Жамият | 17:50 / 27.08.2021
13534
2 дақиқада ўқилади

Банк карталаридан пуллар ўғирланиши давом этмоқда. Kun.uz хайрия акцияларини вақтинча тўхтатади

Kun.uz банк карталаридаги пулларнинг хавфсизлиги бўйича қўшимча чоралар кўрилмагунга қадар, хайрия акциялари юзасидан мурожаатлар қабул қилинмаслигини маълум қилади.

Kun.uz сайти кўплаб беморлар мурожаати асосида хайрия акциялари ташкил этиб келади. Мурожаат қилувчи инсонлар асосан хаста болаларнинг ота-оналари ёки касаллик сабаб оғир вазиятга тушиб қолган, ўта эҳтиёжманд инсонлардир.

Афсуски, моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож, даволаниши учун сўнгги умиди мана шу хайриядан бўлган бу фуқароларнинг пластик карталарига тушган пулларни айрим виждон-у инсофни унутган кимсалар алдов йўли билан ечиб олишяпти.

Ҳар сафар хайрия акцияси эълон қилинишидан олдин беморларга пластик карталарига оид кодлар ёки бошқа маълумотларни ҳар қандай вазиятда ҳам ҳеч кимга ошкор қилмаслик ҳақида қайта-қайта ва яна қайта тушунтирилади.

Афсуски, шунга қарамай, беморлар ёки уларнинг яқинлари фирибгарлар алдовига ишониб қолишмоқда.

Шу тариқа, кимнингдир жигарбанди тузалиши, қайсидир боланинг етим қолмаслиги учун эҳсон қилинаётган пуллар нафсига қул кимсалар томонидан ўғирланмоқда.

Бундай жирканч ва қабиҳ ҳаракатларни қилаётганлар хаста фарзанд кўзларидаги илтижони, ота-она юрагидаги изтиробни тушунармикан?

Бундай ҳолатлар кўпайиб бораётгани сабабли Kun.uz хайрия акцияларини ўтказишни вақтинча тўхтатиб туради.

Марказий банк ва банк карталарининг хавфсизлигини таъминлашга масъул тижорат банклари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан мукаммал ҳимоя тизими ишлаб чиқилмагунча хайрия акциялари юзасидан мурожаатлар қабул қилинмайди.

Ўйлаймизки, тез орада масъул ташкилотлар томонидан бундай фирибгарликларнинг олдини олиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилиб, пластик карталардаги пуллар хавфсизлиги кафолатланади.

Мавзуга оид