Жаҳон | 09:40 / 10.07.2018
6076
2 дақиқада ўқилади

Хитой турли мамлакатларга 20 млрд доллар кредит ажратади

Фото: AFP

Хитой ҳукумати иқтисодиётни тиклашга муҳтож бўлган араб ва бошқа давлатларда савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун 20 млрд АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади. ХХР раиси Си Цзиньпин шундай баёнот берди, деб хабар қилмоқда ТАСС.

"Хитой 20 млрд доллар кредит линиясини ажратиб, "Соҳавий тараққиёт ҳисобига иқтисодий ўсишга туртки бериш учун махсус объектлар дастури"ни ишлаб чиқди. Биз ушбу йўналиш бўйича ёрдамга муҳтож давлатлар билан ҳамкорлик қиламиз", - деган Си Цзиньпин Пекинда бўлиб ўтган VIII Хитой-араб ҳамкорлиги форуми очилиш маросимида. 

Унинг сўзларига кўра, Пекин маъмурияти араб мамлакатлари билан икки томонлама тенг тижорий фойда ва бандликни таъминлаш асосида алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдордир. Бундан ташқари, Хитой яқин орада Фаластинга 15 млн доллар ажратишини билдирди. 

Хитой ҳукумати, шунингдек, гуманитар лойиҳалар ва иқтисодиётни тиклаш дастурлари учун Иордания, Яман, Ливан ва Сурияга 600 млн юань (90 млн доллар) миқдорида маблағ ажратади. 

Шу билан бирга, расмий Пекин Яқин шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари билан 1 млрд юанлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш истагида. Қолаверса, Хитой томони нефть-газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш соҳаларида ҳамараб давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. 

Си Цзиньпиннинг айтишича, Хитой ва араб давлатларининг истиқболли ҳамкорлиги орасида атом энергетикаси, муқобил, экологик тоза энергия манбаларини ривожлантириш кабилар ҳам бор. 

10 июль куни Хитой-араб ҳамкорлигининг 8-форуми Пекинда ўз ишини бошлади. Унда 21 араб давлати вакиллари ҳамда Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абу ал Ғайт иштирок этмоқда.

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид