Ўзбекистон | 21:43 / 06.01.2026
11605
4 дақиқада ўқилади

“Светсиз” қолган аэропорт ва ишдан олинган “инсофсиз” директор — маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фарғонада ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликда туришга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди

​​​​​​​Kun.uz суриштирувидан сўнг Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Бувайда туманидаги 37-умумтаълим мактаби директори Ҳасанбой Нишоновни ишдан бўшатди. У педагогик жамоага лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклагани – амалдаги тартибларга зид равишда навбатчилик қилишни талаб этгани аниқланган. Тизим раҳбарлари келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирилган.

Kun.uz аввалроқ Ҳасанбой Нишонов буйруғи билан педагоглар 25 декабрдан 6 январга қадар тун-у кун навбатчиликка жалб қилингани ҳақида ёзганди. Ўқитувчилар 5 кунлик расман дам олиш кунларида ҳам икки сменада мактабда қолишга мажбурланган.

Тошкент метрополитени линияларининг график схемаси янгиланди

Тошкент метрополитени линияларининг график схемаси янгиланди ва долзарб ҳолатга келтирилди. Маълум қилинишича, янгиланишлар доирасида бир қатор вақт кўрсаткичлари қайта ҳисобланган ҳамда йўловчилар учун қўшимча маълумотлар схемага киритилган.

Хусусан, Юнусобод йўли ва Ҳалқа ерусти йўлида биринчи ва охирги бекатлар орасидаги ўртача йўл вақти янгиланган. Шунингдек, ушбу йўналишларда бекатлар оралиғида поездлар ҳаракатининг ўртача вақти ҳам қайта кўриб чиқилиб, дақиқалар ва сониялар кесимида аниқлаштирилган.

Бундан ташқари, метро бекатлари яқинида жойлашган қўшимча шаҳар атрофи автостанциялари схемага қўшилган. Шу билан бирга, метро бекатларидан етиб бориш мумкин бўлган қўшимча диққатга сазовор жойлар — боғлар, бозорлар ва спорт иншоотлари ҳақидаги маълумотлар ҳам тўлдирилган.

Кичик автомобиллар учун бож миқдорлари ошди

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда двигател ҳажми 1200 см кубгача бўлган (кам литражли) автомобиллар учун импорт божи ставкалари кўтарилди – 2,5 йил аввал киритилган пасайтирилган ставкаларнинг амал қилиш муддати якунига етди.

Пасайтирилган ставкалар 2023 йил 17 июлдан кучга кирган ва 2026 йил 1 январга қадар ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган янги енгил автотранспорт воситаларини олиб киришда божхона божлари камайтирилган эди.

Имтиёз муддати узайтирилмади ва 2026 йил 1 январдан қуйидагича ставкалар амал қила бошлади: двигател ҳажми 1000 см кубгача – 15 фоиз ва ҳар бир см куб учун 0,4 АҚШ доллари; 1200 см кубгача – 15 фоиз ва ҳар бир см куб учун 0,6 АҚШ доллари.

Давлат фуқаролик хизматида лавозимлар 100 фоиз танлов орқали тўлдирилади

Давлат фуқаролик хизматини меритократия, ҳалоллик ва профессионаллик тамойиллари асосида ташкил этиш йўналишида бир қатор вазифалар белгиланмоқда.

Жумладан, давлат фуқаролик хизматининг бошқарув ва мутахассис кадрлар тоифасидаги лавозимларини эгаллаш тўлиқ малака даражасига асосланган карера модели бўйича танлов орқали амалга оширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Edu.argos.uz масофавий таълим платформаси орқали давлат фуқаролик хизматчиларининг онлайн малака ошириш қамровини 100 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, «Давлат хизматчиси» мобил иловасидан фойдаланаётган давлат фуқаролик хизматчилари улушини ҳам умумий сонидан 100 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Тошкент аэропорти электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилди

6 январ куни соат 2:28 да Қўйлиқ подстанциясидаги кичик носозлик туфайли Тошкент аэропортида қисман электр узилиши содир бўлди. Бу ҳолат самолётларнинг учиши ва қўнишига таъсир қилмаган, аэропортдаги барча хизматлар одатдаги режимда фаолият олиб борган.

Жўнаш ва келиш заллари захира дизел генераторлар ҳамда UPS (узлуксиз қувват манбаи) ёрдамида электр энергияси билан таъминланган. Соат 2:49 да электр таъминоти тўлиқ тикланган.

Ўз навбатида, «Миллий электр тармоқлари» АЖ бу маълумотни инкор этган ҳолда, носозлик Қўйлиқ подстанциясида эмас, балки аэропорт тасарруфидаги электр қурилмасида юз берганини маълум қилди.

 

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид