Ўзбекистон | 21:09 / 05.01.2026
18972
4 дақиқада ўқилади

Бойсунда нефт сизиб чиқиши ва маҳалла эҳтиёжлари учун 24 триллион сўм – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бойсундаги конда нефт сизиб чиқди

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидан нефт сизиб чиқди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қора тусдаги суюқликнинг сув ҳавзаларига тарқалаётгани кўринади.

Энергетика вазирлиги кондан нефт чиқаётганини тасдиқлади ва атроф-муҳитга тарқалишининг олдини олиш мақсадида кон ҳудуди атрофида ҳамда яқиндаги сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилганини маълум қилди.

Таъкидланишича, нефт суюқлиги оқиб чиқиши жиловланган, унинг намунаси бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Унинг натижаларига асосан қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади, геологик тадқиқотлар эса давом этмоқда. Каналга оққан нефт суюқликларини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Маҳаллаларда муаммоларни ҳал этиш учун маблағлар камида 3 баравар оширилади

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудудларда кундалик муаммоларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги «таянч кўприк» сифатида мустаҳкамлаш режалаштирилган.

Хусусан, аҳоли ташаббуси билан инфратузилмани яхшилаш учун маблағларни 24 триллион сўмга етказиш (камида 3 баравар кўпайтириш), маҳалла бюджетини аҳоли овози асосида лойиҳаларга йўналтириш, маҳаллаларда 100 дан ортиқ давлат хизматини «бир қадам»да кўрсатиш ҳамда жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни 100 фоиз рақамлаштириш, ҳар бир маҳаллада «электрон хизмат нуқталарини» ишга тушириш вазифаси белгиланган.

50 га яқин функция ва ваколат маҳаллий ижро органларига ўтказилади

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида маҳаллий кенгашлар самарадорлигига оид қонунчиликни такомиллаштириш, вакиллик органлари ишини 100 фоиз рақамлаштириш, ҳокимлик ҳужжатларини E-qaror орқали тўлиқ электрон қабул қилиш, бир қатор ваколатларни ҳудудларга ўтказиш ҳамда «бюрократиянинг нол» тамойилини жорий этиш белгиланган.

Жумладан, лойиҳада маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини тўлиқ 100 фоиз рақамлаштириш вазифаси белгиланган. Мақсад — қарорлар қабул қилиш, муҳокамалар, назорат-таҳлил жараёнларини шаффоф ва тезкор қилиш, аҳоли учун очиқ ахборот муҳитини кенгайтириш.

Лойиҳада маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органлари фаолиятини ҳам трансформация қилиш устувор йўналиш сифатида қайд этилган. Хусусан, ҳудудий бошқарувни «аҳоли манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида йўлга қўйиш белгиланмоқда.

Атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳар йили 1,5 фоизга камайтирилади

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, унинг табиий таркибини сақлаб қолишга қаратилган қатор чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Хусусан, атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни ҳар йили 1,5 фоизга камайтириш, йирик тоифадаги корхоналарда технологияларни тўлиқ модернизация қилиш ва оқова сувларни тозалаш инфратузилмасини 100 фоиз янгилаш режалаштирилган.

Шунингдек, атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи 686 та хўжалик юритувчи субъектлардаги ифлослантирувчи технологияларни 100 фоиз модернизация қилиш режаси белгиланган. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларида экологик талабларни кучайтириш, қўлланаётган технологияларни замонавийлаштириш орқали чиқиндиларни камайтиришга қаратилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид