Ўзбекистон | 19:57 / 30.01.2026
13919
12 дақиқада ўқилади

Ҳажга навбат энди онлайн бўлади, 50 “ёшдан” ошган машиналар тарихга киради — 1 февралдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим нормаларни эслатиб ўтади.

Зиёратчилар онлайн рўйхатдан ўтади

Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш тизимини рақамлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистонда “Ҳаж ва Умра ягона портали” (www.haj-umra.gov.uz) ишга туширилди. Қайд этилишича, эндиликда муқаддас зиёратга бориш истагида бўлган фуқаролар учун ушбу портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгиланмоқда.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб Ҳаж тадбирига, 2026 йил 1 майдан бошлаб Умра тадбирига бориш учун порталда рўйхатдан ўтиш шарт. Зиёратчилар ҳақидаги маълумотлар порталга киритилмасдан туриб сафарларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Китобхонлик тарғиботида янги дастур

2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Китоб – маърифат манбаи” дастури амалга оширилади. Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 15 январдаги тегишли қарорида келтириб ўтилган.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб “Китоб — маърифат манбаи” дастури амалга оширилади. Давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади. Шунингдек, транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали “Mutolaa” платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.

Бундан ташқари, қарор билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасаларида “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари ташкил этиш кўзда тутилган. Унга кўра, “Жадидлар изидан” китобхонлик клуби аъзолари ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказилади, мактабларда “Жадидлар изидан” клуби аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиб борилади. Ҳар чоракда туман (шаҳар) кесимида энг фаол “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари аъзолари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан рағбатлантирилади.

Профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади

2025 йил 24 декабрда давлат раҳбарининг “2026 — 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Бунда:

  • профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;
  • зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;
  • профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;
  • профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади.

Дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Жинсий зўравонликдан жабрланганлиги туфайли оиласидан олинган болалар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларига ҳам бошқалардан алоҳида жойлаштирилиши мумкин.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлиги 2026 йил 1 февралдан бошлаб режа-график асосида зўравонликдан жабрланган болалар билан процессуал ҳаракатлар давомида ишлашга масъул бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судялар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизими ходимлари, шунингдек, адвокатларнинг суриштирув, дастлабки тергов ва суд процессида болалар билан ишлашнинг махсус усулларига оид касбий тайёргарлиги ва малакасини ошириш учун миллий ва хорижий эксперт ҳамда мутахассисларни жалб этган ҳолда қисқа муддатли курсларда ўқитилишини ташкил этади.

Кекса” машиналарга тақиқ

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида рақамлаштириш жараёнлари кенгайтирилади. Қатор янги тартиблар жорий этилиб, айрим талаблар бекор қилинади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарорида келтириб ўтилди.

Қарорга кўра, Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизимидаги Ma'muriy amaliyot модули масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади.

2026 йил 1 февралдан бошлаб:

  • умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, кон, шахта ва карерларда қўлланадиган махсус транспортлар, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, “антиквар” автомототранспортлар учун алоҳида серияли давлат рақам белгилари жорий этилади;
  • ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади, бундай транспортлар давлат рўйхатидан чиқарилади.

Шу билан бирга, автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади. Автомототранспортни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатлар ваколатли органлардан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олинади:

  • автомототранспорт олди-сотди шартномаси;
  • “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ томонидан берилган аукцион баённомалари;
  • давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган транспортларга оид электрон ҳисоб-маълумотлар;
  • автомототранспорт мулкдори ҳақидаги маълумотлар.

Давлат таъминотидаги оила”лар учун ёрдам

2026 йил 1 февралдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр юритилади. Бунда Ижтимоий реестр “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради.

Ижтимоий реестрда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, “давлат таъминотидаги оила”, “камбағал оила” ва “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифаларига ажратилади.

2026 йил 1 февралдан бошлаб “Давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган оилалар учун қуйидагиларни ўз ичига олган ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади:

  • ушбу оилалар хонадонига қуввати 7 — 10 кВтлик қуёш панелларини ўрнатиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади;
  • ушбу оилаларга Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида тижорат банклари орқали 4 йилгача муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача миқдорда қуйидаги мақсад ва шартларда кредит ажратилади:
  • кредит оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш, шу жумладан, чорва моллари, парранда, қуён, балиқ ва асалари уяси, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва бошқа асосий воситаларни сотиб олиш ёки иссиқхона қуриш учун ажратилади;
  • кредит бир йиллик имтиёзли давр билан «давлат таъминотидаги оила» тоифасидаги оила аъзосининг ижтимоий картасига ўтказилади;
  • кредит фоиз ставкаси Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги фоиз ставкасида ҳисобланади ва фоиз тўловлари Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб борилади.

Оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш, тоифаларини белгилаш ва ундан чиқаришга доир низоларни тезкорликда ҳал этиш мақсадида 2026 йил 1 февралдан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида апелляция кенгаши ташкил этилади. Апелляция кенгаши ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил амалга оширади. Апелляция кенгаши оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш бўйича далолатнома ва хулосаларни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш ёхуд уларга ўзгартириш киритиш бўйича “маҳалла еттилиги”га мажбурият юклаш ҳақида қарорлар қабул қилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 февралдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида, 2026 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахсларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган товарлар (хизматлар)ни белгиланган миқдор доирасида харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини бир иш кунида қайтариш йўлга қўйилади. Бунда ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш талаб этилмайди.

Бошқа ўзгаришлар

2026 йил 1 февралдан бошлаб:

  • жисмоний шахсларга идентификацияловчи ID карталар биринчи маротаба расмийлаштирилганда унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификатини бепул бериш ҳамда фуқарони «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимида автоматик тарзда бепул рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилади;
  • буюртмачилар ва ишлаб чиқарувчиларга тегишлилиги бўйича қурилиш объекти ва ишлаб чиқариш корхоналарида хавфлилиги аниқланган, ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган тартибда муомаладан чиқаришга мажбурий кўрсатма берилган қурилиш материалларини қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар ёки чиқинди полигонларига шартнома доирасида юбориш мажбурияти юкланади;
  • «Очиқ бюджет» ахборот порталида овоз берувчилар портретини ўз ичига олган маълумотлар базаси шакллантирилади;
  • Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилади ҳамда ушбу мақсад учун субсидия ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда ҳарбий хизмат билан боғлиқ харажатлар Мудофаа вазирлигининг «Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари» махсус ҳисобварағидан амалга оширилади ҳамда ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади;
  • чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин;
  • Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига интеграция қилинади. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига жойлаштириб борилади ҳамда уларнинг электрон реестрини юритиш йўлга қўйилади;
  • «А» ва «B» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади;
  • «Ёшлар дафтари» жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар бўйича аризаларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ёшлар ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади;
  • ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш амалиёти жорий этилади.
Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид