Ўзбекистон | 21:43 / 21.11.2024
17620
7 дақиқада ўқилади

Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда

Интернетда Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлар подъездларида турган велосипедлар ва коляскаларни ИИБ ходимлари йиғиштириб олиб кетгани ҳақида видео тарқалди. Kun.uz'га изоҳ берган Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати буни “қаровсиз қолган буюмларнинг хавфсизлигини таъминлаш” амалиёти деб атади.

Интернетда тарқалган видеодан кадрлар

20 ноябр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор туманида кўп қаватли уйлар подъездларида турган велосипедлар ва коляскаларни ППХ ходимлари йиғиштириб олиб кетгани айтилган видео тарқалди.

“Мана, Лутфий маҳалласи фуқаролари, ҳамма кварталдан “ППС” ходимлари... Қайси подъезд, қайси квартирадан олганлигигача бирка қилиб ёзиб қўйяпти. Подъездга иложи борича велик, коляска қўйманглар. Ҳамма ўзига тегишли буюмларни уйига олиб кириб қўйсин. Агар мободо подъездга қўйганларинг бўлса, эртага сарсон-саргардон бўлиб, 3-сонли ИИБдан тилхат билан олиб кетасизлар”, – дейди видео муаллифи бўлган номаълум эркак.

Видео ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокама ва эътирозларни келтириб чиқарди.

Тармоқларда ёзилишича, ИИБ ходимлари фуқароларнинг кўп қаватли уйлар подъездларида қолдирилган велосипед ва коляскаларини олиб кетиб, уларнинг эгаларига: “Агар, мабодо, ўғирлатиб қўйсам, ўзим сабабчи бўламан”, деб ариза ёздиришган.

“Кимда-ким ўзига тегишли мулк ҳақида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига юқоридаги каби мазмунда ариза/тилхат ёзиб берса ва мулкини ўғирлатиб ё йўқотиб қўйса, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ўша мулкни қидирмасликка ҳақли бўладими?

Ғалати эмасми? Фуқаролар ва уларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлай олмай, уларга “нарсамни йўқотсам, ўзим сабабчи бўламан” деб ариза ёздирадиган ҳуқуқ-тартибот органларининг нима кераги бор?” – дея савол қўйган журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

У ушбу амалиётдан жабрланган яна икки кишининг ҳикояларини эълон қилди. Уларнинг бирида ППХ ходимлари фуқаронинг коляскасини олиб кетиб, эҳсон қилиб юборган, натижада фуқаро бошқа коляска сотиб олишга мажбур бўлган. Бошқа бир ҳолатда эса етказиб бериш хизматида ишлайдиган йигитнинг велосипедини олиб кетган участка нозири эгаси излаб келганида уни сўккан, велосипедини уйининг ичига олиб кириб қўйишни талаб қилган.

“Ўзи каталакдай жойда 8 талаба яшаймиз. Велосипедни квартирага олиб киришга уй эгаси ҳам рухсат бермаган. Хуллас, велосипедимни олиб келдим. Кеча яна олиб кетибди. Баллони тешик эди, қулфланган ҳолатда эди. Мен энди уни қандай қилиб олиб келаман? Буларга нисбатан бирор чора йўқми?” – дейди мурожаатчи.

Мурожаатчиларга кўра, ҳозирги олиб кетилаётган коляска ёки велосипедларнинг эгаси бундан бехабар қолади. Ички ишлар ходимлари ҳам, маҳалла раиси ҳам бу ҳақда хабар бермайди. Мулкини ИИБ ходими олиб кетганини билганлар бориб олади, билмаса “эҳсон” бўлади.

Янгиҳаёт туманидаги кўп қаватли уйлардан бири эшигига бир неча кун олдин ёпиштириб кетилган мурожаат. / Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбири Шуҳрат Шокиржоновнинг маълум қилишича, у ушбу мавзуда Telegram-каналида пост қолдиргач, ИИБ ходимларидан бири постнинг изоҳлар қисмида қуйидагича тушунтириш ёзган:

“Битта маҳаллада энг камида 30 та ёки 40 та кўп қаватли уй бор, уларда 4 тадан кириш йўлакчаси бўлса, жами 120 та ёки 160 та шунақа йўлакчалар бор. Бир профилактика инспектори ўша йўлакчаларни ҳар куни кечаси билан қўриқласинми ёки кимнингдир оиласида бўлаётган ва оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган жанжалларга борсинми?

