Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент администрациясидаги ўзгаришлар ва Термизда ҳарбий машғулотлар — маҳаллий дайжест
Ўзбекистон Президент администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тугатилди. Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари бошланди. Термизда Россия ҳарбийлари билан биргаликдаги ўқув машғулоти бошланмоқда. Тошкентда ёшларни заҳарлаётган дорифуруш қўлга олинди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Ўзбекистон Президент администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди
«Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Президент администрацияси ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди.
Фармонга асосан, эндиликда Президент администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди. Булар: таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.
Бундан ташқари, президентнинг стратегик ривожланиш, ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича, шунингдек, коммуникация департаментлари ташкил этилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тугатилди
Президент фармонига мувофиқ, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолияти тугатилиб, унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилмоқда.
Давлат идораларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги оширилмоқда. Матбуот котиблари институти янада мустаҳкамланади, аҳоли билан коммуникация қилиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилмоқда.
Шунингдек, фармон билан вазирлик ва идораларнинг қарор қабул қилишдаги мустақиллиги оширилади. Бу билан боғлиқ бюрократик жараёнлар қисқаради, улар проактив фаолият юритиши учун имкониятлар кенгайтирилади.
Ҳукумат қарорлари, идоравий ҳужжатлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари билан тартибга солинадиган масалалар рўйхати белгиланади.
Эндиликда идоралар ўзларига тегишли соҳани мустақил тартибга солиш ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қила олади.
Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари бошланди
Бугун, 14 июлдан 2025/2026 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларига старт берилди.
Эрта тонг соат 06:30 дан 08:00 га қадар абитуриентлар белгиланган биноларга келиб, махсус текширувлардан ўтди ва имтиҳон хоналарига жойлашди. 08:00 дан белгиланган фанлар бўйича тестларни ечиш бошланди. Саволлар абитуриентлар кўз олдида махсус штампланган қоғоздан очиб тарқатилди.
Айни вақтда республика бўйлаб 65 та ёпиқ турдаги катта сиғимли бинода имтиҳон бўлиб ўтмоқда. Жараёнлар махсус камералар ҳамда назоратчилар орқали кузатиб бориляпти.
Маълумот ўрнида, бу йил 671 мингдан зиёд абитуриент тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган. Шундан 63,6 фоизини жорий йил битирувчилари ташкил этади. Тест синовлари 23 июлга қадар 10 кун мобайнида ўтказилади.
Термизда Россия ҳарбийлари билан биргаликдаги ўқув машғулоти бошланмоқда
Россия Мудофаа вазирлигининг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси аскарлари «Термиз» полигонига етиб келди. Бу ерда Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари бир ҳафта давомида «Ҳамкорлик-2025» ўқув машғулотида қатнашади.
«Ҳарбий ва махсус техникадан иборат колонналарда ҳаракатланган бўлинмалар «Термиз» полигонига йўл олди. Шахсий таркиб БТР-82А зирҳли транспортёрлари, УРАЛ юк машиналари ҳамда КАМАЗ базасидаги махсус техникаларда ҳаракатланиб, тоғли ҳудудлардаги кўтарилишлар, пасайишлар ва тор серпантин йўлларни енгиб ўтишди», дейилади Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарда.
Маълум қилинишича, Россия ва Ўзбекистон ҳарбийлари ўртасидаги «Ҳамкорлик-2025» тактик машғулоти 15-21 июл кунлари Сурхондарёдаги «Термиз» полигонида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Кun.uzʼга бундай машғулот ўтказилишини тасдиқлади. Шу билан бирга, ўқув машғулоти тафсилотлари ҳақидаги расмий тадбир бошланганда берилишини маълум қилди.
2030 йилгача асфалт қилинмаган ички йўл қолмайди — транспорт вазири
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ҳукумат соатида 2030 йилгача маҳаллалардаги барча асфалтланмаган ички йўллар тартибга келтирилишини маълум қилди.
Ҳукумат соатида Халқ демократик партияси аъзоси Анвархон Темиров вазирдан маҳаллалар ва аҳоли пунктларидаги йўлларнинг ҳолати ҳақида сўради. Куз-қиш мавсумида фуқаролардан йўлларнинг қониқарсиз аҳволи юзасидан мурожаатлар кўпайиб бораётгани айтилди.
«Маҳалла, қишлоқ ички йўлларида 2030 йилгача асфалт қилинмаган йўл қолмайди. Бу бўйича аниқ дастур бор. Яъни бугунги кунда биз лой, тупроқ йўллари 70 фоизининг айримларини шағалга, айримини асфалтга ўтказдик», деб жавоб берди Илҳом Маҳкамов.
Вазирнинг таъкидлашича, қолган 30 фоизи, умуман, тупроқ йўллар икки йилда шағалга ўтказилади ва 2030 йилгача бундай йўлли аҳоли пункти қолмайди.
Тошкентда ёшларни заҳарлаётган дорифуруш қўлга олинди
Кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда божхона идоралари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида истиқомат қилувчи шахснинг Янгиҳаёт туманидаги ижарадаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 16 минг 249 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
У муқаддам Telegram мессенжери орқали савдо қилувчи шахс томонидан Сергели тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу дори воситаларини олиб, келгусида мижозларга сотганидан сўнг, наркосавдогарга 16 минг АҚШ доллари бериши керак бўлган.
«Зардекс» дори воситалари таркибида «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси мавжуд бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, «Прегабалин» моддаси кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига киради.
Ҳозирда дорифуруш фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракати олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
22:38 / 12.01.2026
Молхонада сақланган аёл иши бўйича ҳукм ва Мўйноқда янги газ кони – маҳаллий дайжест
23:02 / 07.01.2026
Бемор қорнидаги 200 грамм мих ва «Nestle» бўтқасидаги хавфли токсин – маҳаллий дайжест
21:43 / 06.01.2026
“Светсиз” қолган аэропорт ва ишдан олинган “инсофсиз” директор — маҳаллий дайжест
21:09 / 05.01.2026