиқ президентнинг ўғли ҳибсга олинди. Туркманистонда иккита сув омбори бутунлай қуриб кетди. Афғонистондан Тожикистон чегарасига қуролли ҳужум уюштирилди, 3 қурбон ичида Хитой фуқароси ҳам бор. Қозоғистонда парламент бир палатали бўлиши аниқлашмоқда, президент конституцияга ўзгартириш киритиш учун референдум ўтказмоқчи. Бу унинг муддатини ҳам ноллаштиради.
Собиқ президентнинг ўғли ҳибсга олинди
Қирғизистонда бир нечта сиёсий арбоблар ва улар қаторида собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Қодирбек Атамбоев ҳафта бошида қўлга олинди.
Гап шундаки, 30 ноябр куни қўшни давлатда парламент сайловлари ўтказилади. Мана шу сиёсий жараён аввалидан оммавий тинчликка салбий таъсир ўтказиши мумкин бўлган потенциал хавф саналувчилар ушланмоқда. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси давлат қўриқлаш хизмати собиқ раҳбари Дамир Мусакеев, социал-демократлар сиёсий партияси етакчиси Темирлан Султонбеков, Қирғизистон парламентининг собиқ депутатлари Шайлобек Атазов ва Кубаничбек Қодиров ҳам ҳибсга олинганлар қаторида.
Республика ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, қўлга олинган айнан шу беш нафар шахс парламент сайловлари якунлари эълон қилингач, “оммавий норозилик кайфияти бор деган тасаввур яратиш мақсадида митинглар бошлашни” режалаштирган. Хусусан, улар “конституцияга зид талаблар”ни илгари суриш ва “маъмурий бинолар, телеканаллар, куч тузилмалари объектлари, қурол-яроғ ҳамда жазони ижро этиш муассасаларини эгаллаб олишга уриниш”ни кўзлаган. Яъни бундай олиб қараганда ҳибсга олинганлар яна халқни кўтаришни режа қилган дейилмоқда.
Масалан, ИИВ матбуот хизматига кўра, тинтувлар чоғида қурол-яроғ, ўқ-дорилар, гранаталар, алоқа воситалари, молиялаштириш ҳужжатлари, ҳаракат режалари, гиёҳванд моддалар, шунингдек, 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари топилиб, сўнг мусодара қилинган.
Ушланганларга мамлакат Жиноят кодексининг “оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёргарлик кўриш” моддаси бўйича айблов эълон қилинди. Жами қўлга олинганлар сони 10 киши. Уларнинг барчаси суд қарори билан 2026 йил 17 январга қадар тергов изоляторида қоладиган бўлмоқда, хусусан собиқ президентнинг ўғли ҳам.
Ҳибсга олинган барча шахсларнинг иш материалларида 36-модда — “жиноятга тайёргарлик кўриш” ва 41-модда — “жиноят иштирокчиларининг турлари” қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламентига сайловлар муддатидан олдин ўтказилмоқда. Чунки режага мувофиқ бу сиёсий жараён 2026 йилга мўлжалланган эди. Бироқ шу йилнинг 25 сентябр куни депутатлар ўз ваколатларини ихтиёрий равишда топширгани сабаб сайлов олдинга белгиланди.
Собиқ президентнинг ўғлига келсак, у мамлакатда кучли сиёсий фигура эмас, Қодирбекни ҳамма Алмазбек Атамбоевнинг ўғли сифатида танийди холос.
Туркманистонда иккита сув омбори қуриди
Туркманистоннинг Болқон вилоятида Мамметкўл ва Делили сув омборлари бутунлай қуриб қолди. Умуман қўшни давлатда ҳам қурғоқчилик ҳар йилгидан-да жиддийроқ давом этмоқда. «Метеожурнал»нинг ёзишича, 2024-2025 йилларнинг совуқ мавсумида ёғингарчилик камлиги туфайли юзага келган узоқ муддатли қурғоқчилик ва Этрек дарёсидан сув келишининг тўхташи сабаб икки сув омборлари тўлиқ қуриб қолган.
Мамметкўл сув омбори 1964 йилда ишга туширилган бўлиб, унинг умумий сиғими 20,5 миллион куб метр, фойдали ҳажми эса 17,9 миллион куб метрни ташкил этади. Делили эса 1970 йилда фойдаланишга топширилган, унинг умумий ва фойдали ҳажми 5,32 миллион куб метрга тенг.
Этрек метеостанцияси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг фақат феврал ва март ойларида ёғингарчилик меъёрида бўлган, қолган ойларда уларнинг миқдори меъёрдан сезиларли даражада паст бўлган. Июн-август ойларида ёмғир ёғмади, куз ҳам қуруқ келди.
2025 йилнинг биринчи ярмида ёғингарчилик камайиши туфайли Амударё ҳавзасига кирмайдиган сув ҳавзалари ва дарёларда гидрологик қурғоқчилик кучайди. Бу эса Мурғоб ва Тажан сув омборларида сув ҳажмининг кескин камайишига олиб келди.
Туркманистон қурғоқчилик масаласини қўшнилари билан муҳокама қилмоқда. Баъзи ОАВ давлат қуриб бормоқда, деган сарлавҳали материалларини эълон қилди.
Афғонистондан Тожикистон чегарасига ҳужум қилинди
Афғонистондан Тожикистон чегарасига қуролли ҳужум уюштирилди. Расмий Душанбега кўра, ушбу ҳужум оқибатида 3 киши ҳалок бўлган.
Маълум бўлишича, 26 ноябрга ўтар кечаси Афғонистон ҳудудидан “Шоҳин СМ” МЧЖ ходимларига қуролли ҳужум уюштирилди. Ҳодиса Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шоҳин туманида жойлашган “Йўл” чегара отряди масъул ҳудудида содир бўлган.