Ҳа, майли, бунисини ҳам тажрибамдан келиб чиқиб айтаман: бунақа коляскаларни асосан спиртли ичимликка ружу қўйганлар ўғирлаб, сотиб юборади. Ўша одамни топасиз ҳам дейлик, лекин у кимга сотганлигини билмайди. Мулк эгасига етказилган зарарни қоплашга эса ўша инсонда пул бўлмайди”, – дея ёзган Содиқ Баҳромович исмли Telegram фойдаланувчиси.

Ходим ечим сифатида тросли қулф сотиб олиш ва коляскани зина тагида бирор темир арматурага боғлаб қулфлашни таклиф қилган.

Kun.uz бўлаётган ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига мурожаат қилди.

Пойтахт ИИББга кўра, “қаровсиз қолган ушбу буюмлар ўғриликнинг олдини олиш мақсадида яқин орадаги ИИБга (маҳалла идорасига) олиб борилмоқда – айнан қаровсиз қолдирилганлар, қўриқланадиган ҳудуддаги ёки кузатув камералари остидаги ёки эшиклари қулфланадиган подъезддагилар эмас”.

Маълум қилинишича, улар эгаси келганида қайтариб берилади ва эгаларига ҳеч қандай жарима солинмайди.

“Тўғри, айримлар бу арзимас нарсалар деб фикрлайди, лекин бу буюмлар – фуқароларнинг пулига сотиб олинган мулк. Уларнинг ўғирланиши ҳам жиноят ҳисобланади. Тўғри, айрим фуқаролар коляскаси ёки велосипеди ўғирлангани ҳақида ариза ёзмаслиги мумкин, лекин ИИОга ариза билан мурожаат қилаётган фуқаролар ҳам бор. Жиноятчилар ушланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилади, лекин жабрланувчиларнинг ортиқча оворагарчилиги олдини олиш имкони ҳам бор. Яъни кўчаларда қаровсиз қолдирилган ушбу буюмлар ўғирланиб кетилганидан кўра, яқин орадаги ИИОда сақлангани маъқул бўлса керак уларга”, – дейилади пойтахт ИИББ Kun.uz'га берган изоҳда.

Шунингдек, ИИББ “айрим ИИБ (ГОМ) томонидан амалга оширилаётган ишлар, қаровсиз қолган буюмлар хавфсизлигини таъминлаш ноқонуний ҳаракат эмас”лигини таъкидлади.

“Тасаввур қилинг, кўчангизда кимнингдир коляскаси турибди, қаровсиз. Олдидан шунча одам ўтиб кетяпти, лекин ҳеч ким аҳамият бермайди. Жиноятчилар ҳам шундай фикрлайди ва ҳеч ким аҳамият бермайди, деб ўғирлаб кетади шу коляскани. Шунақа ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ИИО ходимлари уларнинг эгаси кимлигини билмаганлиги сабабли (алоҳида белги ёки ёзувлари, рақамлари бўлмайди уларда) яқин орадаги ИИБга олиб борган. Лекин эгаси кимлиги маълум ҳолатларда эгасига топширилади”.

Тармоқларда велосипедлар билан боғлиқ видеолар тарқалишидан олдинроқ, Олий суд матбуот котиби 23 ёшли велосипед ўғрисига ўқилган ҳукм ҳақида маълумот берганди.

Унга кўра, муқаддам ўғриликда айбланиб судланган 23 ёшли Алексей Х. шу йил 27 майдан 3 июнгача Тошкентдаги турли ҳудудлардан нақ 8 та велосипед ўғирлаган. Уларнинг умумий қиймати 19 млн сўмни ташкил қилади. У ўғирлаган велосипедларни номаълум шахсларга сотиб, пулни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Суд велосипедлар “овчи”сини 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.

Мавзуга оид