Ўқотар қурол ва гранаталар билан жиҳозланган дрон ёрдамида амалга оширилган ҳужумда корхонанинг уч нафар ходими, жумладан, Хитой фуқаролари ҳалок бўлган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда жойлашган жиноий гуруҳлар чегараолди ҳудудларда вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатларни давом эттираётганини маълум қилди. Тожикистон томони чуқур ташвиш билдирган ҳолда жиноий гуруҳлар ҳаракатини кескин қоралади. Шунингдек, Афғонистоннинг амалдаги расмийларини қўшни давлат чегарасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришга чақирди.
Маълумот ўрнида, “Толибон”нинг Бадахшон вилояти губернатори Исмоил Ғазнавий бошчилигидаги делегация Тожикистонга борган. Уларнинг сафари айнан хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкиллаштирилди. “Толибон” губернатори Тожикистон Миллий хавфсизлик хизмати бош штаби раҳбари ва бошқа расмийлар билан учрашув ўтказган, дейилади матбуотдаги хабарларда.
Эслатиб ўтамиз, бу ҳужум КХШТнинг Қирғизистондаги саммити кунлари арафасида рўй бермоқда. Қозоғистоннинг собиқ бош вазири ва ушбу ташкилотнинг ҳозирги бош котиби Имангали Ташмагамбетов Афғонистондан Марказий Осиёга терроризм реал хавф эканини гапирган эди.
Қозоғистонда яна референдум ўтказилади
Қозоғистонда президент 2027 йилда умумхалқ референдум ўтказилишини айтди. Тўқаев Остона шаҳридаги мулоқотда қатнашиб, нутқ сўзлар экан давлатда бир палатали парламент бўлиши, бунинг учун эса конституцияга ўзгартириш киритиш кераклигини маълум қилди.
Tengrinews нашрининг ёзишича, президент қонун чиқарувчи орган, яъни парламентга малакали, чинакам тажрибалиларни йиғмоқчи. Парламент профессионал бўлиши керак, у бир палатали қилинади. Халқ 1 йиллик муҳокамадан ўтса, 2027 йилга умумхалқ референдум белгиланади. Демак, одамлар моҳиятан янги конституция учун овоз бериши сўралади.
"Мақсадимиз – профессионал парламент яратиш. Янги қўмиталар тузиш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Мен рақамлаштириш ва минтақавий ривожланиш қўмиталари алоҳида тузилма сифатида фаолият юритиши керак деб ўйлайман. Бу масалаларнинг барчаси махсус ишчи гуруҳ томонидан чуқур ўрганилади. Яна кўплаб ислоҳотлар таклифлари бор, улар атрофлича ўрганилиб, кейин эълон қилинади. Қозоғистон президентининг ҳам бу мавзуда бир қатор муҳим таклифлари бор”.
Тўқаев шунингдек, президент томонидан депутатлик учун кўрсатиладиган номзодлар методини бутунлай йўқ қилмоқчи. Сайлов битта бўлиши керак ва ўшанда ҳаммаси аниқланмоғи лозим.
“Шунинг учун референдумда халқ моҳиятан янги конституция учун овоз беради, десак хато бўлмайди. Ана шундай мураккаб ва ҳал қилувчи даврда мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз “Қонун ва қонунчилик” концепциясини ҳаётга татбиқ этишга қаратилиши керак. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз касбий маҳоратини намойиш этиб, иғвогарлик ва “соя” сиёсий фаолият билан шуғулланишга уринишларнинг олдини олиши керак”.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 8 сентябр куни президент яқин келажакда Қозоғистонда бир палатали парламент яратиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилган эди. У икки палатали парламент ўлароқ кўплаб депутатлар бўлишини рад этмоқда.
“Ушбу ислоҳот фуқаролик жамиятида, экспертлар ва албатта, ҳозирги парламентда ҳам ҳар томонлама муҳокама қилинадиган мавзу бўлиши керак. Ўйлайманки, ислоҳотнинг фавқулодда хусусиятини инобатга олган ҳолда муҳокама камида бир йил давом этади, шундан сўнг 2027 йилда умумхалқ референдуми ўтказилиши, кейин эса конституцияга зарур ўзгартиришлар киритилиши мумкин”.
Масаланинг яна бир нозик томони борки, агарда конституцияга ўзгартириш киритиш учун референдум ўтказиладиган бўлса, президентнинг муддати ҳам ноллашади. Охирги марта сайлов 2022 йилда ўтказилган экан, кейингиси 2029 йилда бўлади. Тўқаев конституцияга ўзгартириш киритиб, президентлик муддатини 7 йилга бир марталик қилиб қўйди. Аввал Қозоғистонда 5 йилга икки марта президент бўлиш имкони бор эди. Баъзи ОАВлар парламент бир палатали бўлиши таклифи ортидан конституцион ўзгаришлар Тўқаевга яна бир имкон бериши мумкинлиги ҳақида ҳам ёзмоқда. Лекин интервюларидан бирида у 2029 йилда лавозимини топшириши аниқ эканини билдирганди.
Мавзуга оид
13:06 / 23.11.2025
25 йиллик жиноят, расмга олишга тақиқ ва Ҳиндистонга қатнаётган «Толибон» вазирлари – Марказий Осиё ҳафта ичида
12:30 / 09.11.2025
Минтақа лидерлари Оқ уйда йиғилди – Марказий Осиё ҳафта ичида
14:50 / 02.11.2025
Тақиқланган уч ОАВ, ўлдирилган собиқ маслаҳатчи ва туркман итига машина – Марказий Осиё ҳафта ичида
13:00 / 19.10.2025